» » Орзулар ушалди: Ҳар куннинг ўз тонги бор (+видео)

Орзулар ушалди: Ҳар куннинг ўз тонги бор (+видео)

20 июнь 2020 г 1 649 Комментарии: 0

Жиззахлик Дилфуза Юсупова бошидан не қийинчиликлар ўтмади. Ҳаммасига бардош берди, сабр қилди.
...Эри тўрт фарзанди билан кўчага ҳайдади. Туғишганларига “оғир юк” бўлишни истамаган опа болалари билан кўп йиллар ижара уйларда яшаб юрди, тинимсиз меҳнат қилди. Улғайиб келаётган тўрт фарзандни едириб-ичириш, таълим-тарбия беришнинг ўзи бўладими, ахир. 
Дилфуза опанинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасига йўллаган биринчи мурожаатиёқ тегишли ташкилотлар томонидан эътиборга олиниб, янги уй ажратилди.
– Инсон дунёга келиб, бир олам орзулар билан улғаяди. Айниқса, қиз боланинг орзулари самоларни тутар экан, – дейди эндиликда Жиззах шаҳар “Зилол” МФЙдаги ўз уйида яшаётган Д.Юсупова. – Афсуски, тақдир ҳар доим ҳам истакларимизга хайрихоҳ бўлмас экан. 11 йил бировларнинг уйида яшадик. Ҳар қанча уринмай, 4 фарзандим билан тортган “кўч-кўч”ларнинг заҳрини тушунтириб беролмайман. Оллоҳ ноламни эшитди, давлатимиз қўллаб-қувватлади – мен ва менга ўхшаган турмуш аравасини ёлғиз тортаётган аёллар уйли-жойли бўлди.
Қурилиш вазирлиги берган маълумотга кўра, мамлакатимизда 2017-2019 йилларда 17 мингга яқин уй қурилиб, фойдаланишга топширилган. 2019 йилнинг ўзида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 479 қишлоқ ва овулда, шаҳарлардаги 116 маҳаллада кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Кам таъминланган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож 5 минг оилага, жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ипотека кредити асосида арзон уй-жой сотиб олиш учун 116 миллиард сўмдан зиёд бошланғич бадал тўлаб берилди.
“Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК томонидан 2017-2019 йилларда 1007 кўп қаватли арзон уй-жой бунёд этилди. Мамлакатда янги ипотека тизими жорий этилмоқда. Вилоятлардаги шаҳарлар ва Тошкент шаҳрида 18 мингга яқин ҳамда қишлоқларда 4 мингта уй-жой хусусий сектор томонидан қурилади. Давлат банклар ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш мақсадида маблағларни аукционлар орқали ажратади. Кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида шаҳарларда 16 минг оилага уй-жой олиш учун бошланғич бадал ва кредит фоизини қоплашга бюджетдан субсидия тақдим этилади.
Бугунги кунда уйларнинг нархини тушириш ва сифатини ошириш учун инновацион қурилиш материалларини кенг қўллаш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Лойиҳаларда, замонавий қурилиш материаллари, жумладан газобетон, пеноблок, композит материаллардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Матлуба Далиеванинг кўзи ожиз. Шунга қарамай синглиси ва иккинчи гуруҳ ногирони бўлган вояга етмаган укасини қарамоғига олган. Ўзи эса Жиззах шаҳар 10-умумтаълим мактабида мусиқа маданияти фанидан дарс беради.
– Бахтни ҳар ким турлича тушунади. Мен учун энг бахтли инсон ўз уйи бор кишидир, – дейди Матлуба опа. – Инсон қийинчиликлардан чўчимай, мақсад сари интилса, албатта, ниятига етар экан. Уйсиз сарсон-саргардонликда яшаш қандай азоб эканини ҳамма ҳам тушунавермайди. Бошимга тушган ташвишларни айтсам, ҳеч ким ишонмайди. Шукур, ҳаммаси ортда қолди. Лекин оғир дамларда ҳам тушкунликка тушмадим. Кўчада қолиб кетган кунларимиз ҳам бўлди. Мана, энди бизнинг ҳам ўз бошпанамиз бор.
Биргина Жиззах вилояти мисолида эътибор қаратадиган бўлсак, 2019 йилда оғир турмуш шароитида яшовчи 409 хотин-қизга уй-жой берилган. 110 хотин-қизга Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 1 миллиард 645 миллион 400 минг сўм миқдорида уй-жойнинг 10 фоизи миқдорида бошланғич тўлов амалга оширилган. Бундан ташқари, Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Жиззах шаҳрида 6 та 7 қаватли 236 хонадонли, Шароф Рашидов туманида 11 та 4 қаватли 264 хонадонли уйлар қурилиши давом этмоқда.

                       

– Мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, турмуш шароитини яхшилаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда, – деди Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи, сенатор Назира Мухторова. – Вилоятимизда кейинги йилларда 3 минг 500 га яқин оила уй-жой билан таъминланди. Ногиронлиги бўлган фуқароларга ипотека кредити асосида имтиёзли уй-жойлар ажратилди. Жорий йилда кам таъминланган оилалар учун 154 хонадонли уйлар қурилиши режалаштирилган. Албатта, бу ишлар давомли бўлади.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!