» » Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги мамлакатимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшади

Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги мамлакатимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшади

20 сентябрь 2023 г 450 Комментарии: 0

Жиззахдаги “Mingyuan Silu Industry” корхонаси хусусида мақола ёзиш истаги мени корхона томон чорлади. Аввало корхона, унинг минтақамиздаги ўрни ҳақида сўз айтсам. Корхонанинг лойиҳа қиймати 110 миллион АҚШ долларига тенг. Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси “Jizzax” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлашган.Корхона нафақат оддий шиша, балки нақшли шиша ва мижозлар буюртмаси асосида рангли ойналар ишлаб чиқаради.

Корхона йилига 10 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга. Дастлаб корхонани хомашё билан таъминлаш масаласи муаммо эди. Ўзбекистонда ўша пайтда кварц қуми, сода, доломит ва бошқа шу каби фойдали қазилмалар қазиб олинмасди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 18 январдаги “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хомашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори хомашё муаммосиннг ҳал этилишида дастуриламал вазифасини бажарди. Ушбу қарордан сўнг ишлаб чиқариш учун узлуксиз хомашё етказиб беришни ташкил қилиш борасида нафақат Жиззах вилоятида, балки бутун мамлакатимизда улкан ишлар амалга оширилди. 

“Mingyuan Silu Industry” корхонасига зарур бўлган хомашёлар – Зарафшон яқинидаги карьердан кварц қуми, Қўнғирот ва Нукусдан сода, Қашқадарё вилоятидан доломит, Жиззах вилоятининг ўзидан оҳактош олиб келинмоқда. Ойна ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашёлардан фақат махсус бўёқ ҳозирча Хитойдан келади. 

– Бу ерда барча ишлар тўлиқ компьютер орқали бошқарилади, – дейди корхона ишчиси Р.Ғуломжонов. – Бизнинг асосий вазифамиз уни кузатишдан иборат. Унумли меҳнат қилишимиз учун барча қулайлик яратилган. Иш 3 сменада ташкил этилган. Ишчи-хизматчилар махсус кийим-бош билан таъминланган. Ишга келиб-кетиш, овқатланиш ва ҳордиқ чиқаришимиз учун барча шароит яратилган. Ҳозир 220 нафар ёш даромадли иш ўрни билан таъминланган. 

Маҳсулотларнинг тайёрланиш жараёнларини кузатамиз. Аввал маҳсулот майдаланиб, аралашма ҳолига келтирилади. Сўнг махсус печларда 1600-1700 градус ҳароратда эритилади. Сўндирилган шишага турли шаклларда безак берилиб, совитиш тармоқларида тайёр ойна ҳолига келтирилади. Буюртмачининг талабига қараб турли ранглар ҳам берилади. Белгиланган ўлчамларда қирқилиб, тайёр маҳсулот ҳолига келтирилади. 

–Ишимиздаги муҳим жиҳатлардан бири бу хомашё турларининг 90 фоизи маҳаллий маҳсулотларимиздан олинаётганидир, деб ўйлайман. Айни пайтда корхонамизда бир суткада 400 тонна безакли ойна ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 60 фоизи ички бозорга, қолган 40 фоизи Россия, Марказий Осиё ва европалик ҳамкорлар талабига қараб, ташқи бозорга ҳам етказиб берилмоқда, – дейди корхона иш юритувчиси Б.Нуриддинов. 

“Ming Yuan Silu Industry” заводи корхона ва ташкилотларни, шунингдек, мамлакатимизнинг аҳолисини ҳам юқори сифатли ойналар билан таъминламоқда. Бу Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. Қолаверса, Жиззах вилоятининг иқтисодиётида тобора кенгроқ ўз ўрнига эга бўлиб бораётган мазкур лойиҳа бир неча кун муқаддам Жиззахда янги саноат технопаркининг барпо этилишига ва Ўзбекистон – Хитой давлатлари ҳамкорлигидаги 25 та меморандумнинг имзоланишига ҳам катта туртки берди, десак муболаға бўлмайди. 

Корхонани айланиб, унда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кузатиб, ишчи-хизматчилар билан суҳбатлашиб, бир нарсага амин бўлдим. Икки давлат ўртасида ташкил этилаётган қўшма лойиҳалар мамлакатимиз тараққиётига катта ҳисса қўшади. 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!