» » Тадбиркорлар ҳуқуқларини бузган мансабдорларга қонуний чоралар кўрилмоқда

Тадбиркорлар ҳуқуқларини бузган мансабдорларга қонуний чоралар кўрилмоқда

26 апрель 2023 г 400 Комментарии: 0

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Жиззах вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимлари томонидан жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти солиқ органи ходимларининг хатти-ҳаракатидан норозилик мазмунида бўлиб, уларни кўриб чиқишда тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқлари устуворлиги таъминланмоқда. Жумладан, қатор тадбиркорлик субъектларининг қўшилган қиймат солиғи суммаси асоссиз ҳисобдан чиқарилгани тўғрисидаги мурожаатлари вакил девонида кўриб чиқилиши жараёнида қўпол қонунбузилишларга йўл қўйилгани аниқланди.  

Масалан, Шароф  Рашидов туман ДСИда катта инспектор лавозимида ишлаб келган М. Бекмирзаев тадбиркорлик субъектида ўтказилган текширувда текшириш тартибини бузгани ҳолати юзасидан жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман судининг 2022 йил 27 декабрдаги қарорига асосан МЖтКнинг 2412-моддаси билан ҳуқуқбузар деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида жаримага тортилган бўлса-да, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишнинг ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини такроран бузиш ҳолатларини давом эттирган. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиниши учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.

Шунингдек, вакил девони ходимларининг қонуний аралашуви билан айнан ушбу текшириш бўйича якка тартибдаги тадбиркор У. Нормуродовга нисбатан Шароф Рашидов туман солиқ инспекцияси томонидан Солиқ кодексининг 221-моддаси билан тайинланган 10 миллион сўм молиявий жарима қўллаш ҳақидаги қарори бекор қилинишига эришилди.

Худди шу каби ижобий ҳолат якка тартибдаги тадбиркор М. Набиеванинг мурожаатида ҳам кузатилиб, унинг солиқ органи ходимлари хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб йўллаган мурожаати вакил девони томонидан тегишли тартибда ўрганилди. Ўрганиш давомида аниқландики, Жиззах шаҳар ва Янгиобод туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари А. Ҳошимов, Ф. Эгамбердиев ва Э.Қувондиқовлар томонидан 2023 йил 16 февраль куни тадбиркорга қарашли савдо шохобчасида сайёр солиқ текшируви ўтказилиб, харидорга 60 минг сўмга харид чеки берилмагани ва назорат касса машинасига 89 минг сўм маблағ киритилмагани ҳақида далолатнома тузилган.

Вакил девони ходимларининг Жиззах шаҳар прокуратурасига йўллаган хатига асосан тадбиркорга нисбатан қўлланилган молиявий жарима қўллаш ҳақидаги қарори бекор қилинган.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!