» » Зомин семинари – ижодий изланишлар майдони

Зомин семинари – ижодий изланишлар майдони

20 июль 2023 г 203 Комментарии: 0

Юртимизнинг ҳар гўшаси гўзал. Лекин Зоминнинг гўзаллиги, табиати ўзгача фусункор, ҳам бетакрордир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев асос солган ёш ижодкорларнинг Зомин республика семинари бежизга табиатнинг мафтункор гўшасида ташкил этилмаган.

Зеро, бу ажиб масканда инсон ва табиат уйғунлиги, унинг бирлиги, табиатнинг инсон руҳияти, маънавиятидаги ўрни ва таъсири, умр мазмуни, адабиётнинг инсоният олдидаги бурчи ҳақида беихтиёр ўйга толасан киши. 

Ёш ижодкорларнинг Зомин республика семинарининг навбатдаги куни ҳам ғоят ишчан ва шу билан бирга расмиятчиликдан холи бўлган самимий, ижодий руҳда ўтди. 

"Мушоира этади давом" тадбирида устоз шоирлар ҳамда ёш ижодкорлар ўз шеърдаридан намуналар ўқиди. Мазкур семинар адабиётга шунчаки шайдо бўлган ёшлар эмас, балки ўз умри мазмунини сўз санъати билан чамбарчас боғлаган ёшларни ўз атрофида бирлаштирганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Негаки, иштирокчилар Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, таниқли шоира ва журналист Зебо Мирзаева, Меҳрибон Абдураҳмонова каби ижодкорларнинг Ватан, борлиқ, миллий ўзликка оид шеърларини жўровозликда, муаллифларнинг ўзлари билан биргаликда ёддан, баралла айтганларига гувоҳ бўлдик. Зоминнинг мусаффо ҳавоси шеъриятнинг гўзал нафасидан янада хушҳаво бўлгани аниқ эди... 

Айни пайтда Ватанимизнинг турли ҳудудларидан келган Ҳимматой Нозимова, Зубайда Эшпўлатова, Муҳаммад Қодир, Шербек Исломов, Санжар Тошбеков сингари ёшларнинг изланиши, шеърларидаги теран фалсафий руҳ, фавқулоддаги рамз ва тимсоллар шеърият мухлисларининг эътиборини тортгани аниқ. 

–Бундай ажойиб семинарда устозлар билан бир сафда ўз шеърларимиздан ўқиб бериш шарафли, ҳам катта масъулият, – деди қорақалпоғистонлик ёш шоир Муҳаметдин Аитжанов. – Зомин семинари, унинг доирасидаги мушоиралар, учрашувлар бизнинг ижодий парвозимиз учун жуда фойдали бўлмоқда. 

Ёш ижодкорларнинг Зомин семинари доирасида шеърият, публицистика, таржимонлик, болалар адабиёти, наср, драматургия, адабий танқидчилик каби йўналишларда шўъбалар йиғилиши бўлиб ўтмоқда. 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!