» » Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Жиззах вилояти ҳокимининг байрам табриги 

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Жиззах вилояти ҳокимининг байрам табриги 

01 сентябрь 2023 г 781 Комментарии: 0

Ҳурматли вилоятимиз аҳли. Азиз дўстлар, қадрли юртдошлар!

Авваламбор, бугунги қувончли айёмда бутун вилоятимиз аҳлини Ватанимиз Мустақиллигининг 32 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Сиз азизларга мустаҳкам соғлик, улкан оилавий бахт, хонадонларингизга тинчлик, тотувлик, ҳамжиҳатлик ва фаровонлик тилайман. Ҳаётингизнинг ҳар бир куни меҳр, шоду хуррамлик ва янги зафарларга тўлсин, амалга ошираётган эзгу ишларингиз эса жонажон Ўзбекистонимиз шон-шуҳратини юксалтиришга хизмат қилсин!

Ўтган 32 йилда жонажон Ўзбекистонимиз, халқимиз машаққатли, шу билан бирга, шарафли йўлни босиб ўтди. Айниқса, кейинги етти йил мобайнида Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “Халқимиз келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак” деган сўзлари мамлакатимиздаги оламшумул ишларга асос бўлмоқда, халқимиз яхши яшаши йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг бутун дунёда ўз ўрнига, обрў-эътиборга эга бўлиши учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Бундай улуғвор ўзгаришларга нафақат гувоҳмиз, балки уларнинг иштирокчиси эканлигимиз ҳар биримизга ғурур, ифтихор бахш этади. Зеро, давлатимиз раҳбари атрофида жипслашиб, жонажон Ўзбекистонни тараққий эттириш, халқимиз фаровонлигини таъминлашдек ягона мақсад, ягона ғоя билан меҳнат қилмоқдамиз.

Ҳар бир баркамол инсон Ватан камоли ва истиқболи, эл-юртининг озодлиги ва мустақиллиги учун ҳамма нарсани, ҳатто ширин жонини ҳам аямайди. Бу ҳақда мавлоно Фузулийнинг “Менинг битта ҳаётим бор, борди-ю мингта ҳаётга эга бўлган тақдиримда ҳам ҳаммасини Ватан учун сарфлаган бўлур эдим”, деган сўзлари ҳар биримиз учун мангу чақириқ ва чорловдир.Ватанпарварлик – ёлғиз ўз ватанига меҳр қўйишдан иборатгина эмас. Бу – Ватан билан ўзини бир бутун деб билиш, унинг яхши-ёмон кунларида асқотиш, унинг тақдирини ўз тақдири деб билишдир.

2023 йил катта сиёсий воқеалар йили бўлди. 30 апрель куни давлатимизнинг янги таҳрирдаги Конституцияси умумхалқ овоз бериши йўли билан қабул қилинди. Шу йилнинг 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилди.

Бу сиёсий жараёнларда вилоятимиз халқи ҳақиқатан ҳам мамлакатимизнинг эртанги кунига бефарқ эмаслигини, ўз тақдири Ватан тақдири билан чамбарчас боғлиқ эканлигини намоён этди. Умумхалқ референдумида ҳам Президент сайловида ҳам юқори сиёсий фаоллик кўрсатиб, мамлакатда энг юқори кўрсаткичга эришди.

Азиз вилоятимиз аҳли, ҳурматли юртдошлар!

Мустақиллик йилларида юртимизда давом этаётган моддий ва маънавий тараққиёт асосида тинчликни сақлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва халқимиз турмуш даражасини юксалтириш борасида улкан натижаларга эришилди.

Бу йил Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган шиор асосида нишонланмоқда. Бу чақириқ бизни янада самарали, янада жўшқин яшашга, меҳнат қилишга, қунт билан замонавий билимларни ўзлаштиришга ундамоқда.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаган “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор” деган ҳаётий ҳақиқатни рўёбга чиқариш учун вилоятимиз аҳли ҳам фидокорона меҳнати, изланиш ва интилишлари билан Янги Ўзбекистонни барпо этишга муносиб ҳиссасини қўшаётганини алоҳида таъкидлашни истардим.

Шу ўринда Ҳурматли Президентимизнинг "Камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш, дегани эмас. Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли даволаниш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш керак" деган фикрларини алоҳида таъкидлаб ўтмоғим лозимдир.

Хорижий инвестицияларни вилоятимиз ҳудудига жалб этиш, янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш, оилавий бизнесни йўлга қўйиш, саноат зоналари ташкил этиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш каби ишларимиздан кўзланган мақсад ҳам янги иш ўринлари яратиш, шу орқали камбағалликка барҳам беришдир.

Жорий йилнинг январь-июль ойларида 105,1 мингта аҳоли доимий ва мавсумий ишларга жалб қилинди. Манзилли иш тизими узвий давом эттирилиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида
14,9 минг нафар фуқаролар доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш орқали камбағалликдан чиқарилди.

Хусусан,хизмат кўрсатиш ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 44,2 мингта, қишлоқ хўжалиги соҳасида 55,1 мингта, инвестициялар жалб этиш, саноатни ривожлантириш ҳисобига 3,1  мингта, қурилиш ва коммунал соҳада 2,7 мингта нафар фуқаролар доимий даромад манбаига эга бўлди. Йил якунига қадар жами 30 минг нафар фуқароларнинг бандлигини таъминлаш белгилаб олинди. Асосий мақсадимизни юртдошларимизнинг меҳнат қилиб бой бўлиши ва яхши ҳаёт кечириши учун барча шарт-шароитларни яратишга қаратганмиз.

Вилоятимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниб, 16 085 та лойиҳаларга 275,7 млрд. сўм кредитлар ажратилди. Дастур доирасида 2018-2023 йилларда оилавий бизнесни йўлга қўйганларга 1 трлн. 916,9 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.

Йил якунига қадар дастур доирасида 790 млрд. сўм кредит ва 17,9 млрд.сўм субсидия ажратилади ҳамда уларнинг ҳисобига 25 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

2023 йилда қишлоқ хўжалиги ерларини ишсиз аҳолига ижарага бериш мақсадида “E-auksion” онлайн платформаси орқали 5084 гектар бўлган ер майдонлари 7550 та лотларга бўлиб жойлаштирилди.

Азиз юртдошлар!

Янгиланаётган Ўзбекистоннинг тамомила янгича қиёфа касб этаётган Жиззах вилоятида бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.

Жумладан, воҳамиз ҳудудларини замонавий қиёфага келтириш асносида ўрта ва йирик шаҳарларни ривожлантириш ҳамда шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги тафовутни йўқотиш жараёнларини жаҳон андозаларига мувофиқ ташкил қилиш чоралари кўрилмоқда.

Жиззахда қурилаётган турар-жой, маъмурий ва хизмат кўрсатиш бинолари кўламига назар ташласангиз, вилоятимиз тарихида ҳали бундай ўзгаришлар бўлмаганлигига ишонч ҳосил қиласиз. Уч-тўрт йил Жиззахда бўлмаган одам бугун нафақат шаҳарни, балки туманларни ҳам таний олмайди. Чунки, замонавий бинолар, боғлар, хиёбонлар барпо этиш, йўллар қуриш ишлари бутун вилоят ҳудудида амалга оширилмоқда.

Шу ўринда бир масалага алоҳида тўхталиб ўтишни истардим. Кейинги етти йил мобайнида жами 6 400 хонадонли 213 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 13 апрелдаги “2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан жорий йилда вилоятимизда жами 3115 хонадонли 84 та уй-жойлар қурилиши кўзда тутилган.

Хусусан, “Янги Ўзбекистон” массивларида 1480 хонадонли 26 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши белгиланган. Бугунги кунда, мазкур уй-жойларда қурилиш монтаж ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳам ипотека кредити ва ўз маблағлари ҳисобига 1635 хонадонли 58 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши белгиланиб, бугунги кунда мазкур уй-жойларнинг 14 таси фойдаланишга топширилди.

Қолган уй-жойларда ҳам энергия тежовчи материаллардан фойдаланган ҳолда ҳамда қуёш панеллари ўрнатилиб, жорий йил якунига қадар тўлиқ фойдаланишга топширилади.

Шу билан бирга “Янги Ўзбекистон” массивида 1680 ўринли мактаб, 180 ўринли боғча, 250 ўринли поликлиника объектлари қурилиши режалаштирилган. Массивда 18 минг ўринли тест маркази, Инновацион технопарк, Истироҳат боғи, 75 ўринли замонавий меҳмонхона, Автошоҳбекат ва маҳалла гузари қурилиб фойдаланишга топширилади.

2023 йилда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қўшимча дастурлари доирасида 1 трлн. 858, 6 млрд. сўмлик маблағлар эвазига  29 та мактаб, 20 та боғча, 18 та соғлиқни сақлаш,1 та олий таълим, 7 та спорт ва маданият муассасалари бинолари қурилади.

353 та автомобиль йўли ва кўприклар, 179 та ичимлик суви, 17 та ирригация ва 24 та газ тармоқлари, 155 та электр таъминоти, 27 та уй-жой фонди объектлари, 23 та ободонлаштириш ҳамда 57 та бошқа объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши белгиланган бўлиб, йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

Инвестиция дастури доирасида ушбу мақсад учун 516,8 миллиард сўм ажратилди. Айни пайтда 16 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 18 та мактаб, 17 та мактабгача таълим ташкилоти каби 109 та иншоотлар қурилиши 319,2 млрд. сўм миқдорида молиялаштирилди.

Дўстлик, Зомин, Пахтакор, Фориш туманлари ва Жиззах шаҳри ҳудудида биттадан аҳоли гавжум бўлган марказий кўчалар танлаб олиниб, 2023 йил якунига қадар уларни савдо, кўнгилочар, гастрономик, туризм ва санъат йўналишидаги махсус савдо ва кўнгилочар кўчаларга айлантириш ҳамда ушбу кўчаларда 59 та хизмат объектлари ташкил этиш белгиланган.

Жорий йилнинг январь-июль ойларида ушбу 5 та махсус савдо ва кўнгилочар кўчаларда жами қиймати 11,3 млрд. сўмлик 19 та хизмат кўрсатиш ва сервис объектлари фойдаланишга топширилди  ва кўплаб янги иш ўринлари яратилди.

Қадрли дўстлар!

Бир замонлар хом ашё ҳудуди ҳисобланган воҳамизда саноат, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳалари жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда. Шахсан Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Жиззах вилоятида саноат соҳасига эътибор бериб, қўллаб-қувватлагани, шу мақсадда қабул қилган қарорлари натижасида сўнгги етти йил ичида фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари сони 1 812 тадан 4 080 тага ошди.

Мазкур саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилда 2,6 трлн. сўмни ташкил қилган бўлса, 2022 йил якуни билан саноат маҳсулотлари ҳажми 4,5 баробарга ортиб, 11,4 трлн. сўмга етди.

Хорижий давлатлар билан яқин қўшничилик, иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали вилоятимиз иқтисодиёти йилдан йилга ўсиб бормоқда, ишлаб чиқариш корхоналари сони кўпаймоқда.

2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида 25 тадан зиёд хорижий давлатлардан инвестиция маблағлари жалб қилинган. Бугунги кунда вилоятимиз Хитой, Германия, Швейцария, Латвия, Англия, Жанубий Карея, Россия, Туркия давлатлари билан иқтисодий алоҳаларни йўлга қўйган. Биргина Хитой давлатидан жалб қилинган инвестициялар миқдори 62,9 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Швейцария вилоятимизда ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун 44,8 млн. доллар, Латвия давлати 36,3 млн. доллар, Германия 21,3 млн. доллар инвестиция киритган.

Жиззах вилоятида автомобилсозлик энг пешқадам драйверлардан бирига айланмоқда. Ҳозирда вилоятда ишлаб чиқарилаётган “KIA”,“LADA”,“RENAULT” автомашиналар билан биргаликда Хитойнинг “Chery Automobile” компанияси томонидан Chery бренди остида автомобиллар конвейердан чиқиб, «BYD» бренди остида электромобиллар ишлаб чиқариш техналогиялари вилоятда ўрнатилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Фориш туманидаги "BASALT WOOL" МЧЖнинг базальтдан минерал плиталар ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси доирасида 44,8 млн. АҚШ долларини, Шароф Рашидов туманидаги "ADM JIZZAKH" МЧЖ Автомобиль ишлаб чиқаришни ташкил қилиш лойиҳасининг 2-босқичи доирасида 56,2 млн. АҚШ доллари, Бахмал туманидаги "BMB-OPERA ZAFFERANO" МЧЖнинг заъфарон ўсимлигини етиштириш лойиҳаси доирасида 5,6 млн. АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ва хорижий кредитлар жалб этилди.

Шунингдек, Зомин туманидаги "Jizzakh organik"  МЧЖда  чорвачиликни ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни ривожлантириш лойиҳа доирасида 80 млн. АҚШ доллари, Шароф Рашидов туманидаги "ADM JIZZAKH" МЧЖнинг майда узелли усулида автомашиналар ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида 96 млн. АҚШ доллари, Зарбдор туманидаги "Bo'ston Solar Group" МЧЖ томонидан қуёш панели электр станцияси лойиҳаси доирасида 15 млн. АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестициялар ва хорижий кредитлар ўзлаштирилади.

Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш борасида 2023-2030 йиллар давомида 35 мингта хонадонлар “Қуёшли хонадон” дастурига уланади.

Ғаллаорол туманида хорижий инвестор “Abu Dhabi Future Energy Company PJSC-Masdar” томонидан қуввати 220 МВт бўлган, йилига ўртача 500 млн. кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилмоқда. Фориш туманида Хитойнинг “Huaneng Renawable” ва “Poly Group” компаниялари томонидан қиймати 500 млн. АҚШ долларини 1 000 мВт, Франциянинг “Total eren” компанияси томонидан қиймати 200 млн. долларлик 300 мВт қувватига эга қуёш фотоэлектр станциялари ташкил этиш лойиҳалари ишга туширилади.

Жорий йилнинг 8 август куни Ҳурматли Юртбошимиз бошчилигида тамал тоши қўйилган қуввати 520 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси қурилиши лойиҳасининг вилоятимиз учун аҳамияти жуда каттадир.

Жорий йил якуни билан жами 702,5 млн. АҚШ долларини тўғридан-тўғри инвестициялар ва кафолатланмаган хорижий кредитлар ўзлаштирилиши кўзда тутилмоқда. Бу 2022 йилга нисбатан 162 фоиз ўсиш суръати таъминлайди.

Хорижий инвестициялар ортидан ташкил этилаётган ҳар бир корхона иқтисодиётимизнинг ўсишини таъминлайди, янги иш ўринлари учун мустаҳкам замин яратади, давлатимиз қувватига айланади.

Азиз юртдошлар!

Албатта, кўп соҳаларда бугун ҳар қанча сўзлашга арзигулик ишлар амалга оширилмоқда. Қишлоқ хўжалиги соҳасида туб ислоҳотлар натижасида бир йилда 2-3 марта ҳосил олиш ва эл дастурхонини обод қилиш, ҳаётимизга муқобил энергияни олиб кириш, таълим соҳасидаги янгиланишлар, йилдан йилга олий ўқув юртлари сонининг ортиб бораётгани, мактабгача таълим ташкилотларининг замонавий тус олиши ва сифат даражасининг янада яхшиланаётгани, соғлиқни сақлаш муассасалари даволаш ва ташхислаш сифатини ошириш мақсадида замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланаётгани ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин бугун эришган ютуқларимиз ўзимизники.

Ишончим комилки, замонлар ўтади, аммо, барчамизга ўзлигимизни англаш, инсоний шаънимизни, қадр-қимматимизни, ўз юртимизни севишни, тилимиз, муқаддас динимизни ва тарихимизни қайтариб берган, тараққиётга ундаган бу улуғ айём Ватанимиз тарихида олтин саҳифа бўлиб, абадий сақланиб қолади.

Қадрли дўстлар!

Энг улуғ, энг азиз байрам — Мустақилликнинг 32 йиллиги кенг нишонланаётган бугунги кунда вилоятимиз аҳлининг истиқлолни мустаҳкамлаш ва ислоҳотларни ривожлантиришдаги фидокорона меҳнатларига Президентимиз томонидан муносиб баҳо берилаётганлиги барчамизга катта ғурур, ифтихор бағишлайди.

Давлатимиз раҳбарининг матбуотда эълон қилинган фармонига мувофиқ вилоятимизнинг бир гуруҳ вакиллари мамлакатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирландилар.

Жумладан, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан “Нуроний” жамғармасининг Шароф Рашидов тумани бўлими раиси Парда Шукуров, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан Зарбдор тумани нуронийлар жамоатчилик кенгаши фаоли Қувандиқ Абдураззаков, “II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан Жиззах шаҳридаги “Амир Темур” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Махбуба Мамирова, “Дўстлик” ордени билан вилоят мусиқали драма театри актрисаси Олия Эштухтарова, Зомин туманидаги “Нарзуллаев Жасурбек” фермер хўжалиги бошлиғи Нарзулла Сайдуллаев, Пахтакор тумани ободонлаштириш бошқармаси ишчиси Бувинсо Хужабекова “Соғлом турмуш” медали билан Мирзачўл тумани тиббиёт бирлашмасининг 17-оилавий поликлиникаси патронаж ҳамшираси Сайёра Жонизоқова,“Шуҳрат” медали билан Жиззах вилояти қўғирчоқ театри бош режиссёри Каромат Исамова, Фориш туманидаги “Боғдон” фольклор-этнографик халқ ансамбли бадиий раҳбари Анвар Келдиев, Арнасой туманидаги 5-мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Гулбахор Худайбердиева, Фориш туманидаги “Хонбанди” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шавкат Исломов, Зомин туманидаги “Jizzax Organic” масъулияти чекланган жамиятининг капитал қурилиш бўлими бошлиғи Жонибек Рахмонов, Пахтакор туманидаги “Сарбон Суҳроббек” фермер хўжалиги механизатори Номанжан Султанов, Ғаллаорол тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси автогрейдерчиси Мирзохид Темуров, Ғаллаорол туманидаги 100 ёшдан ошган онахон Ойхумар Шерматова, Арнасой тумани ички ишлар бўлими профилактика катта инспектори Азизжон Абдусоттаров, Дўстлик тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Шерзод Қосимов, “Содиқ хизматлари учун” медали билан Бахмал туманидаги “Гулбулоқ” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Ўмирзоқ Ҳамроев, Жиззах вилояти суди раисининг ўринбосари Акрам Шукуров ҳамда “Жасорат” медали билан Янгиобод туманидаги ҳунарманд-ҳайкалтарош Рустамжон Абдуллаевларни юксак давлат мукофотлари билан самимий муборакбод этиб, келгусидаги фаолиятларига омад ва муваффақиятлар тилаймиз!

Ҳурматли вилоятимиз аҳли!

Сиз, азиз ва муҳтарам ватандошларимизни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами билан яна бир бор чин қалбдан самимий табриклайман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги-янги ютуқлар, оилавий хотиржамлик ёр бўлсин, фарзандлар, набираларнинг бахту камолини кўриш насиб этсин!

Жонажон Ватанимиз, хонадонларимиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака ҳеч қачон аримасин! Юртимиз осмони доим мусаффо, жонажон Ўзбекистонимиз омон бўлсин!

                        Вилоят ҳокими                               Эргаш САЛИЕВ

 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!