» » Ўзмиллийбанк мижозларни доимо қўллаб-қувватлайди

Ўзмиллийбанк мижозларни доимо қўллаб-қувватлайди

28 июль 2023 г 335 Комментарии: 0

Хизматлар соҳасини ривожлантириш ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Хизматларнинг хилма-хиллиги аҳолининг ҳаёт сифати ва фаровонлигини яхшилаш имконини беради.

“Ўзмиллийбанк” АЖ Жиззах вилояти Бош бошқармаси томонидан ҳам ҳудудда сервис тармоғини   кенгайтириш ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишга алоҳида  эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжатга кўра, вилоятда  кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.  

Жумладан, ўтган 2022 йилда 1822  янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.  2 453 янги лойиҳалар ишга тушди. Тадбиркорлар томонидан қарийб 8 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилди. Аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар ҳажми 121 фоbзга ўсиб, 4 миллион сўмдан 5,5 миллион сўмга етди.  

Шунингдек, ўтказилган чора-тадбирлар натижасида жами 5,5 мингта тадбиркорлар фаолияти йўлга қўйилиши ҳисобига 12 мингта доимий иш ўрни ташкил этилди. Шу билан бирга, фаолиятини норасмий сектордан расмий секторга ўтказиш орқали минг нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Эътиборлиси, хизмат кўрсатиш соҳасида 34 минг киши ўзини ўзи банд қилган.  

Айтиш жоизки, ўтган 2022 йилда вилоятда хизматлар соҳасида Ўзмиллийбанк  ва тижорат банклари томонидан тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 818,3 миллиард сўм кредит ажратилди. Мазкур маблағлар асосан хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш,  савдо соҳасини ривожлантириш, айланма маблағларни тўлдиришга қаратилди.  

“Ўзмиллийбанк” АЖ Жиззах вилояти филиали томонидан тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган.  

“Жиззах кўз шифо” МЧЖ га тиббий хизматлар кўрсатиш мақсадида ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш учун 1 миллиард  745 миллион 300 минг сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Бугунги кунда ушбу марказда беморлар кўз касаллиги бўйича амбулатор шароитда даволанмоқда. Енгил ҳамда оғир турдаги жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилмоқда. Ушбу лойиҳа асосида 10 янги иш ўрни ташкил этилди.  

Жиззах вилоятида туризм йўналиши ҳам йилдан йилга ривожланмоқда. Бахмалнинг ўзига хос табиати, Зомин манзаралари  нафақат маҳаллий, чет эллик сайёҳларни ҳам ўзи ром этмоқда. “Ўзмиллийбанк” АЖ Жиззах вилояти Бош бошқармаси томонидан  бу йўналишда ҳам бир қатор истиқболли лойиҳалар қўллаб-қувватланмоқда.  

Жумладан, “Зомин Ўриклисой ўқув маскани” МЧЖ га дам олиш масканини ташкил этиш учун  ажратилган 2 миллиард сўм миқдоридаги кредит маблағи  ўз самарасини бермоқда. Мазкур лойиҳа асосида ташкил этилган дам олиш масканида 15 киши доимий ишли бўлди.  

– Фаолиятимизнинг дебочаси яхши бошланди, –дейди муассаса раҳбари Анвар Норматов. –Жиззахнинг бетакрор табиатини биладиганлар, ундан ҳузур олиш ва табиат қўйнида мароқли ҳордиқ чиқариш учун бизнинг масканни танламоқда. Қўшни давлатлардан келаётганлар сафи ҳам тобора кенгаймоқда. Келажакда фаолиятимизни  ривожлантириш, хизмат турларини  янада такомиллаштиришни режалаштирганмиз. Бу борада Ўзмиллийбанк кўмагидан фойдаланамиз.  

Таъкидлаш жоиз Жиззах вилоятида хизматлар соҳасини ривожлантириш мақсадида жорий 2023 йилда ҳам мақсадли параметрлар белгилаб олинган. Жумладан,  1,5 мингта янги хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш,  56 минг кишини иш билан таъминлаш,  9,8 триллион сўмлик хизмат кўрсатиш ҳажмига эришиш, 2382 ер майдонлари, шундан 1 073 кўчма савдо объектларини ташкил этиш, 1510 тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун аукцион савдоларига чиқариш белгиланган.  

Шулар билан бир қаторда хизматлар соҳасини ривожлантириш мақсадида, жами лойиҳа қиймати 2,9 триллион сўм, шундан банк кредити 1,6 триллион сўм бўлган 340 хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.  

Йил якунига қадар хизматлар соҳасини ривожлантириш мақсадида соҳадаги корхоналарни замонавий кўринишга келтириш, янги лойиҳаларни хорижий тажрибалар асосида жорий этиш, уларни молиявий тарафдан қўллаб-қувватлаш каби тизимли ислоҳотлар давом эттирилади. Мухтасар қилиб айтганда, Жиззах вилоятининг сервис тармоғида улкан имкониятлар мавжуд. Ўзмиллийбанк эса бу борада ишбилармонларни доимо молиявий қўллаб -қувватлашга тайёр.  

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!