» » Қозон федерал университети Жиззах филиалида IT бўйича фундаментал билимлар берилади

Қозон федерал университети Жиззах филиалида IT бўйича фундаментал билимлар берилади

07 август 2023 г 447 Комментарии: 0

Жиззах шаҳридаги Қозон федерал университети филиали ҳамда Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида матбуот анжумани ҳамда янги ўқув йили олдидан олийгоҳ филиали бўйлаб пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб, тадбирга таклиф этилган марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар республикада ягона бўлган “Симуляция маркази” фаолияти билан таништирилди.  

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги кўмагида ҚФУ Жиззах филиалида барпо этилган “Симуляция маркази”да тиббиёт факультети талабалари (ва ҳатто, врачлар) малакаларини тўлалигича ошириб олишлари назарда тутилган. Марказ қиймати салкам 13,5 миллиард сўмлик турли муолажалар, жарроҳлик ишлари ва бошқа кўплаб тиббий жараёнлар ўтказишга мослаб тайёрланган махсус тиббий монукенлар, компьютер технологиялари, махсус тиббий асбоб-ускуналар билан  жиҳозланган. Бу ерда учта асосий мажмуа, яъни симуляция зали, ўқув ҳамда лаборатория хоналари мавжуд.

Мазкур марказ талаба ва тиббиёт ходимлари учун амалий кўникмаларни шакллантириш ва мустаҳкамлашда бениҳоя муҳим аҳамият касб этади. Симуляция зали виртуал симуляторларга эга алоҳида мажмуалардан иборат бўлиб, унинг ёрдамида талабалар кенг кўламли тиббий муолажаларни ўзлаштиради. Жумладан, асосий муолажалар (инъекция, ошқозонни ювиш), ультратовуш текшируви, турли хил амалий кўникмалар, терапия, турли даражадаги мураккабликдаги жарроҳлик техникаси (эндоскопик текширувлар, лапароскопик ва эндоваскуляр аралашувлар ва бошқалар)ни амалий жиҳатдан, ҳеч қандай жонли мавжудотга заррача зарар етказмаган ҳолда ўзлаштириб олади.

Марказ тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Пресс-тур давомида анжуман қатнашчилари, жаҳон стандартига тўла жавоб берадиган махсус футзал спорт тури учун янгидан барпо этилган спорт зали ҳамда сифатли хизмат кўрсатадиган меҳмонхоналардан асло қолишмайдиган, тубдан қайта реконструкция қилинган ва барча шароитлар тўлалигича мужассам этилган “Талабалар уйи” билан танишди.  

Пресс-тур бошланган тадбир матбуот анжуманига уланди. Унда Қозон (Волгабўйи) Федерал университети филиали ижрочи директори Озод Бабомуродов сўзга чиқди.  

– Жиззах шаҳридаги Қозон Федерал университетининг филиали халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган замонавий таълим дастурлари асосида чуқур фундаментал ва илмий-амалий билимга эга юқори малакали кадрларни тайёрлаш, ҳудудий инновацион-таълим тармоғини яратиш, рақамли таълим тизимини шакллантириш ҳамда иш берувчиларнинг олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида ташкил этилган. Келгуси йили ўзининг 220 йиллигини нишонлайдиган ушбу университет дунё пресс-рейтингида 322-ўриндан мустаҳкам жой эгаллаган Марказий Осиё давлатлари орасида бундай кўрсатгичга эга ягона олийгоҳ эканлиги биз учун фахрлидир, – деди ҚФУ Жиззах филиали ижрочи директори Озод Бобомуродов.

Филиалнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ижрочи директори ўринбосари Тимур Ибайдуллаев “Филиал қошида ташкил қилинган Симуляция маркази очилиши” бўйича гапириб берди. Шундан сўнг, Жиззах шаҳридаги Қозон Федерал университети филиалининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Улуғбек Тўрақулов жорий йилда амалга оширилган ишлар ва университет талаба-ёшлари ва профессор ўқитувчилари ишлари хусусида батафсил маълумот берди.  

Шунингдек, филиалнинг аниқ ва табий фанлар факултети декани (олийгоҳ қабул комиссиясининг масъул котиби) Жавоҳир Қодиров сўзга чиқиб, филиалда 2023-2024 ўқув йили қабули ва имтиҳон жараёнлари, шунингдек филиал контингенти ҳақида атрофлича тушунча берди. Матбуот анжумани якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.  

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!