» » Жиззахдаги “Yangi nafas”марафонида 2 мингга яқин спорт ихлосманди иштирок этди

Жиззахдаги “Yangi nafas”марафонида 2 мингга яқин спорт ихлосманди иштирок этди

20 ноябрь 2023 г 431 Комментарии: 0

Давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишлаб Жиззах шаҳридаги “Сўғдиёна” спорт мажмуасидан Шароф Рашидов хиёбонигача бўлган 3 километрлик масофага “Бир Ватанда, бир вақтда, бир хил масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” шиори остида“Yangi nafas” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди.

Марафон Ёшлар сиёсати ва спорт, Олий таълим, фан ва инновациялар, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари, “Асака банк” акциядорлик тижорат банки, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик компанияси ва Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Эрталаб соат 7:00да старт чизиғига Жиззах вилояти ва шаҳар ҳокимликлари, Ёшлар ишлари агентлиги, Спортни ривожлантириш ишлари, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Миллий гвардия, Мактабгача ва мактаб таълими, Соғлиқни сақлаш, Мудофаа ишлари бошқармалари, ҳарбий хизматчилар, Жиззах шаҳридаги олий таълим муассасалари талаба- ёшлари,вилоят ногиронлар жамияти каби ташкилот вакиллари жам бўлди.

2 минг нафарга яқин югуришга келганлар орасида мактабгача таълим ташкилоти, умумтаълим мактаблари ва техникумлар ўқувчилари, вилоятдаги 5 та олий ўқув юрти талабалари, уюшмаган ёшлар, ишчи-хизматчилар, ҳарбийлар, нафақадаги отахон, онахонлар, ногиронлиги бўлган, жумладан ,заиф эшитувчи, кўзи ожиз, туғма нуқсони бўлган юртдошларимиз ҳам иштирок этди.

Мусобақага республикамизнинг 16 та шаҳридаги каби Жиззахда ҳам эрталаб соат 7:30 да старт берилди.  Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари махсус автомобилларида ҳамда Миллий гвардия отлиқ хизматчилари давлатимиз байроғини баланд ҳилпиратган ҳолда марафон иштирокчиларини финиш чизиғигача кузатиб келди.

Ушбу югуриш марафонида эркаклар ўртасида Жиззах давлат педагогика университети 2-босқич талабаси Шаҳобиддин Абдуқаюмов маррага биринчи бўлиб етиб келиб,  оммавий югуриш марафони ғолиби бўлди. Миллий гвардия вилоят бошқармаси хизматчиси Аҳроржон Абдувалиев иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, вилоят Ички ишлар бошқармаси вакили Бегзод Чўлиевга учинчи ўрин насиб этди.  

– Мен Жиззах давлат педагогика университетида таҳсил олиш билан бирга мураббийим Алишер Толипов қўл остида тўрт йилдан буён спортнинг енгил атлетика тури билан шуғулланиб келаман, – дейди мусобақа ғолиби Шаҳобиддин Абдуқаюмов. – Биринчи ўринни эгаллаганимдан хурсандман. Бу мусобақада ғолиб бўлишимда мураббийим ва университетдаги устозларимнинг ўгитларига амал қилганлигим, спортни севганим, югуриш билан мунтазам шуғулланиб келганлигим сабабли эришдим, деб ўйлайман.  

Аёллар ўртасида ўтган мусобақада Жиззах олимпия, паралимпия спорт турларига тайёрлаш мактаби 9-синф ўқувчиси Мадинабону Хўрозова марра чизиғини ҳаммадан аввал кесиб ўтиб, биринчи ўринни эгаллаган бўлса, иккинчи ва учинчи ўринларни  Жиззах давлат педагогика университети талабаси Феруза Хайруллаева ҳамда Жиззах шаҳар Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси Файозой Фарруховалар қўлга киритди.  

Мусоқабада имконияти чекланган эркаклар ўртасида Собир Эргашев, аёллар ўртасида Жасмина Ўрозова ғолиб бўлиб, шунингдек, “Энг ёш иштирокчи” номинациясида 4 ёшли Паризода Шодмонова ҳамда “Энг улуғ ёшли иштирокчи” номинациясида 76 ёшли Тўлқин Солиевлар рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланди.

Бундан ташқари, Жиззах политехника институти “Энг яхши ташкилотчи”, марафонда 350 нафар иштирокчи билан қатнашган Жиззах давлат педагогика университети жамоаси “Энг фаол иштирокчилар” номинацияларига лойиқ топилди.  

“Yangi nafas” оммавий югуриш мусобақаси ғолиб ва совриндорларига диплом,  медаллар ва қимматбаҳо совғалар, турли номинация соҳибларига фахрий ёрлиқ, ташаккурнома,  эсдалик совғалари топширилди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!