» » “Янги нафас” марафони – 5 ёшдан 75 ёшгача бўлган жиззахликларни бирлаштирди

“Янги нафас” марафони – 5 ёшдан 75 ёшгача бўлган жиззахликларни бирлаштирди

27 июнь 2022 г 808 Комментарии: 0

Жиззах шаҳридаги “Сўғдиёна” спорт мажмуасидан Шароф Рашидов хиёбонигача бўлган 3 километрлик масофага “Бир Ватанда, бир вақтда, бир хил масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” шиори остида югуриш марофони ўтказилди.

“Янги нафас” югуриш марафони “Ёшлар куни” ва “Халқаро олимпия куни”га бағишлаб ташкил этилиб, унда 2 минг нафардан ортиқ спортсеварлар иштирок этди.

Старт чизиғига Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агетлиги, спортни ривожлантириш ишлари, ички ишлар, Миллий гвардия, халқ таълими, матабгача таълим, соғлиқни сақлаш, мудофаа ишлари бошқармалари, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази, ногиронлар жамияти каби ташкилот вакиллари жам бўлди.

– Марафонда 5 ёшдан 75 ёшгача бўлган юртдошларимиз қатнашди, – дейди Жиззах вилояти енгил атлетика терма жамоаси бош мураббийи, мусобақа бош ҳаками Алишер Толипов. – Югуришга келганлар орасида 5-6 ёшли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари ва техникумлар ўқувчилари, вилоятдаги 4 та олийгоҳ талабалари, уюшмаган ёшлар, ишчи-хизматчилар, ҳарбийлар, нафақадаги отахон, онахонлар, ногиронлиги бўлган, жумладан заиф эшитувчи, кўзи ожиз, туғма нуқсони бўлган юртдошларимиз ҳам бор.

Эрталаб соат 8:00 да югуриш мусобақасига старт берилди. Мусобақа иштирокчилари вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларининг кузатувида финиш чизиғига етиб борди.

– Бахмал туманида яшайман, абитуриентман, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг жисмоний тарбия факультетига ҳужжат топширдим, – дейди Ислом Абдукаримов. – Спортнинг ушбу тури билан 12 йилдан буён шуғулланиб келаман. Ҳар куни эрталаб 5 километрга югуриб машқ қилганим учун ҳам ушбу беллашувда ғолиб бўлдим, деб ўйлайман. Бу йил ўқишга кириб, мамлакат терма жамоаси сафида олимпияда ўйинларида, халқаро турнирларда, Осиё ва жаҳон чемпионатларида мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришни мақсад қилганман.

Хотин-қизлар ўртасида 1-ўринни Ғаллаорол туманидан Ирода Сангирова, имконияти чекланган фуқаролардан эркаклар ўртасида Муҳриддин Мелибоев, аёллар ўртасида Ҳанифа Азимова эгаллади.

Шунингдек, “Энг ёш иштирокчи” номинацияси ўғил болалардан Жиззах шаҳрилик, 6 ёшли Шамшод Пардабоевга, қиз болалардан Ғаллаорол туманидан 6 ёшли Зебунисо Мамашариповага, “Энг ёши улуғ мусобақа  қатнашчиси” номинацияси эркаклардан Шароф Рашидов туманидан 72 ёшли Муқим бобо Солиевга, аёллардан Жиззах шаҳрилик ҳамшира Лола Абдусаматовага насиб этди. “Энг матонатли иштирокчи” номинацияси ногиронлиги бўлган Бахриддин Бўриевга, “Энг ташаббускор жамоа” Жиззах политехника институтига, “Энг фаол жамоа” вилоят наркология диспансерига, “Энг оммавий жамоа” номинацияси Жиззах давлат педагогика университетига топширилди.

Бундан ташқари, 30 нафарга яқин имконияти чекланган, туғма ногиронлиги бўлган, кўзи ожиз, заиф эшитувчи мусобақа иштирокчиларига ҳам эсдалик совғалари топширилди.

Ғолиб, совриндор ва турли номинация соҳибларига совғаларни вилоят ҳокими ўринбосари Азамат Дархонов топширди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!