Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Зомин семинари 25 ёшда
19 июль 2023 г 396 Комментарии: 0
Орадан чорак аср ўтиб, бугун яна Зомин туманидаги бетакрор гўзалликка эга сўлим Ўриклисой дам олиш мажмуасига Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан энг иқтидорли ёш ижодкорлар жам бўлди.
Ушбу илҳомбахш гўшада ёш ижодкорлар ва улар билан юзма юз учрашиб, сабоқ беришга келган устозларни вилоят ва Зомин тумани жамоатчилиги, адабиёт ихлосмандлари катта мамнуният ҳамда самимий меҳмондўстлик билан тантанали кутиб олди.
Ўриклисой дам олиш мажмуасида анъанавий Зомин семинарининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Жиззах вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Акмал Савурбоев, Президент Админстрацияси масъул ходими, ёзувчи, драматург Ғофур Шермуҳаммад, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саид, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, сенатор Маҳмуд Тоир ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча соҳалар сингари адабиётда ҳам ўзининг ёрқин самараларини бераётгани, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да давлатимиз раҳбарининг ёшларга алоҳида эътибор қаратаётгани, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, иқтидор ва қобилиятларини ривожлантириш доимо эътибордалигини таъкидлади.
– Ўзбекистон Швецарияси номини олган, лекин Швецарияданда гўзал ва сўлим Ўриклисойда 25 йил муқаддам бошланган ушбу семинар Янги Ўзбекистон ёшлари билан янгича руҳда ўтказилмоқда. Ишончим комилки, бу галги семинар ҳам яна янги номларни, янги истеъдод эгаларини кашф этади ва бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Ўтган чорак аср давомида Зомин семиинарида кашф этилган ёш иқтидорлар бугун Ўзбекистоннинг машҳур шоир, ёзувчи, драматург ва умуман барча бадиий ижод аҳли бўлиб элимизга танилганини бугун вақтнинг ўзи кўрсатиб турибди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саид. – Бу юрт, бу Ватан иқтидорли ижодкорларга жуда бой. Уларнинг иқтидорини намоён этиши учун эса барча имкониятларни яратиб бераётган Юртбошимиз олдида ҳамиша таъзимдамиз. Самимий меҳмондўстлик кўрсатаётган вилоят, туман ҳокимликларига, Зомин, умуман Жиззах аҳлига чин дилдан ташаккур айтамиз.
Тантанали очилиш маросимидан сўнг, жаннатмакон Ўзбекистонимизнинг турли шаҳар ва қишлоқларидан келган ёш ва иқтидорли шоир, ёзувчи, драматург, болалар адабиёти, бадиий публицистикада ижод қилувчи йигит-қизлар шўъбаларларга бўлиниб, катта тажрибага эга устоз ижодкорлар кўмагида ўз ижодий ишларини янада сайқаллаштириб, билим ва маҳоратини бойитишлари, ютуқ ва камчиликларини ўртоқлашишлари учун ижодий замин яратилди.
– Ушбу ўзига хос 25 йиллик тарихга эга анъанавий республика ёш ижодкорларининг Зомин семнарида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан шоир, ёзувчи, драматург, болалар адабиёти, бадиий публицистикада ижод қилувчи жами 160 га ижодкорлар иштирок этмоқда. Шундан 90 нафари иқтидорли ёшлардир, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова. – Уч кун давом этадиган семинар доирасида республикамизнинг таниқли ижодкорлари иштирокида давра суҳбатлари, мушоиралар, адабий жанрлар бўйича шўъбаларда машғулотлар, маҳорат дарслари, табиат қўйнига саёҳатлар ва бошқа тадбирлар ўтказилади.
Республика ижодкор ёшларининг анжумани машғулотлари сўлим Зомин гўшасида қизғин давом этмоқда.
Тадбирда Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев иштирок этди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!