Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Йўл-транспорт инфратузилмаси — депутатлар муҳокамасида
08 сентябрь 2023 г 333 Комментарии: 0
Мамлакат инфратузилмаси, йўлларнинг равон, замонавий талабларга жавоб бериши долзарб масалалардан саналади.
Бу йўналишда олиб борилаётган ишлар, албатта, эътиборга молик. Шундай бўлса-да, ҳудудларни обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг муҳим вазифаларни тизимли ҳал қилиш, айниқса, ички йўлларни яхшилаш, шу орқали аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишда тезкор, янада самарали чора-тадбирларни қўллашни ҳаётни ўзи тақозо этмоқда.
Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан яқинда ички йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш ҳолати Жиззах вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилди. Қўмитанинг кеча бўлиб ўтган йиғилиши мазкур ўрганиш якунларига бағишланди.
Унда депутатлар ушбу масала юзасидан Транспорт вазирлигининг ахборотини эшитдилар.
Қайд этилишича, соҳага оид муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинган бўлиб, доимий такомиллаштирилиб борилмоқда. Хусусан, “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонунда автомобиль йўллари соҳасини бошқариш, йўлларнинг тоифалари, уларни молиялаштириш, қуриш ва сақлаш масалалари батафсил акс этган.
Келтириб ўтилган рақамларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда автомобиль йўллари тармоғининг узунлиги ўтказилган ҳатлов натижаларига кўра, 209,5 минг км.ни, шундан хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчалари 141,9 км.ни ташкил этмоқда.
2017 — 2022 йиллар давомида хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларида жами 55 870 км. узунликдаги автомобиль йўллари ҳамда 377 дона кўприкларда қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
Шунингдек, Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги тегишли қарори ижроси доирасида 2022 — 2023 йилларда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси буюртмачилигида жами 2 696 та объектда 8 209,1 км. автомобиль йўллари ва 63 та кўприклар таъмирланиши белгиланган бўлиб, ушбу мақсадларга 3,7 трлн. сўм маблағ ажратилган.
Унинг ижроси доирасида 465,3 км. ички йўлларга цемент-бетон қоплама ётқизилган бўлиб, ҳозирда 4 941,8 км. ички йўлларга асфальт-бетон қоплама ётқизиш ҳамда 2 802,0 км. ички йўлларни шағаллаштириш ишлари олиб бориляпти.
Йиғилишда ички хўжалик йўллари тармоғи масаласига ҳам эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда унинг умумий узунлиги 141 882 км.ни ташкил этиб, шундан 6 753 километри Жиззах вилоятига тўғри келади.
Вилоятнинг ички хўжалик йўллари тармоғи таркибий жиҳатдан таҳлил қилинганда, цемент-бетон, асфальт-бетон ва қора-қопламали йўллар умумий йўл узунлигига нисбатан 44 фоизни ёки 2 974 км.ни ташкил этган. Бу кўрсаткич Ғаллаорол туманида 437 км., Жиззах шаҳрида 201 км. ва Зомин туманида 300 км.га тенг. Демак, ушбу тармоқнинг 66 фоиз қисми қум-шағал ва тупроқ йўллардан иборат.
Муҳокамалар давомида депутатлар Шароф Рашидов тумани Ҳайработ МФЙ, Каттақишлоқ МФЙ, Жиззах шаҳри Алишер Навоий МФЙларида “Обод-қишлоқ” дастури ва “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида цемент-бетон ва асфальт қопламали йўллар янгидан қурилгани ва носоз йўллар тўлиқ таъмирланганини ижобий баҳоладилар. Айни пайтда мавжуд камчиликлар ҳам тилга олинди.
— Ушбу масала қўмитамиз томонидан назорат-таҳлил тартибида чуқур ўрганилди, — дейди депутат Анвархон Темиров. — Бажарилган ишлар талайгина, бироқ, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, янги қурилган йўл қисмларида канализация ва сув тармоғи тортилиши учун кесиб бузилганлик ҳолатлари мавжуд. Лойиҳалаштириш жараёнлари комплекс амалга оширилмаган, муҳандислик инфратузилмасини қурувчи ёки таъмирловчилар интеграцияси аниқ йўлга қўйилмаган, давлат ҳокимияти органлари томонидан бу борада тизимли ишлар юритилмаган. Бу йиғилишда асосли эътирозларга сабаб бўлди, мутасаддилардан изоҳ сўралди. Ўз навбатида, масъул вазирлик ва тегишли ҳокимликларга носозликларни тезкор аниқлаш ва бартараф этиш, юзага келган салбий ҳолатларни чуқур таҳлил қилиб, очиқ ва таъсирчан чоралар кўриш бўйича ўз таклифларимизни бердик.
Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!