» » АЁЛЛАРНИ  АСРАЙЛИК!

АЁЛЛАРНИ  АСРАЙЛИК!

23 август 2023 г 633 Комментарии: 0

Оилада ўғил фарзанд туғилса ота-онага ғурур бағишлайди, қизалоқ дунёга келганида-чи, юракларни сўнмас меҳр ва беғубор қувонч қамраб олади.

У ҳали ўзи ҳимоя ва парваришга муҳтож бўлган гўдаклик чоғиданоқ, қўғирчоғига меҳр беради, уни асраб-авайлаб, сочларини тарайди. Қўғирчоғи олиб қўйилса ёки йўқолиб қолса ҳафа бўлиб қийналади, ҳатто тушларида кўради. Чунки у меҳр-муҳаббат туйғуларисиз яшай олмайдиган тақдир билан туғилган АЁЛдир.

Аёл борки, мард бир эркакнинг суюкли ёри, азиз фарзандларининг меҳрибон онаси бўлишни истайди. Бахтли оиладаги жонкуяр бекалик вазифаларидан кейингина жамиятда ўз ўрнини топишга иштиёқи ошади. Бироқ бугунги кунда ҳамма бекаларнинг ҳам турмушида ҳолат шундай давом этаяпти, деб бўлмайди. Статистик маълумотларда ҳаммаси очиқ айтилмасада, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган хабарлардан кўриниб турибдики, ҳамон орамизда тазйиқ ва зўравонликдан азият чекаётган хотин-қизлар бисёр. Жумладан, 2023 йилнинг 7 ойи давомида вилоятимизда тазйиқ ва зўравонликка учраганлик ҳолати 2022 йилнинг шу даврига нисбатан камайган бўлсада бундай назар бизга таскин бермайди. Зеро, осойишталикда гуллаб-яшнаб бораётган заминимизда азобга мубтало бўлаётган аёл битта бўлса ҳам уни эътиборсиз қолдирмаслик, ёрдам қўлини узатишлик шу жамиятда яшаётган ҳар бир кишининг инсонийлик бурчидир.

Аксарият ҳолларда аёлларнинг ўлими билан якун топаётган зўравонликлар боис бегуноҳ фарзандлар етим қолмоқда. Бу каби вазиятларда дарров айбдорни қидириб, “кўрмаган”, “ўрганмаган”, “оила билан шуғулланмаган”, каби гап сўзлар тарқала бошлайди. Сабабчилар тезроқ аниқлансаю иш дарров ёпилса. Аслида бир аёлнинг қурбон бўлиши билан боғлиқ иш ҳаққоний ўрганилса, айбдорлар кўп топилади. Масалан, шундай фожиали воқеалардан бири ўрганилганда, эркак турмуш ўртоғини ўз ҳимоясидаги ожиза сифатида кўриш ўрнига ҳаётдаги бутун аламини ундан олиб, хўрлашга одатлангани аниқланди. Қўшнилар оиладаги муожароларни ойлаб, йиллаб давом этаётганлигини билишсада, ёрдам бериш ўрнига томошабин бўлганликлари талайгина ғийбатлардан маълум бўлди. Қурбоннинг қондош-қариндошлари эса ҳар сафар жанжал чиққанида “Сен аёлсан, майли қўй, кечир, унут, уйингга қайт”, каби гапларни айтишдан ортиқ кўмак бермаганлиги ачинарли. Маҳалла вакиллари, имкон қадар эр-хотинни яраштириш учун ҳаракат қилганлигини таъкидлайди холос.

Хўш, айбдорлар бир талай ёки битта бўлсин, уларни жазолаш билан жабрдийда норасидаларнинг кўнглига таскин бероламизми? Бу ҳаётнинг гўзал манзиллари ҳам борлигига уларни қайта ишонтира оламизми? Одамийлик, шафқат, садоқат, мардлик каби туйғуларни ҳис қилгувчи инсон этиб тарбиялай оламизми? Зўравон эркакларнинг ҳаракатлари, ўз вазифасини қай йўсинда уддалаётганини назорат қилишга ким масъул? Ёки шундай мавзуларга доир тушунтириш ишларини ҳам мутасадди хотин-қизлар бажариши керакми? Йўқ албатта. Қайси соҳада ишлаб, қандай шароитда турмуш кечираётганимиздан қатъий назар, ота ёки она сифатида юртимиз ёшларининг порлоқ келажаги учун масъул эканлигимизни унутмаслигимиз, барча турдаги тазйиқларга барҳам бериш ишларига ҳиссамизни қўшишга виждонан ёндашмоғимиз лозим.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, одамларни гўёки “огоҳ” бўлишга ундаётгандек, оилавий мавзудаги фожеаларни энг аввал ва энг кўпроқ тарғиб қилишда илғор бўлишга уринаётганлар теранроқ фикрлаб иш тутишса мақсадга мувофиқ бўларди. Тарқатилаётган хабар миллатимиз аёлининг шаъни ҳақида эканлиги чуқур мулоҳазалардан сўнггина сўз айтишга ёки аксинча қарор қабул қилишга арзирли масала. Қолаверса, ижтимоий тармоқлардаги имконият ва маҳоратларини турли муаммоларга учраётган оилалар ҳақида тегишли ташкилотларга хабар беришга, ибратли видеолар, қисқа метражли фильмлар тарғиботи орқали дилхираликларни олдини олишга йўналтиришса фойдадан ҳоли бўлмайди.                

Шундай экан, азиз юртдошлар, меҳрибон бувижон ва оналаримизни, опа-сингилларимиз, қизларимизни биргаликда асраб-ардоқлайлик. Ғамхўрлик қилайлик, қувонч берайлик. Зотан, оташин юраги сўндирилмаган, муҳаббат ва садоқати синдирилмаган аёллар ватан равнақининг давомийлигини таъминловчи қудратдир. 

Назира МУХТОРОВА,

вилоят ҳокими ўринбосари,

Оила ва хотин қизлар бошқармаси

бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!