» » Зоминдан илҳом олганлар

Зоминдан илҳом олганлар

24 март 2023 г 509 Комментарии: 0

Навоий кон-металлургия комбинатида ишчи-ходимлар ижод намуналарини тўплам шаклида нашр этиш, нодир асарларни таржима қилиш ва чоп этиш яхши анъанага айланган.

Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда шеърлар ва мақолалардан иборат “Зомин илҳомлари” тўплами нашр этилгани бунга яққол мисолдир. Бу тўплам 2020 йилда чоп этилган “Кенгликлар сурури” тўпламининг мантиқий давоми бўлди. Мазкур хайрли иш юртимиз адабий жамоатчилиги томонидан юксак баҳоланган эди.  

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Зомин туманида “НКМК” санаторийси барпо этилиши мана шундай хайрли ишларни амалга оширишга катта туртки берди. Айни пайтда бу масканда кончилар билан бир қаторда ёзувчи ва шоирларимиз ҳам дам олаётгани, ижод аҳлининг комбинат ишчи-ходимлари билан ижодий мулоқотлари, турли маданий тадбирлар, шеърият кечалари уларга ҳақиқий ижод манбаи бўлиб ҳам хизмат қиляпти. Мазкур тўплам ҳам қизғин мушоираларда билдирилган таклифлар асосида тайёрланди.

“Зомин илҳомлари” тўпламидан халқимизнинг севимли шоирлари Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо, Саъдулла Ҳаким, Ғайрат Мажид, Фармон Тошев, Исажон Султон, Хосият Рустамовалар билан бир қаторда 60 нафарга яқин Тошкент шаҳри ва вилоятларда ижод қилаётган таниқли ёзувчи-шоирлар, 50 нафардан ортиқ “НКМК” АЖ, “Навоийуран” давлат корхонаси ва “НКМК жамғармаси” давлат муассасасида меҳнат қилаётган турли касб эгалари, 30 нафардан зиёд вилоят ижодкорлари, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ўқитувчи-талабаларининг энг сара ижод намуналари жой олган.  

Қувонарли жиҳати, тўпламга киритилган шеър ва мақолаларнинг аксарияти ижодкорларимиз томонидан бетакрор табиат қўйнида дам олиш даврида яратилган.

— Болалигимдан ижодга қизиқаман. Бўш вақтларимда қоғоз қоралаб, шеърлар ёзиб тураман. Комбинат томонидан нашрга тайёрланаётган китобга ўз ижод намуналаримни тақдим этдим. Шеърларим маъқул бўлиб, тўпламга киритилганини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Шеърларим илк бора тўплам шаклда чиқди. Бу, албатта, менга қувонч ва илҳом бағишлади, – дейди “Довғистов” кони БелАЗ ҳайдовчиси Ботир Нуриллаев.  

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, комбинат нафақат юқоридаги хайрли ишларни амалга ошириш, балки машҳур адибларнинг ноёб асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, нашр этишда ҳам фаоллик кўрсатяпти. “Зомин илҳомлари” тўплами билан бир вақтда нашр этилган Георгий Агриколанинг “Кончилик иши ва металлургия ҳақида ўн икки китоб” асари фикримиз исботидир. Бундай китоблар чоп этилиши, ҳеч шубҳасиз, китоб жавонини нодир ва сара асарлар билан бойитишга, комбинат ишчи-ходимларини ишдан бўш вақтларда ижод қилишга, ранг-баранг мавзуларда янги намуналар яратишга, ижодкорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.  

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!