» » Инсон жамиятни ўзгартиради, таълим эса инсонни

Инсон жамиятни ўзгартиради, таълим эса инсонни

18 август 2023 г 355 Комментарии: 0

Бугунги давр талаблари кечаги куннинг мезонларидан буткул фарқ қилади. Ҳозир замонавий фикрлайдиган, энг сўнгги янгиликлар билан ҳамнафас яшайдиган, кун сайин дунёқарашни бойитиб борадиган кадрларни тайёрлашга эҳтиёж ошмоқда. Бу жараёнда, айниқса, олий таълим тизими зиммасига катта масъулият юкланади.

Таълим тизимида жорий қилинаётган янгиликлар олий таълим муассасаларида педагог кадрлар салоҳияти ва таълим сифатининг оширилишида, олий таълим муассасаларига энг иқтидорли ёшларнинг қабул қилинишида, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ҳамда тизимли ўзгаришларда таълим муассасаларининг фаол иштирок этишини таъминлашда қўл келишига асло шубҳа йўқ. Таълим соҳасини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани барчамизга бирдек маълум. Келгуси ўқув йилидан ёшларимизнинг мактабда ўқиган баҳоларини инобатга олиш амалиёти йўлга қўйилади. Энди абитуриентлар 3 та асосий ва 2 та қўшимча фанни танлаб, тест синовларидан ўтади ва унинг натижаларига қараб олийгоҳ, таълим йўналиши ва таълим шаклини танлаш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, аввал хорижий тиллардан халқаро сертификати бор абитуриентларга чет тилидан имтиҳон топширмаслик имтиёзи берилган бўлса, энди бу имтиёз математика, физика, кимё ва биология фанлари бўйича халқаро тан олинган сертификати бор ёшларга ҳам татбиқ этилишини алоҳида таъкидлаш жоиз.  

Янги Ўзбекистоннинг муҳим пойдевори ёшларга берилаётган имкониятларнинг чеки йўқ. Мақсад эса битта – у ҳам бўлса билимли ва салоҳиятли кадрларни етиштириш. Шубҳасиз, таълим сифатини ошириш мамлакатимиз кун тартибида турган долзарб масалалардан биридир. Зеро, бунинг замирида мамлакатни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишга қодир бўлган етук мутахассисларни тайёрлаш масаласи бор. Президентимиз таълим-тарбия кенг жамоатчиликнинг амалий ҳаракатига айланиши керак, деган ўзига хос даъватни илгари сурмоқда. Сифатли таълим янги марраларни эгаллашга олиб келадиган энг қисқа ва оқилона йўлдир. Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур соҳадаги туб ўзгаришлар ўз натижасини ўрта ва узоқ истиқболда кўрсатади. Кейинги йилларда таълим соҳаси ходимларининг жамиятдаги ўрни бутунлай ўзгарди, педагоглар маоши бир неча маротаба ошди. Давлат раҳбарининг сайловчилар билан учрашувида таълим муассасаларига дунёнинг нуфузли олийгоҳларидан етакчи профессорларни жалб қилиш лозимлигини, профессор-ўқитувчиларнинг иш ҳақи камайтирилмасдан, ўқув юкламаси 25 фоизга қисқартирилишини алоҳида таъкидлади. Бу эса миллат фарзандларига таълим-тарбия бераётган устозлар кўнглини юксакларга кўтарди, орзуларига қанот берди.  

Бугун олий таълим тизимида кескин бурилишлар юз бермоқда. Жуда кўп янги олий ўқув юртлари, жумладан, хорижий давлатлар билан ҳамкорликда янги университетлар, нуфузли олийгоҳларнинг филиаллари очилмоқда. Олий маълумот оламан, деган ёшлар учун квоталар мунтазам кўпайтирилмоқда. Ҳозирда юртимиздаги олийгоҳлар сони 3,5 баробар кўпайиб, 200 тадан ошди, қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ортди. Бироқ, шу ўринда таълим сифатини ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Тан олиш керак, бу борада ҳам чора-тадбирлар кўрилди ва келажакда ҳам сифат учун курашилади.  

Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика университетида мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Университет юртимизга педагог кадрларни тайёрлаб берадиган олий таълим муассасаси ҳисобланади.  Бу ердаги 13 факультет, 38 кафедрада 800 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатмоқда. Бу мутахассисларнинг 21 нафари фан доктори (DSc), 211 нафари фан номзодлари (PhD). Булардан ташқари, олийгоҳда 30 дан ортиқ таянч ва бир нафар докторант таҳсил олмоқда. Олийгоҳда 30 бакалавриат йўналиши ва 20 магистратура мутахассислиги бўйича педагог кадрлар тайёрланади. Жами талабалар сони 20 минг нафарни ташкил этади. Кейинги 5-6 йил давомида Қозоғистон, Россия, Беларусь, Буюк Британия, Франция каби кўплаб давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Эътиборли жиҳатлардан яна бири шундаки, университет айни пайтгача 45 та хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган ва уларнинг 8 таси “Топ–1000” талик рўйхатига киради. Айни пайтгача 20 нафарга яқин профессор-ўқитувчи хорижий олий ўқув юртларида “стажировка”да бўлди.  

Университет асосан, ёш олимлар, тадқиқотчиларнинг нуфузли хорижий университетларга бориб малака оширишларини ташкил этмоқда. Масалан, ўқитувчиларнинг замонавий лабораторияларда машғулот ўтказиш борасидаги малакаси, янги технологияларни бошқариш бўйича тажрибаси ошиши билан бир қаторда илмий-тадқиқот ишларини чет элда тадқиқ этиш, ҳимоя қилиш кўникмаси ҳам ортишига хизмат қилади.

Жиззах давлат педагогика университетида талабаларининг техник-конструкторлик ва муҳандислик йўналишидаги кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган робототехника, IT, 3D моделлаштириш, прототиплаш тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Бугунги кунда ушбу тўгаракларга 100 га яқин талабалар аъзо. Шунингдек, олийгоҳда “Талабалар академияси” ҳамда “Креатив” клублари фаолият юритмоқда. Ушбу академияга 300 нафардан зиёд талаба ёшлар аъзо бўлган. Республика ва халқаро фан олимпиадаларида 5 нафар талаба юқори ўринларни қўлга киритган бўлса, турли танлов ва интеллектуал ўйинларда 8 нафар иқтидорли талаба юксак натижаларни қайд этди. Бу йил олийгоҳни 5 мингга яқин талаба ёшлар битирди. Уларнинг 41 нафари имтиёзли дипломга эга бўлди. Битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш борасида бўш (вакант) иш ўринлари меҳнат ярмаркалари ўтказилди. Бу тадбирларда 2 мингдан ортиқ талаба-ёшлар иштирок этди. Айни пайтда, 123 нафар битирувчи ёшлар билан уч томонлама шартномалар имзоланган. Ўтган ўқув йилида университетда “Аёллар дафтари” га 10 нафар, “Ёшлар дафтари” га 43 нафар, “Темир дафтар” га кирган 4 нафар ҳамда кам таъминланган 265 нафар, ногиронлиги мавжуд 99 нафар, боқувчисини йўқотган 152 нафар талаба моддий ва маънавий кўмакка муҳтож эканлиги инобатга олиниб, бир неча марта ижтимоий ёрдам билан қамраб олинди.

Бугун педагоглардан талаб қилинадигани масъулият, янгиликка интилиш, янгича фикрлаш. Шу ўринда табиий бир савол туғилади. Бугун мактабларда ана шундай янгича фикрлайдиган, янгиликка интиладиган, масъулиятли ўқитувчилар неча фоизни ташкил этади? Маълумотларга кўра, юртимизда бугунги кунда 504 минг педагогдан 12 фоизи ўрта махсус маълумотли, 38 фоизида эса умуман малака тоифаси йўқ. Ижтимоий тармоқларни кузата туриб, бошланғич таълим ўқитувчиларининг тил билишдаги нуқсонлари ва дарс жараёнларидаги хато камчиликларини кўриб ачинасан киши. Бугун ўз боласини олий маълумот олишини истамаган ота-она камдан кам топилса керак. Кўпчилик ота-оналар мактабларда ўтилаётган дарс сифати паст эканлигини, фарзандларини айнан қўшимча дарсларга қўйишганидан сўнг ижобий ўзгаришлар юзага келаётганини кўп бора таъкидлашади. Бу кўз юмиб бўлмайдиган ҳақиқат. Боласини яхши ва сифатли таълим олиши учун ота-она мактабдан ташқари қўшимча дарс олишга ҳам қаршилик қилмайди. Бугун мактаб таълимига чуқур ислоҳотлар зарур. Янги таълим дастурини жорий этиш билан бир қаторда ўқитувчилар савияси ҳам ошириб борилиши лозим. Бунинг учун эса олий таълим ҳамда мактаб ҳамкорлигини янада кучайтириш, “Устоз шогирд” анъанасини шакллантириш лозим. Юқори синф ўқувчилари учун кимё-биология лабораториялари, физика-математика, тарих ва география учун жиҳозланган синфлар билан бир қаторда замонавий ўқитиш тизимига ўтиш, асосан, ҳар бир мавзу бўйича видеодарсликлар тайёрланиши керак. Давлат раҳбари ҳар бир йиғилишда соҳага оид тадбирларда мактаблардаги таълим сифати ва мазмунига кескин баҳо бериб келади.  

Бугунги ўқитувчи ўқувчининг барча қизиқиши, салоҳиятини кўра биладиган ҳамда юксалиши учун бор кучини берадиган кучли шахс бўлиш лозим. Дарсни қизиқарли ўтиш ҳам аслида санъат. Бугунги ўқитувчи эскича ёдлаш усулларидан воз кечсин, ўқувчи ва талабани мустақил фикрлашга ўргатсин, фикрини чархлашга доир бутунлай янги педагогик усулларни татбиқ этсин. Ҳар бир оила, ҳар бир бола ҳаёти мактаб билан узвий боғлиқдир. Мактабдаги таълим сифати назорати давлатнинг, жамиятнинг энг муҳим ишларидан бири ҳисобланади. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтганидек, “Мактабда ўқитиш методикаси ўзгармаса, таълим сифати ҳам, мазмуни ҳам, муҳит ҳам ўзгармайди”.  

Жамият тараққиёти асосини – илм-фан, таълим-тарбия, санъат, адабиёт, янги технология, инновациялар ташкил этиши, бугун оддий инсонга ҳам ойнадек равшан. Шундай экан, илм-фанни ким ўргатади? Албатта, ўқитувчи, устоз! Устоз ва муаллимлар ҳақида шу чоққача кўп ва хўп гапириб келинаётган бўлсак-да, унинг ҳурматини жойига қўйиш борасида шу кунга қадар амалий ташаббуслар бугунгидек кенг миқёс касб этмаган эди. Эндиликда, Янги Конституцияда ўқитувчининг жамиятда тутган ўрнини юксак даражада эътироф этилиб, муҳрлаб қўйилди. Зеро, таълим ва тарбия, уларнинг уйғунлиги масаласи ҳар қандай жамият ривожининг устувор йўналиши саналади. Юрт фаровонлиги эса шубҳасиз, таълимнинг қанчалик ривожланганлигига боғлиқ.

Шавкат Шарипов,  

Жиззах давлат педагогика университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!