Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ўзбекистон Президенти Чехия Бош вазири билан индустриал-технологик шерикликни ривожлантиришнинг аниқ лойиҳаларини муҳокама қилди
26 апрель 2023 г 320 Комментарии: 0
Ўзбекистон-Чехия муносабатларини янада ривожлантириш ва икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни устувор йўналишларда кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Чехия мамлакатимизнинг Европадаги анъанавий ҳамкоридир. Жорий йилда икки томонлама дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланмоқда.
Кейинги бир неча йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 баробарга, қўшма корхона ва лойиҳалар сони эса 2,5 баробарга кўпайди.
Бугунги кунда қурилиш материаллари, тиббий ускуналарни ишлаб чиқариш, ишбилармонлик инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларидаги алмашинувлар ҳар доимгидек фаол. Мазкур ташриф доирасида Ўзбекистон-Чехия археологик экспедициясининг 20 йиллигига бағишланган кўргазма очилди.
Учрашув чоғида ўз минтақаларида саноат пешқадамлари бўлган мамлакатларимизнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигида мавжуд салоҳиятни самарали ишга солиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Ҳукуматлараро комиссия ишини фаоллаштириш ва унинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш зарурлиги қайд этилди.
Бугун мамлакатларимиз етакчи корхоналари иштирокида бўлиб ўтган ва истиқболли лойиҳалар тақдимот қилинган бизнес-форумнинг самарали якунлари юксак баҳоланди.
Қазиб чиқариш тармоғи, энергетикани модернизация қилиш, энергетик машинасозлик, электротехника, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва чарм саноати, транспорт ва логистика, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, транспорт йўлакларини ривожлантириш ва бошқалар устувор йўналишлар сифатида қайд этилди.
Юртимизда Чехиянинг илғор технологияларини кенг жорий қилишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва биргаликда молиялаштириш воситаларидан фойдаланиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Ҳамкорликнинг ҳар бир йўналиши бўйича ишчи гуруҳлар тузиш ва “йўл харита”ларини ишлаб чиқишга қарор қилинди.
Бундан ташқари, Ишбилармонлар кенгашининг фаолияти қайта йўлга қўйилмоқда, унинг доирасида Ўзбекистон ва Чехия пойтахтлари ва ҳудудларида бизнес-форумларни мунтазам ўтказиб бориш режалаштирилмоқда.
Гуманитар алмашинувни кенгайтириш, шу жумладан Чехиянинг етакчи олий таълим муассасаларида ўзбекистонлик талабаларнинг таҳсил олиши учун квоталарни кўпайтириш ва маданий тадбирлар дастурини қабул қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!