» » Жиззахда Республика мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган “Янги Нафас” оммавий югуриш мусобақаси ўтказилади

Жиззахда Республика мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган “Янги Нафас” оммавий югуриш мусобақаси ўтказилади

11 август 2023 г 637 Комментарии: 0

3 сентябрь куни мамлакатимизнинг 16 та шаҳрида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган “Янги Нафас” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятларда турли ёшдаги ҳаваскор ва профессионал спортчилар ҳамда соғлом турмуш тарзи ихлосмандлари мамлакатимизнинг азиз байрами муносабати билан ташкил этиладиган кенг кўламли спорт ҳаракатига қўшилишлари мумкин бўлади.

Ўзбекистон енгил атлетика федерациясида пресс-анжуман ўтказилган бўлиб, унда келгуси оммавий югуриш мусобақасига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди. Тадбирда Федерациянинг бош котиби Камолиддин Рўзимуҳамедов, ташкилий қўмита ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мустақилликнинг 32 йиллиги Тошкент, Нурафшон , Гулистон, Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қоровулбозор, Термиз, Қарши, Ғузор, Хива ва Нукусда “Янги Нафас” оммавий югуриш мусобақаси билан нишонланади. Пойтахтда югурувчиларга 3 ва 10 километрга тенг бўлган икки хил масофа, бошқа шаҳарларда эса 3 километрлик битта масофа тақдим этилади.

“Янги Нафас” югуриш мусобақасининг расмий шиори – “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!» мамлакатимизнинг 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ҳар бир фуқаросини бирлаштирган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини нишонлаш жараёнидаги кайфият ва умумий муҳитни янада аниқроқ акс эттиради.

Таъкидлаш жоизки, анъанавий тарзда муҳим давлат саналари ва халқаро спорт тадбирларига бағишлаб ташкил этилаётган “Янги Нафас” оммавий югуриш мусобақалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2019-2023 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси” тўғрисидаги қарори доирасида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш ҳамда аҳолини фаол турмуш тарзига жалб этиш мақсадида қабул қилинган кенг кўламли давлат дастурининг ижросига яққол мисол бўла олади. Мақсадли давлат дастури аҳолини босқичма-босқич фаоллаштириб, ҳамма даражаларда саломатликни мустаҳкамлаш ва ҳаёт сифатини ошириш масалаларига эътиборни қаратди.

“Янги Нафас” ижтимоий лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишнинг уч йили давомида Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ва “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда 700 минг нафардан ортиқ одам оммавий югуриш мусобақасига қўшилиб, спорт тадбирларида фаол иштирок этишда давом этмоқдалар. “Янги Нафас” лойиҳаси “Save Aral”, “Мен Ғолиб”, “Ватан Қалқони” оммавий югуриш мусобақалари билан ҳамкорликда ёш авлодда ҳам, катталарда ҳам енгил атлетикага қизиқишни янги босқичга кўтарди.

Оммавий спортни ривожлантириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш Янги Ўзбекистон барпо этаётган ижтимоий сиёсатининг ажралмас қисми ҳисобланади.

“Янги Нафас”, шунингдек, югуриш ихлосмандлари учун халқаро майдончага айланиб бормоқда. Тадбир Ўзбекистонда истиқомат қилаётган ва мусобақаларда фаол иштирок этиб келаётган хорижлик фуқаролардан ташқари, Марказий Осиё мамлакатларидан келадиган мусобақа қатнашчиларини ҳам бирлаштиради. Сентябрь ойида Тошкентга Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон спорт клублари вакиллари ушбу байрамда иштирок этиш учун ташриф буюрадилар.

Мустақиллик байрами муносабати билан Тошкент шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги “Янги Нафас” югуриш мусобақасида 31 августгача Iticket.uz сайтида рўйхатдан ўтиш орқали иштирок этиш мумкин. Фуқаролигидан қатъи назар, барча югуриш ихлосмандлари мазкур югуриш мусобақасига қўшилишлари мумкин.

Аҳолининг барча қатламлари спорт мусобақаларида иштирок этишлари учун кенг имконият яратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятларда мусобақа учун рўйхатдан ўтиш ва қатнашиш бепул! Енгил атлетика федерацияси ташаббуси билан ҳар бир ҳудудда “Ягона ижтимоий ҳимоя реестри”, “темир” дафтар, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарларига киритилган фуқароларнинг иштирок этиши учун квоталар ажратилган. Югуриш мусобақалари ва марафонларнинг доимий иштирокчилари орасида ногиронлиги бор фуқаролар ҳам мавжуд.

3 км масофада 9 ёш ва ундан катта ёшдагилар учун спорт мусобақаларида иштирок этишга рухсат этилади. 10 км масофада иштирок этиш ёши 14 ёш ва ундан катта. Барча шаҳарларда соат 6:30 да ягона старт берилади.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!