Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Фотовидеорепортаж: Дўстликдаги арзон уй-жойлар муаммоси ечимини топмади
18 апрель 2019 г 3 560 Комментарии: 0
Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани Мевазор массивида яшовчи 32 хонадонли уйлар вакиллари Жиззах телеканалига шикоят аризаси йўллади.
Унда таъкидланишича 2017 йилнинг ноябрь ойида қурилиш ишлари якунланиши белгиланган икки қаватли арзон уйларнинг таъмирлаш ишлари ҳамон пайсалга солинмоқда. Телеканал мухбири Набижон Эргашев ушбу ариза юзасидан Дўстлик туманида бўлиб у ердаги камчиликларни ўрганиб қайтди.
Аризада қайд этилганидек Дўстлик тумани, Мевазор массивида кам таъминланган, уй-жойга мухтож ногиронлиги бўлган фуқароларга ҳамда ёлғиз оналар ва боқувчисини йўқотган аёллар учун 2017 йилнинг февраль ойида қад ростлаган иккита 2 қаватли арзон уй-жойларнинг бугунги ҳолати кўздан кечирилганида ҳақиқатдан ҳам камчиликлардан холи эмаслиги кўзга ташланади. Фуқаро Ўткир Усмонов қатор йиллар ижарада яшашдан чарчаган.
Шу боисдан ушбу уйдаги битта хонадон унга ажратилган заҳоти оиласи билан дарҳол кўчиш ҳаракатига тушди. Ўзи бўладими шунча вақт кимларнингдир қош-қовоғига қараб яшашни. Энди оғзи ошга етди деганда унинг қувончи кўпга чўзилмагани ойдинлашди.
Бугунги кунда қурилиши якунланмаган уйлардаги 32 хўжаликдан 14 тасига Ўткир Усмонов каби фуқаролар кўчиб келиб яшашмоқда. Уларнинг сўзларига қараганда 2 қаватли уйларнинг бирортаси ҳам на табиий газ, ва на ичимлик суви, иситиш тизими, канализация тармоқларига уланмаган. Натижада ошхонадан, ҳожатхона ҳамда ҳаммомдан чиқаётган ифлос сувларнинг бадбўй ҳиди уйга уради. Оқова сувлар усти очиқ ҳандақларга чиқариб қўйилгани боис бу атрофда нафас олишнинг умуман иложи йўқ. Аҳоли кунлар исиши билан турли касалликлар қўзғалишидан ҳавотирда.
Ушбу масала юзасидан “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ инжениринг компанияси Жиззах минтақавий филиалининг бош мутахассиси Отабек Қўлдошевга мурожаат қилинди.
Бош мутахасис Отабек Қўлдошевнинг бу гаплари ҳақиқатдан анча узоқ эканлиги маълум бўлди. Бугун 18 апрель санаси бўлсада ваъда бажарилмай қолди. Аҳоли эса муаммолар ечимини кутиб яна қаерга мурожаат этиш тўғрисида бош қотирмоқда.
Бу борада туман ҳокимлиги мутасаддиларининг жавобини кутамиз.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!