Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахлик спортчи Ҳусниддин Сатторов Тожикистонлик жаҳон кубоги совриндори Осимбек Мўминбековни таслим этди
27 июль 2023 г 389 Комментарии: 0
Наманган кейинги йилларда кўплаб йирик халқаро мусобақаларга мезбонлик қилмоқда. Жумладан, футбол бўйича Осиё кубоги саралаш босқичи, таэквондо WT бўйича халқаро очиқ турнир, велотрек бўйича “Ипак йўли” халқаро турнири, белбоғлик кураш бўйича жаҳон чемпионати мусобақаларининг ўтказилишида Наманган етакчилик қилмоқда.
Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги “Афсоналар водийси” тематик паркида спортнинг қўл жанги бўйича профессионаллар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги учун навбатдаги халқаро турнир бўлиб ўтди. Нуфузли мусобақанинг тантанали очилиш маросимида вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов, Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондони, генерал-майор, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси раиси Рустам Жўраев, Халқаро қўл жанги федерацияси президенти Сергей Астахов иштирок этди.
2017 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Президент кубоги” халқаро турнирида ҳар йили жаҳон чемпионлари, ўз қитъаси ва давлатида тенгсиз деб топилган маҳоратли спортчилар иштирок этмоқда. Мусобақаларда Марказий Осиё, МДҲ ҳамда Европа мамлакатларидан келган моҳир қўл жанги усталари ҳам ўзаро куч синашди.
Умумий мукофот жамғармаси 36 минг АҚШ долларини ташкил этувчи халқаро турнирнинг дастлабки жангида жаҳон чемпионати совриндори, халқаро турнирлар ғолиби, жиззахлик Ҳусниддин Сатторов ва Тожикистон Республикаси вакили, жаҳон кубоги совриндори Осимбек Мўминбеков рингга кўтарилди. Қизиқарли кечган баҳсда биринчи раунднинг ўзида рақибини курашдан чиқариб юборган спортчимиз терма жамоа ғалабасини бошлаб берди.
“Президент кубоги”нинг аёллар иштирокидаги баҳсида жаҳон ва Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси, тошкентлик Гулжаҳон Норматова ва Қозоғистонлик номдор рақибаси, жаҳон вице-чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби Кимбат Аҳметга қарши муносиб кураш олиб бориб, ишончли зафарга эришди.
Қувонарлиси шундаки, 53 килограммдан 80 килограммгача бўлган олтита вазн тоифасида бўлиб ўтган жангларнинг барчасида етакчиликни қўлдан бермаган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари якунда йирик – 6:0 ҳисобида устун келди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти кубогининг ғолиблари ва барча иштирокчилари турнир ташкилотчилари томонидан диплом, қимматбаҳо совринлар, пул мукофотлари билан тақдирланди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!