» » Жиззахда “Янги нафас” югуриш мусобақалари ўтказилади

Жиззахда “Янги нафас” югуриш мусобақалари ўтказилади

10 июнь 2022 г 731 Комментарии: 0

Наманган, Самарқанд, Гулистон, Чирчиқ, Жиззах, Фарғона, Шаҳрисабз, Tошкент шаҳарларида “Ёшлар куни”га бағишланган югуриш мусобақалари ўтказилади.

Бундан беш йил муқаддам давлатимиз раҳбари навқирон авлод вакиллари иштирокидаги қурултойда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган 30 июнь санасини “Ёшлар куни” деб эълон қилиш таклифини илгари сурган эди. Шундан буён юртимизда ушбу сана кенг нишонланиб келинмоқда. 

Эътиборлиси, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилган, ҳукумат миқёсида қабул қилинган эзгу ғояларнинг, ташаббусларнинг мазмун-моҳияти туб заминида мустақил фикрлайдиган, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшашга талпинаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш мужассам. 

Жорий йилнинг 26 июнь куни мамлакатимизнинг Наманган, Самарқанд, Гулистон, Чирчиқ, Жиззах, Фарғона, Шаҳрисабз,, Tошкент шаҳарларида 3 километр масофага югyриш бўйича “Янги нафас” мyсобакалари ташкил этилади. Ундан кўзланган мақсад ҳам ёшлар тимсолида аҳолининг барча қатламларини соғлом турмуш тарзи билан қамраб олишга қаратилган. 

Бугун, 9 июнь куни пойтахтимиздаги Ўзбекистон енгил атлетика федерациясида мазкур мусобақаларга тайёргарлик кўриш, ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Унда “Янги нафас” югуриш мусобақаси нафақат аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг ёйиш, одамларни бир мақсад атрофида бирлаштириш, жипслаштиришга, балки йилдан йилга оммавийлашиб бораётган саломатлик тадбирларининг даражасини юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди. 

Авваллари юртимизда марафон ёки югуриш мусобақалари битта ҳудудда ташкил этилган бўлса, бу сафарги оммавий спорт тадбири бир пайтнинг ўзида 8 та шаҳарда ўтказилади. Барчасида югуришга бир вақтда старт берилиши мусобақанинг нуфузини, унинг қамровини белгилайди. Мамлакатимизда шу соҳага ихтисослашган мутахассисларнинг янгича форматда ишлаш кўникмасини оширади. 

– “Янги нафас” югуриш мусобақаси янгича фикрлаш, янгича тизим, замонавий ёндашув ҳамда илғор ғояларни татбиқ этиш деганидир. Бундай кўриниш ва тартибдаги югуриш мусобақаси юртимизда илк бор ташкил этилмоқда. “Янги нафас” туфайли юзлаб инсонлар оммавий спорт билан қамраб олинади. Қолаверса, бу тадбир одамларнинг кундалик ҳаётига инсон саломатлиги учун муҳим омил бўлган оддий югуриш кириб келишига ёрдам беради. Бундан ташқари, мусобақалар саккизта шаҳарда бир вақтда бошланиши ҳам Ўзбекистон спортида ўзига хос воқелик бўлади, – дейди Спортни ривожлантириш вазирлиги етакчи мутахассиси Санъат Ғуломназаров.  

Йиғилиш якунида мазкур нуфузли югуриш мусобақаларини жойларда байрамона, тартибли ва халқаро талаблар даражасида ўтказиш ва ташкиллаштиришга дахлдор ташкилот мутасаддиларига, мутахассисларга зарур кўрсатмалар берилди. 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!