Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Аҳолини уй-жой билан таъминлаш кўлами янада кенгаяди
06 апрель 2023 г 486 Комментарии: 0
Сўнгги олти йилда мамлакатимиз аҳолиси 5 миллион 500 минг нафарга ўсиб, 36 миллиондан ошди. Уларга муносиб турмуш шароитлари яратиш мақсадида турар жойлар қурилмоқда.
Хусусан, 2017 йилдан бошлаб, 326 мингта янги уйлар фойдаланишга топширилган. Бу даврда уй-жой билан таъминлаш аҳоли жон бошига 18 фоизга ошган.
Бунинг учун сўнгги уч йилда банклар 210 минг оилага 33 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратган. Эҳтиёжманд 73 минг оилага бошланғич бадал ва фоиз тўловлари учун 1,3 триллион сўм субсидия берилган.
Соҳага бозор тамойиллари жорий қилингани натижасида юзлаб хусусий буюртмачи компаниялар шаклланди. Йиғма темир-бетонли кўп қаватли уйлар қурувчи 11 та йирик кластер пайдо бўлди. Тадбиркорларга шароит яратилгани туфайли цемент, газоблок, кафель, керамогранит ишлаб чиқариш кўпайиб, уларнинг нархи анча арзонлашди.
Бу ишлар изчил давом эттирилиб, ўтган йили 60 минг хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилди. 31 та ҳудудда “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш дастури бошланди.
Йиғилишда, аввало, ушбу дастур ижроси танқидий муҳокама қилинди. Андижон ва Хоразмда ер тўғри танлангани, инфратузилма яратилгани натижасида қурилиш жадал кетаётгани, лекин қолган вилоятларда бу ишлар кечикаётгани кўрсатиб ўтилди. Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона ва Тошкент вилояти ҳокимларининг қурилиш бўйича ўринбосарларига нисбатан интизомий чора кўрилди. Мутасаддиларга инфратузилма, қурилиш ва сотув билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга оид топшириқлар берилди.
Умуман, жорий йилда уй-жой қуриш ҳажмини 1,5 баравар ошириб, 90 мингга етказиш режалаштирилган. Давлатимиз раҳбари бу ишлар ҳар бир вилоят иқтисодий кўрсаткичлари ўсишига катта туртки беришини таъкидлади. Шу боис аҳоли ва қурувчилар учун 4 та йўналишда янги енгиллик ва имкониятлар белгиланди.
Биринчидан, кўпроқ аҳолини қамраб олиш мақсадида расмий даромади етарли бўлмаган аҳолига ҳам ипотека кредити олиш имкони яратилади. Уларнинг тўлов қобилиятини аниқлашда банк картасидаги айланма, ижара, коммунал ва бошқа харажатларга тўланган пуллари ҳам ҳисобга олинади.
Дастлабки бадални кўпроқ тўлаган фуқаролар банкдан арзонроқ кредит олиш имкониятига эга бўлади. Субсидияга ажратилган маблағларни тезроқ ишлатиш учун субсидия хабарномасининг амал қилиш муддати 12 ойдан 4 ойга туширилади. Шу билан бирга, бу ойлар давомида сертификатидан фойдаланмаган фуқароларга субсидия олиш учун яна қайта мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ипотека кредити учун маблағ ҳамда субсидия ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлашга қаратилган яна бир лойиҳа – “Менинг биринчи уйим” дастури. Бунинг учун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида махсус уй-жой компанияси ташкил этилади. Тошкент вилояти Зангиота туманидан 36 гектар ер ажратилиб, 58 та кўп қаватли уй, ижтимоий муассасалар, кўнгилочар масканлар қурилади. Бунда тадбиркорларга савдо ва тижорат майдонларини бозор нархида сотиш орқали уй-жойлар нархини арзонлаштиришга эришилади.
Мутасаддиларга ушбу шаҳарчанинг мастер режасини якунлаб, эксперт ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш вазифаси қўйилди.
Иккинчидан, қурилиш таннархини пасайтириш учун ёғоч, фанера, ёғочли опалубка ва ойнани импорт қилишда 2025 йилга қадар божхона божи бекор қилинади. Юқори маркали цемент бўйича божхона божи имтиёзи яна 1 йилга узайтирилади. Бунинг ҳисобига уй-жой қуриш таннархи 5 фоизгача пасаяди.
Пудратчи ташкилотларга қурилаётган уйни қаватма-қават гаровга қўйиш ва ҳар бир қавати учун кредит олиш ҳуқуқи ҳамда қурувчи компанияларга ҳар бир кўп қаватли уй учун компенсация ва кафиллик берилади.
Банклар берадиган кредитларни давлат томонидан қайта молиялаш амалиёти давом эттирилади.
Учинчидан, уй-жойларнинг ўз вақтида фойдаланишга топширилиши ва харидоргирлигида коммуникация асосий масала. Шу боис Иқтисодиёт ва молия вазирлигига инфратузилма учун зарур маблағ ажратиш, вилоят ҳокимларига янги массивларда ички йўлларни қуриш бўйича кўрсатмалар берилди.
Эски уйлар кўп бўлган шаҳарларда реновация дастурига талаб ортаяпти. Давлатимиз раҳбари бунинг ҳуқуқий пойдевори бўлиши кераклигини таъкидлаб, “Реновация тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф этди.
Яна бир масала – бугунги кунда кўп жойлардаги қурилишлар уларнинг инфратузилмаси қувватига мутаносиб эмас. Мисол учун, Тошкент шаҳрининг аҳолиси ҳар йили 100 мингга кўпаймоқда, йилига қўшимча 20 минг хонадонга эҳтиёж бор. Шаҳар оқова сув тозалаш иншоотлари қувватидан анча ортиқ юклама билан ишлаяпти.
Шунинг учун энди сув, оқова, электр, газ, йўл инфратузилмасини яхшилашга инвестор-девелоперлар ҳам жалб қилиниши мумкинлиги айтилди.
Тўртинчидан, бу йил 90 мингта уй-жой режаси қурилиш материаллари корхоналари учун катта бозор. Лекин темир-бетон ишлаб чиқарувчи 3 мингга яқин корхонанинг ярмида лаборатория йўқлиги қайд этилди.
Президентимиз бу маҳсулотлар уйлар сифатига таъсир қилувчи асосий омил эканини таъкидлаб, барча шундай корхоналарда замонавий лабораториялар ташкил қилиш талабини қўйди.
Сўнгги ойларда дунёда ҳам, минтақамизда ҳам сейсмик фаоллик кузатилаяпти. Шу боис 1 майдан бошлаб, қурилиш мўлжалланган майдонда муҳандислик-геологик экспертиза ўтказиш мажбурий бўлиши, сейсмик хавфсизлик талаблари юқори бўлган бино-иншоотлар фақат рейтинги баланд корхоналар томонидан қурилиши белгиланди.
Давлатимиз раҳбари шаҳарларнинг дренаж тизимида юзага келаётган муаммоларга ҳам тўхталиб, буни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
– Ипотека – ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий жиҳатдан муҳим масала. Шунинг учун қурилиш ишларини жадаллаштириб, халқимизга уйларни сифатли қилиб топшириш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимлар ахборот берди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!