» » Жиззахлик 50 нафар ёшлар Самарқандда бўлишди

Жиззахлик 50 нафар ёшлар Самарқандда бўлишди

07 март 2019 г 2 254 Комментарии: 0

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят Кенгаши томонидан кафилликка олинган ёшлар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий фаол ҳаётга жалб этиш мақсадида 50 нафар ёш иштирокида вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилди.

Самарқанд шаҳрининг муқаддас зиёратгоҳлари, қадим қадамжолари ва диққатга сазовор жойларига саёҳат қилган ёшлар қалбида яна бир бор Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, аждодларга муносиб авлод бўлиш туйғуси жўш урди.

— Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумига асосан эҳтиётсизлик оқибатида биринчи марта жиноят содир этиб, қилмишидан пушаймон бўлган ёшлар кафиллик асосида суд залидан озод этилмоқда, — дейди ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят Кенгаши юрисконсульти Санжар Умаров. — Биргина ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳам ҳозиргача 53 нафар ёшни кафиликка олиб, озодликка олиб чиқишга эришди. Ушбу ёшларни муносиб иш билан таъминлаш, келажакда ўз йўлини топиши учун кўмак бериш ҳам бевосита бизнинг вазифамиз ҳисобланади. Бугунги кафиликка олинган ёшлар ва кам таъминланган оила фарзандлари иштирокидаги саёҳат эса улар орасида дўстлик ришталарини боғлаш билан бир қаторда, улар эътибордан четда эмаслиги, келажакда юрт учун керакли инсон бўлишини англатишда муҳим аҳамият касб этди.

— Қадим Самарқандни зиёрат қилиб, қалбимда ота-боболаримга, юртдошларимга бўлган меҳрим ортди, оилам олдидаги бурч ва мажбуриятларим кўз олдимдан ўтди, — дейди Жавоҳир Неъматов. — Ёшлар иттифоқи кафиллигида озодликка эришганимдан буён ҳалол меҳнат қилиб, тўғри йўлдан адашмасдан, дунёқарашимни кенгайтиришим, мақсадимни аниқ белгилашни ўйлайман. Ваъда бериб айтаманки, Ватаним берган ишончни, албатта, оқлайман.

Самарқандга уюштирилган саёҳат ёшлар қалбида узоқ вақт сақланиб қолиши, улар бундан кейин ҳам ёшлар иттифоқи атрофида бирлашиб, оиласи, маҳалласи, туғилиб ўсган ерига фойда келтиришга, янги марраларга эришишга ҳаракат қилишларини таъкидлашди.  

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!