Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда дарахтлар хатловдан ўтказилмоқда
11 июль 2023 г 236 Комментарии: 0
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли яшаш ҳудудларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилиши, қимматбаҳо навли дарахт ва буталар кесилишига мораторий жорий қилинганлиги, дарахт кесганлик ҳолатлари учун жарима ва компенсасиялар миқдорининг оширилиши шулар жумласидандир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 30-декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонида ҳам дарахтларни хатловдан ўтказиш бўйича муҳим топшириқлар берилган. Фармонга кўра республикадаги давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни тўлиқ рақамлаштириш йўли билан хатловдан ўтказиш белгиланган бўлиб, бу борада Жиззах вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Айни кунларда вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан вилоят ҳудудидаги дарахтларни хатловдан ўзказиш ва “Яшил макон” платформасининг “Дарахтлар реестри”га киритиш ишлари олиб борилаётир. Шу кунгача Жиззах вилоятида 7 мингдан ортиқ дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари хатловдан ўтказилди. Дарахтларни хатловга олишнинг кунлик кўрсаткичи бўйича Жиззах шаҳри, Арнасой ва Зомин туманлари пешқадамлик қилмоқда.
Бундан ташқаори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 31-майдаги "Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-171-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилояти Экология бошқармаси томонидан дарахтларнинг илдиз тизимларини бетон ва асфалт билан қоплаш, уларга турли электр чироқ, реклама мосламаларини илиб қўйиш ҳолатларини олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган "Дарахтга нафас беринг" тадбирлари ўтказилмоқда.
Жиззах вилоятида жорий йилнинг 15-июнь санасидан бошланган мазкур тадбирлар доирасида вилоят ҳудудида ўсиб турган 55 та дарахтнинг танасига шикаст етказаётган ҳар хил реклама баннерлар ва турли ёнувчи махсус чироқлар осилганлиги аниқланди. Дарахт танасига осилган баннерлар ва чироқлар олиб ташланди.
"Дарахтга нафас беринг" тадбирлари вилоятнинг Ғаллаорол туманида ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилди. Туман экология давлат инспекторлари томонидан дарахтга шикаст етказиш билан боғлиқ 4 та ҳолат аниқланди ҳамда жойида бартараф этилди. Ҳозирда дарахтларнинг илдиз тизимларини бетон ва асфалт қопламалардан халос этиш, уларга турли электр чироқ, реклама мосламаларини илиб қўйиш ҳолатларини олдини олиш бўйича ишлар давом этмоқда.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!