» » Жиззахда “Туркий адабиёт дурдоналари” китоблар тақдимоти ўтказилди

Жиззахда “Туркий адабиёт дурдоналари” китоблар тақдимоти ўтказилди

02 август 2023 г 497 Комментарии: 0

Шароф Рашидов номидаги Жиззах вилояти ахборот-кутубхона марказида “Туркий адабиёт дурдоналари” деб номланган 100 жилдлик китоблар туркуми тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда Жиззах вилояти ва шаҳар ҳокимликлари, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят, шаҳар ва туман ахборот-кутубхона марказлари раҳбар ва мутахассислари ҳамда ёшлар иштирок этди.  

Тадбирда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, Жиззах вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Абдували Мустанов мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этаётгани билан боғлиқ муаммоларга ечим ишлаб чиқиш мақсадида амалга оширилаётган вазифалар ҳақида гапирди.

– Бугун Жиззахда нафақат “Туркий адабиёт дурдоналари” тўплами, балки, қатор йўналишлардаги ўзбек тили луғатлари тўпламининг ҳам тақдимотини ўтказиш имкониятини яратиб берган Ахборот коммуникациялар агентлигига самимий миннатдорлик билдираман, – дейди Умида Тешабоева. – Кейинги 5-6 йил ичида мамлакатимизда аҳоли ва айниқса, ёшлар орасида китоб мутолаасига ҳукумат миқёсида эътибор берилаётгани бежиз эмас. Эътиборлиси, мамлакатимиздаги барча ахборот кутубхона марказларига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан янги номдаги китобларнинг изчиллик билан етказиб берилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Тадбир якунида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси томонидан Жиззах вилояти ва 12 туман ахборот кутубхона марказларига 500 донадан “Туркий адабиёт дурдоналари” ҳамда ўзбек тили луғатлари топширилди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!