» » Янги ўқув йилида тиббиёт олий таълим муассасаларида қанча талаба таҳсил олмоқда?

Янги ўқув йилида тиббиёт олий таълим муассасаларида қанча талаба таҳсил олмоқда?

13 сентябрь 2022 г 1 114 Комментарии: 0

— Бугунги кунда юртимизда 11 та давлат тиббиёт олий таълим муассасаси, 2 та хорижий тиббиёт университети филиаллари (Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети филиали, Қозон федерал университети филиали) фаолият юритмоқда, — дейди Ў.Исмаилов.

— Шунингдек, 3 та хусусий (AKFA университети, Европа тиббиёт университети, Тошкент Ёджу техника институти) олий таълим муассасаси, Гулистон, Қарши давлат университетлари, Жиззах ва Навоий давлат педагогика институтлари ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетларида тиббиёт факультетлари ташкил этилган.

Уларда бакалавриат босқичи бўйича 13 та, магистратурада 45 та, клиник ординатурада 32 та ҳамда интернатурада 21 та мутахассислик асосида кадрлар тайёрланяпти.

Айни пайтда тиббиёт олий таълим муассасаларидаги умумий талабалар сони 53 минг 807 нафардан иборат бўлиб, жумладан, бакалавриат босқичида 48 минг 42 нафар, магистратурада 2 минг 743 нафар, клиник ординатурада эса 3 минг 22 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Шунингдек, бугун юртимизда ўрта тиббиёт ходимлари 27 та тиббиёт коллежлари ва 47 та Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумларида тайёрланяпти. Хусусан, тиббиёт коллежларида 7 та йўналиш, Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумларида эса 6 та йўналиш бўйича жами 80 минг 975 нафар ўқувчи касб сирларини пухта ўзлаштираётир.

Қайд этиш лозим, жорий йил тиббиёт олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқув жараёнларига бир қанча илғор янгиликлар татбиқ этилди. Жумладан, бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура ва клиник ординатура мутахассисликлари ўқув жараёнидаги амалий кўникмаларни симуляцион марказларда ўзлаштириш ҳамда битирувчи курсларнинг ўқув жараёнини даволаш профилактика муассасаларида ўтказиш йўлга қўйилди.

Қолаверса, ушбу ўқув йилидан бошлаб тиббиёт олий муассасаларида 36 та хорижий давлатдан келган 450 нафар малакали педагог талабаларга билим бермоқда. Бундан ташқари, шу йилдан бошлаб ўқиш муддати 1 йиллик бўлган бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курслари (интернатура) жорий этилиб, йилига 540 нафар тор доирадаги кадрлар тайёрлаш тизими яратилди.

Тиббиёт коллежлари ва техникумлари ўқув режа ва дастурларда махсус фанларнинг амалий қисми улуши 50 фоиздан 75 фоизга оширилиб, тиббиётда хорижий тил, тиббиётда ахборот технологиялари каби фанлар киритилди.

Айниқса, жорий ўқув йилидан ўрта махсус тиббиёт билим юртларида битирув амалиёт ишлари вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказлари, ихтисослаштирилган марказлар ва уларнинг филиаллари ҳамда олий тиббий таълим муассасалари клиникаларида ўтказилиши бўлажак ҳамширалар билимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Суҳбатни ССВ Матбуот хизмати уюштирди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!