» » Узумчилик – сердаромад соҳа

Узумчилик – сердаромад соҳа

07 сентябрь 2023 г 407 Комментарии: 0

Маълумки, тегишли қонунчиликка кўра, 2023 йил 1 августдан қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, маккажўхори дони, дуккакли ва мойли экинларни етиштиришга ажратиладиган маблағлари ҳисобидан янги узумзорларни барпо қилиш, кўчат тайёрлаш ва “in-vitro” лабораторияларини ишга тушириш лойиҳаларини амалга ошириш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилиши белгилаб қўйилган.

Шунингдек, 2023–2024 йилларда 187 минг 614 гектар майдонда янги узумзорлар барпо қилинади. Республиканинг 51 та туман ва шаҳрида “Олтиариқ тажрибаси” асосида ҳар бири 2–2,5 минг гектар ер майдонларида узум плантациялари ташкил этилади. Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги тадбиркорларга узум плантацияларида агротехник тадбирларни ўтказиш, янги токзорларни барпо этиш бўйича хизматлар кўрсатади.  

Қишлоқ хўжалиги вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилшодбек Назиров маълумотларига кўра, Жиззах вилоятининг Пахтакор, Зарбдор, Зафаробод туманларида узумзорларни кўпайтириш, дала четларидан унумли фойдаланиб, узумзорлар ташкил этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.  

– Барчамиз биламизки, Жиззах Ўзбекистоннинг марказий қисмида жойлашган қадимий воҳа, – дейди Дилшод Назиров. – Айни пайтда вилоятда узумчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги “Silverlayf” пахта-ғаллачилик агрокластерида 30 гектарга яқин ер майдони мавжуд. Айни кунларда 25 гектардан зиёд майдонни бегона ўтдан тозалаш, текислаш, шпалер ўрнатиш ишлари бажарилмоқда. Мазкур туманда 2023-2024 йиллар давомида 1 минг 200 гектар, куз мавсумигача эса 279 гектарда узумзор ташкил этиш режалаштирилган.  

Давлатимиз раҳбари бежизга ҳар бир хонадонда камида 15-20 тупдан узум кўчатларини ноанъанавий усулда, яъни “тепасида ток - пастида сабзавот” экишни ташкил қилиш лозим, дея таъкидлаб ўтмаган. 2024 йил 1 февралгача узумчилик соҳаси ривожланган хорижий давлатлар илмий муассасалари ҳамда илғор тажрибага эга халқаро ташкилотлардан 100 нафарга яқин соҳа мутахассислари жалб қилинади. Хориждан келтирилган совуққа чидамли, уруғсиз, ҳосилдорлиги юқори 34 хилдаги узум навларини “in-vitro” лабораторияларида республика ҳудудларининг табиий-иқлим шароитига мослаштириш бўйича синов-тажрибалар ташкил қилинади.  

Узумчилик сердаромад соҳа ва сусткашликни кўтармайди. Токлар тўғри парвариш қилинса, ҳосилдорлик йилдан-йилга ошади. Қари занглар ўрнига ўсиб чиқадиган ёш ниҳоллардан ҳам беш юз йилгача ҳосил олиш мумкин. Парвариш вақтидан кечикмаса, ток касалланмайди.  

 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!