Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Экспорт салоҳияти янада ортади
18 август 2023 г 422 Комментарии: 0
Жиззах шаҳри “А” саноат зонасида жойлашган “Mingyuan Silu Industry” МЧЖ “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти таркибига кирувчи корхоналардан бири ҳисобланади. Корхона шиша ва ундан ясалган буюмлар ҳамда безакли қурилиш ойнаси ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Унинг умумий қиймати 110 миллион АҚШ доллари бўлиб, йилига 24 миллион квадрат метр ойна маҳсулоти ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Ушбу қўшма корхона нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ҳам ягона ҳисобланади. Бу имконият корхона фаолиятини яна кенгайтириб, маҳсулотлар экспорти юксалишида ўзининг ижобий самараларини берганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бугунга келиб йирик экспортёрга айланган ушбу қўшма корхона тадбиркорларнинг божхона соҳасига оид таклиф ва фикрларини ўрганиш мақсадида Жиззах вилояти божхона бошқармаси масъул ходимлари ҳамроҳлигида ҳудуддаги “Mingyuan silu industry” МЧЖга хизмат сафари уюштирдик.
Шиша ва ундан ясалган буюмлар, безакли қурилиш ойналари ишлаб чиқаришга мўлжалланган мазкур корхона жорий йилнинг ўтган даврида қиймати 6 миллион 605 минг АҚШ долларидан ортиқ маҳсулотни божхона постида расмийлаштирган ҳолда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларига экспорт қилганлиги таҳсинга лойиқ.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу корхонага шу кунга қадар 40 миллиард сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёз берилган. Айни пайтда, мазкур қўшма корхонада меҳнат қилаётган 200 нафардан ортиқ ишчи-хизматчиларнинг унумли меҳнат қилишлари, мазмунли ҳордиқ чиқаришлари, тўйимли ва ўз вақтида овқатланишлари учун барча шароитлар яратилган. Ойлик маошлари вақтида тўлаб борилаётган экан.
Бундан ташқари, учрашув давомида божхона ходимлари соҳада олиб борилаётган ишлар, қабул қилинаётган янги меъёрий ҳужжатлар ва уларнинг тадбиркорлар учун афзаллик томонлари хусусида ҳам атрофлича тушунчалар берди.
“Mingyuan silu industry” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси жамоасининг эзгу мақсади маҳсулот тури, сифати ва миқдорини янада ошириб, экспорт салоҳиятини янада кўтариш ва мамлакатимиз иқтисодиёти юксалишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишдир.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!