» » Жиззахда ўтказилган ҳудудий семинар ва ярмарка ўрмончиларда чуқур таассурот қолдирди

Жиззахда ўтказилган ҳудудий семинар ва ярмарка ўрмончиларда чуқур таассурот қолдирди

18 сентябрь 2023 г 291 Комментарии: 0

Жиззах шаҳрида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Ўрмон хўжалиги агентлиги ташаббуси билан ҳудудий семинар ва Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ишланмаларини амалиётга татбиқ этишга оид кўргазма- ярмарка бўлиб ўтди.

Тадбирда вазирликнинг Тошкент, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё ҳамда Жиззах вилоятлари бошқармалари, ўрмон хўжаликлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Семинар иштирокчилари дастлаб Жиззах вилоят ўрмон хўжалигига қарашли Жиззах шаҳарининг 16 гектарлик участкасида Ўзбекистон ва хорижий давлатларидан олиб келинган турли дарахт уруғлари ва кўчатларини иқлимлаштириш, парваришлаш, кўчатларни етказиб бериш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.  

Жиззах вилоятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўрмон хўжаликларида кўчатчилик, уруғчилик, оналик плантацияларининг долзарблиги” мавзусидаги ушбу ярмарка ва ҳудудий семинарда кўчатлар захирасини яратиш мақсадида ҳар бир ҳудудда питомник, яъни кўчатхоналар ташкил этилаётгани алоҳида таъкидланди.

Жумладан, жорий йилнинг баҳорги мавсумида вилоят бўйича ўрмон хўжаликлари томонидан жами 78 гектар майдонда, шундан Жиззах ва Бахмал давлат ўрмон хўжаликларининг ҳар бирида 16 гектардан, Зомин давлат ўрмон хўжалигида 17 гектар, Хўжамушкент давлат ўрмон хўжалигида 7 гектар, Фориш ва Ғаллаорол давлат ўрмон хўжаликларида 5 гектардан ва қолган туманларда жами 12 гектар майдонда ниҳолхона ва кўчатхоналар ташкил этилди.

Шунингдек, вилоятдаги ўрмон хўжалиги мутахассислари томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экувчиларга кўчатларни экиш ва парваришлаш юзасидан мунтазам равишда атрофлича тавсия ва кўрсатмалар бериб борилмоқда.

Семинарда жойларда ўрмон хўжаликлари ходимлари ва фермерларга қишлоқ хўжалиги ерларида иҳотазорлар барпо қилиш схемаси, кўчатни экиш, парваришлаш, қўриқлаш, сақлаш усуллари ва иҳотазорларнинг қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигини оширишдаги аҳамияти тўғрисида атрофлича маълумотлар берилиб, тарғибот ишлари олиб борилди.

Тадбир иштирокчилари ҳудудларда  барпо этилган иҳотазорлар, дарахтзорлар билан жойига чиқиб таништирилди. Соҳа вакиллари иштирокида дарахт ва бута кўчатларини етиштириш, шифобахш ўсимликларни ўстириш ва кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва оналик плантациялари ўрганилди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Жиззах шаҳридаги “Ўрда” экологик боғида ташкил этилган  Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ишланмаларини амалиётга татбиқ этишга оид кўргазма- ярмаркани катта эътибор билан томоша қилди.

Мазкур ярмаркани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтида ишлаб чиқилган илмий ишланмалар, яъни патентлар, инновацион  технологияларни жадал усулларда етиштирилган дарахт-бута кўчатларини ишлаб чиқарувчи корхона ва фермер хўжаликларига шартнома асосида тижоратлаштириш ҳамда маркетинггини йўлга қўйишдир. Ушбу ярмаркада илмий-тадқиқот институтида сўнгги 5 йил давомида ишлаб чиқилган илмий ишланмалар, жумладан, янги писта навлари ва ресурстежамкор кўчат экиш ўрмон агрегат машиналарига олинган патентлар, инновацион усулда экилган ноёб ва қимматли дарахт-бута кўчатлари, уруғлари, доривор ўсимликлар, дурагай терак навлари ва бошқа шу каби ишлар намойиш этилди.

Ярмарка доирасида вилоятда кўчатчилик, ёнғоқ, писта, бодом плантациялари ҳамда доривор ўсимликларни етиштириш билан шуғулланувчи субъектлар – фермер хўжаликлари, тадбиркорлар, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш корхоналари учун яратилган илмий ишланмаларнинг афзалликлари, устунликлари, уларнинг иқтисодий самарадорликлари  атрофлича тушунтирилди.

– Бугунги тадбиримизга айнан Жиззах вилоятининг танланганлигига сабаб, бу ерда тўртта: тоғ, чўл, воҳа ва водий ҳудудларининг иқлими мужассамлигидир, – дейди биз билан суҳбатда Ўрмон хўжалиги агентлиги директори ўринбосари Ғолибжон Қурбонов. – Президентимизнинг жорий йил 31 майдаги “Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (GreenUniversity) фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг тегишли бандларига асосан Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтида ишлаб чиқилган илмий ишланмаларни жойларда тижоратлаштириш ва жорий этилиш ишларини шартнома асосида ўрмон хўжаликларида амалга ошириш талаб этилади. Соддароқ қилиб, тушунтирганда, илмий- тадқиқот институти ва ўрмон хўжаликлари ўртасидаги амалиёт ва тадқиқот ишларини боғлаш талаб этилади.  

Ярмарка якунида ишлаб чиқарувчи субъектлар ўртасида илмий ишланмаларни шартнома асосида тижоратлаштириш амалга оширилди, соҳа ходимлари томонидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!