Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Бахмалда бодомзор яратилди
04 ноябрь 2023 г 258 Комментарии: 0
Бодом – иссиқсевар, қурғоқчиликка ўта чидамли, ксерофит ўсимлик бўлганлиги сабабли йилига 500-700 мм дан зиёд ёғин ёғадиган Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларининг тоғ ва тоғолди қияликларида қадим замонлардан бери ўсиб ҳосил бериб келади.
Бодом кўчати кузда ёки эрта баҳорда экилади. У ёруғликка талабчан бўлганлиги сабабли қалинликни ёқтирмайди, таркибида оҳаги бўлган соз тупроқларда яхши ривожланади. Ушбу мева кўчатлари кам унум, қуруқ тупроқларда хам ўсиши мумкин. Лекин бундай тупроқларда юқори агротехника тадбирларини қўллаш лозим бўлади.
Бодом 3-4 ёшидан ҳосилга киради, 12-18 ёшидан 35-40 йилгача яхши ҳосил беради. Яхши парваришланса 60-100 йил яшаб ҳосил бериши мумкин. Бир тўп бодом дарахтининг ҳосилдорлиги 3-4 кг дан 10-20 кг гача етади.
“Яшил макон” дастури доирасида Бахмалликлар Ўсмат шаҳарчасига кираверишда қаровсиз ва бўш ётган ерларни ўзлаштириб бодом кўчатлари экишга қарор қилишди. Тумандаги давлат ташкилотлари ўзларига ажратилган ер майдонларига ишлов бериб, 30-50 тагача кўчатларни ўтказишди.
Айни пайтда Бахмал туманининг ўзига хос иқлими олма, олхўри, нок, бодом каби мевали дарахтлар билан бирга манзарали ва ёғочбоп кўчатларни ҳам парвариш қилиш имконини беради.
“Боғишамол” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро айни кунда ўзига қарашли экин майдонларига 1000 дона терак кўчати экишга қарор қилди. Маҳалла аҳли эса бу кўчатлар сонини 10 мингтадан оширишни мақсад қилганлар.
Истиқлол МФЙ раиси ташаббуси билан эса яна бир оила ўз хонадонига 100 туп сара олхўри кўчатини экмоқда. Маҳалла ҳудудидаги бўш ерларга эса иқлим шароитига мос катальпа кўчатларини етиштириш режалаштирилган. Бу ишларда маҳалла ёшлари билан бирга нуроний кекса отахонлар ҳам ўзи ҳиссаларини қўшмоқдалар.
“Обод кўча”, “Обод хонадон” ва “Обод маҳалла” дастури амалга оширилаётган Мўғол МФЙда эса яшил макон дастури доирасида “Онахонлар боғи” ташкил этилди. Туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи, нуроний онахонлар, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, маҳалла хотин-қизлар фаоллари билан МФЙнинг биноси ёнида ташкил этилган боғга турли гул ва дарахт кўчатлари экиб уни парваришлашга киришдилар.
Бир сўз билан тупроғига чўп суқиб қўйсангиз ҳам ниҳол униб чиқадиган Бахмал заминида бу борада олиб борилаётган ишлар давом этмоқда. Мақсад табиатда яшилликни кўпайтириш, об-ҳавонинг тозалиги, иқлим мўътадиллигини сақлаш, боғдорчилик маҳсулотларининг мўллигини таъминлашга ҳисса қўшишдир.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!