» » Жиззахдаги кўп қаватли уйларнинг лифти нима учун тез-тез ишдан чиқмоқда?

Жиззахдаги кўп қаватли уйларнинг лифти нима учун тез-тез ишдан чиқмоқда?

06 август 2019 г 1 723 Комментарии: 0

Яқинда "Jizzax.uz" ҳамда “Sangzor.uz” сайти Жиззах шаҳридаги “Зилол” МФЙдаги кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар томонидан келиб тушган шикоят бўйича ўрганиш олиб борди.Ўрганиш жараёнида мурожаатчиларнинг фиғони фалакдалиги кўриш мумкин эди. Чунки ушбу кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилганлигига ҳали кўп бўлмаган бўлса-да, турли – туман муаммолар гирдобида қолган. Хонадон вакилларининг асосий муаммоси лифтлар билан боғлиқ. Келинг бошидан бошлаймиз.

Жиззах шаҳридаги Зилол маҳалласи ҳудудида жойлашган 15 та 7 қаватли уйлар фойдаланишга топширилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Бу уйлар эгаларига топширилганида кўпчилик арзон нархдаги кўп қаватли турар жойга эга бўлганидан хурсанд эди. Аҳир ижарама-ижара юриб чарчаган оила учун ўзининг бошпанаси бўлиши бу энг олий даражадаги орзу саналади.

Ушбу кўп қаватли уйлар қисқа фурсатда қад ростлади. Шаҳарнинг шундоққина биқинида жойлашган, яна транспорт қатнови учун қулай, бозорга ҳам яқин жойдан уйинг бўлса бу ҳақиқий омад эмасми? Жами 48 хонадонли мазкур уйларни ҳарид қилганлар яратилган қулайликлардан хурсанд бўлиб яшай бошладилар. Гўёки ҳаммаси ўз ўрнида кетаётгандай эди. Муаммолар ортда қолганига кўпчилик ишона бошлаганди гўё. Афсуски...

Ҳа, афсуски бу уйларнинг ҳам ўзига яраша муаммоси чиқа бошлади. Бошланишида электр таъминотида узилишлар бўлмасди. Чунки, “Жиззах текстил” МЧЖга қарашли трансформаторлардан хонадон эгалари фойдаланишар, тармоқда узилишларни тасаввур қилиш мумкин эмасди. Орадан кўп ҳам ўтмай шаҳар электр тармоқлари корхонаси томонидан янги трасформатор линияси тортилиб, Барча хонадонлар ушбу тармоққа улаб чиқилди. Ҳамма муаммо шундан кейин бошланди.

Биласиз, юқори қаватларга чиқиш учун ёшу-кекса бирдек лифтлардан фойдаланади. Чунки тепага мунтазам равишда пиёда чиқиб-тушиш ҳаммага ҳам осон эмас. Шу вақтда лифтдан юқорига қаватга кўтарилаётганингизда электр таъминотидаги узилиш бўлса, томошанинг қизиғини ундан сўнг кўраверинг.

Кўпчиликда лифтда қамалиб қолишдан қўрқиш фобияси мавжуд. Гўёки ҳаво етишмаётгандай туюлаверади. Камига лифт шахтасига мобиль алоқа сигналлари камдан - кам ҳолларда уланади. Лифтда ярим соатга қамалиб қолган одам шунда қандай чора кўриши мумкин? Ўрнатилган сигнализация овози баланд бўлса яхшику-я, паст бўлиб, аксига уни ҳеч ким эшитмаса нима бўлади? Яна ярим тунда!

Катта ёшли одам вакуум билан ёпилган лифт эшикларини куч билан очиб чиқиши мумкин. Хўш унинг ўрнида ёш болалар бўлса нима қила олади. Масаланинг мана шу томонини ўйлаб кўрдингизми? Ота-она фарзандини лифтдан чиқариб олиши учун ташқи тарафдан лифт эшикларини бузиб очади. Яп-янги лифт таъмирталаб ҳолатга тушади.

- Ушбу масала юзасидан сектор раҳбарлар томонидан ташкил этилган сайёр қабулларда бир неча маротаба мурожаат қилдик, - дейди ушбу уйларда яшовчи фуқаролардан бири. - Ушбу масала бўйича шаҳар ҳокимлиги ва масъулларига тегишли кўрсатмалар берилди. Ҳозирча масала ўз ечимини топгани йўқ.

Бунинг устига 8 кундирки, шаҳар ҳокими Акбар Шукуров келиб фуқаролар билан учрашди. Учрашувдан сўнг лифтлар бутунлай ўчирилди. Аҳоли эса бунинг сабабини била олмаяпти. Норозилик эса кундан-кун авжига чиқиб бормоқда. Аҳир бузуқ бўлса лифтлар ишлаб тургандида. Энди унинг хизматидан ҳеч ким фойдалана олмаяпти.

Мазкур кўп қаватли уйларда электр таъминотидаги узилишлар шундай муаммоларни келтириб чиқараётган экан унинг ечими сифатида фақат лифтлар учун вақтинчалик муддатга ишловчи (движок) муқобил электр таъминотини жорий этиш ёки умуман узилишлар бўлмаслигини таъминлаш керак. Шундагина ушбу уйларнинг мулки ҳисобланган лифтлар ҳам кўп йиллар аҳолига хизмат қилишига эришиш мумкин.

Янги уйлар олдида ўрнатилган болалар майдончасидаги ҳолатлар, канализация тизимининг носозлиги, ичимлик суви насосларининг куйиши каби масалалар ҳам борки, уларнинг ҳар бири алоҳида мавзу. Улар ҳақида эса кейинги мақолаларда таништириб ўтамиз.

Лифтлар билан боғлиқ муаммо тез орада ечимини топишига ишонамиз. Бу мақолага масъулларнинг муносабатини кутамиз.

Ҳакимжон Фозилов 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!