» » Жиззахда “Уч-қулоч” инвестициявий лойиҳасининг амалга оширилишига старт берилди

Жиззахда “Уч-қулоч” инвестициявий лойиҳасининг амалга оширилишига старт берилди

13 апрель 2023 г 762 Комментарии: 0

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев вилоят ҳокимлигида инвестр, Туркиянинг “Esan Eczacibasi” компанияси бош директори Саваш Шахинни қабул қилди ва Фориш туманидаги “Уч-қулоч” полиметалл конини комплекс ўзлаштириш инвестициявий лойиҳаси бўйича суҳбат ўтказди.

Маълумки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи билан танишиш мақсадида жорий йилнинг 10 февраль куни Жиззах вилоятига борган эди. Мазкур ташриф чоғида вилоят фаоллари билан ўтказилган учрашувда мамлакат раҳбари Жиззах вилоятида 2023 йилни “Саноатни ривожлантириш йили” бўлишини таъкидлаб, бу бўйича масъулларга бир қатор вазифаларни амалга ошириш белгилаб берилганди.

Хусусан, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда Уч-қулоч конини тиклаш ва камида 600 иш ўрни яратиш вазифаси қўйилиб, лойиҳага 200 млн доллар ажратилиши кўзда тутилган эди.

Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 12 апрель “Уч-қулоч полиметалл конини комплекс ўзлаштириш” инвестициявий лойиҳасининг амалга оширилишига старт берилди.

Мазкур объектнинг очилиш маросимида Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Салиев, Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Аъзам Қодирхонов, “Олмалиқ КМК” АЖ Бошқарув раиси Абдулла Хурсанов, “Esan Eczacibasi” компанияси бош директори Саваш Шахин иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар бу каби йирик лойиҳалар Ўзбекистоннинг полиметалл рудаларни қазиб олиш ва кончилик салоҳиятидан унумли фойдаланиш, хом-ашё ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариб, экспорт қилиш қувватларини оширишга қаратилганлигини таъкидлади.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳамда Туркиянинг “Esan Eczacibasi” компанияси ўртасида 3 томонлама шартнома тузилган бўлиб, қўшма корхона ташкил этилади. Конда разведка ишларини олиб бориш, рудани қазиб олиш ва қайта ишлаш амалга оширилади.

Кондан йилига очиқ усулда 500 минг тонна полиметалл руда қазиб олинади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида йилига 500 минг тонна рудани қайта ишлашга мўлжалланган замонавий бойитиш фабрикаси қурилади.

Бойитиш фабрикасида йилига 5,4 минг тонна рух концентрати ҳамда 18,4 минг тонна қўрғошин концентрати олинади.

Лойиҳа бўйича мавжуд майдаланган рудалар омбори билан майдалаш-ортиш узели тўлиқ таъмирланади. Ташқи муҳандислик коммуникациялари барпо этилади. Автомобиль ва темирйўлларда реконструкция ишлари олиб борилади.

Энг муҳими, лойиҳа амалга оширилиши натижасида камида 600 иш ўринлари яратилади ҳамда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши таъминланади.

Тадбир давомида Уч-қулоч кони фахрийлари ва ёшлари ҳам кон фаолияти тикланиши ушбу худудга янги нафас олиб киришини ва ёшларга кенг имкониятлар эшиги очилишини айтиб, ўз фикрларини билдирди.

Тадбир “Металлург” маданият саройи ижодий гуруҳлари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.

Маълумот учун: 

Ҳозирги кунда жаҳон бозорида 1 тонна қўрғошиннинг нархи 2 128 доллар, рухнинг тоннаси эса 2 810,50 долларни ташкил этади.

Қўрғошин асосан аккумуляторлар ишлаб чиқаришда ишлатилади. Шунингдек, қўрғошин радиоактив нурларни ютиши сабабли ундан радиоактив моддалар сақланадиган идишлар, рентген хоналари учун қурилмалар тайёрланади. Коррозиядан ва механик таъсирдан ҳимоя қилиш учун ҳам электр кабеллар қўрғошин билан қопланади.

Рух асосидаги қотишмалар автомобиль салонининг ички қисмини безаш учун, эшик тутқичлари, қулфлар, нометалл ва артгич корпусларини ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Шунингдек, рух оксиди автомобиль шиналарига қўшилади, бу эса каучук сифатини яхшилайди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!