Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда 2018 йилнинг ўтган даврида 357 та ёнғин содир бўлган
03 декабрь 2018 г 2 499 Комментарии: 0
Жиззах давлат педагогика институтида “Ис гази – кўринмас қотил” мавзусида семинар-учрашув ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – талабаларгаис гази, унинг хусусиятлари ва инсон организмига салбий таъсири, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш учун риоя этиш лозим бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидалари ҳақида батафсил маълумот бериш ва шу орқали ёнғин хавфсизлигини таъминлашда ёшларнинг иштирокини кучайтиришдан иборат, деб эътироф этилди.
Маълумки, ис гази, ёнғинлар инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига, атроф табиий муҳитга жиддий зарар етказади.
Таҳлиллара мурожаат қиладиган бўлсак, 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят ҳудудида 357 та ёнғин содир бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32 тага камдир, албатта ушбу ижобий натижага эришишда тарғибот-ташвиқот ишларининг аҳамияти катта, аммо, ёнғинлар натижасида инсонларнинг тан жароҳати олиши ва ҳалок бўлиши ҳолатлари ҳамон қайд этилаётганлиги ташвишланарли ҳолдир.
Афсуски, ис газидан заҳарланиш ҳолатлари ҳам тез-тез учраб турибди. Таҳлиллар юзага келаётган бундай нохуш ҳолатларнинг аксариятига фуқароларнинг ўзлари айбдор бўлаётганлигини кўрсатмоқда. Оддий ёнғин хавфсизлиги қоидаларини билмаслик ёки билиб туриб эътиборсиз бўлиш аянчли оқибатларга сабаб бўлмоқда. Ачинарлиси, ёнғинлар натижасида инсонлар қурбон бўлмоқда. Шу сабабли, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этаётир.
Тадбирда бу борада ёшларнинг билим савияси ўрганилиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Учрашув давомида талабаларга табиий газдан фойдаланишда газ босимини доимий назорат қилиб бориш, носоз, махсус сертификатга эга бўлмаган ҳамда ностандарт иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик, ўзбошимчалик билан белгиланмаган жойларга газ плиталарини мутахассис рухсатисиз кўчириб олишга йўл қўймаслик, вақтинчалик тортилган электр симларидан фойдаланмаслик ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишлари борасида зарур маълумотлар берилди. Ёнғин хавфсизлиги қоидалари эътиборсиз ва бепарво бўлиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган нохуш ҳолатлар мисоллар ёрдамида тушунтирилди.
Тадбирда слайдлар, видеофильм, ёнғин хавфсизлиги қоидалари акс эттирилган эслатма ва журналлардан фойдаланилиб, содир бўлган ёнғинлардан айримлари қатнашчилар муҳокамасига ҳавола этилди.
Семинар-учрашувнинг якуний қисмида талабаларга хулоса учун сўз берилиб, улар томонидан билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар инобатга олинди.
Семинар-учрашувларнинг бу каби интерфаол усулда ташкил этилиши ёшларнинг ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмода.
Фаррух АБДУРАХМАНОВ
Жиззах вилояти ИИБ ЁХБ
катта муҳандиси, катта лейтенант
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!