Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ - ДОЛЗАРБ МАСАЛА
19 ноябрь 2018 г 3 961 Комментарии: 0
Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги "Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳузуридаги Ёнғин хавфсизлиги бўйича комиссиялар фаолияти ҳамда қиш мавсумига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.
Мажлисни вилоят ҳокимлиги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда масалалар гуруҳи раҳбари Ботир Сулаймонов бошқариб борди.
Йиғилишда вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Адҳам Тангриев сўзга чиқиб, жорий йилда вилоятимизда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида маъруза қилди. Нотиқ ўз сўзида шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳузуридаги Ёнғин хавфсизлиги бўйича комиссиялар томонидан ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида узоқ вақтдан буён ўз ечимини топмаётган камчиликлар ва муаммолар борасида сўзлади.
Жорий йилнинг 10 ойи мобайнида ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан халқ таълими, мактабгача таълим, олий таълим ҳамда соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги кўплаб объектларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаётганлиги аниқланган.
Текширувлар пайтида халқ таълимига қарашли 538 та муассасанинг 277 тасида ёнғиндан хабарлаш сигнализациялар ўрнатилмаган, 116 тасида носоз ҳолатда, 248 таси бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланмаган. Мактабгача таълим бошқармасига тегишли 169 та муассасанинг 95 тасида сигнализация йўқ. 81 та иншоот бирламчи ўт ўчириш жиҳозлари билан таъминланмаган. Шунингдек, 2 та олий ўқув юрти ва ўрта махсус таълим бошқармасигақарашли 80 та объектнинг 21 тасида сигнализация йўқ бўлса, 22 тасида носоз ҳолатда.
Хонадонларда ёнғин хавфсизлигига риоя қилмаслик оқибатида 7 та ёнғин содир бўлгани, 5ҳолатда ис газидан заҳарланиш юз бергани таъкидланди. Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ғайрат Расулов ўз чиқишида хонадонларда газ ускуналари ва иситиш печларининг созлигини назорат қилиш, табиий газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш борасида тушунчалар берди.
Қишки мавсумга тайёргарлик ишлари суст бораётган Фориш, Мирзачўл, Дўстлик, Арнасой, Зафаробод ва Шароф Рашидов туманлари соҳа фаолияти танқид қилиниб, камчиликларни тугатиш бўйича тавсиялар берилди.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!