Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Фориш полигонида маҳаллий давлат ҳокимяти органлари раҳбарлари учун йиғин бошланди
23 ноябрь 2023 г 425 Комментарии: 0
Марказий ҳарбий округ Фориш полигонида маҳаллий давлат ҳокимяти органлари, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокидаги ҳарбий йиғинга старт берилди.
Йиғинда Жиззах, Самарқанд ҳамда Навоий вилоятлари ҳокимлари, туман ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотлар раҳбарлари мамлакат мудофаасини ташкиллаштириш доирасида юклатилган вазифалар бажарилишининг самарадорлигини ошириш учун бевосита ҳарбий хизмат муҳитида бўладилар.
Дастлаб йиғин сигнали бўйича вилоят мудофаа ишлар бошқармасига келган йиғин иштирокчиларига округ қўмондонлиги томонидан ҳарбий ўқувларда зарур бўладиган кийим-кечак ва анжом-аслаҳалар топширилди. Шундан кейин иштирокчилар ҳарбий-ҳисоб мутахассислиги бўйича гуруҳларга тақсимланиб, йиғин давомида режалаштирилган машғулотлар ва кун тартибидаги масалалар етказилди.
Шундан сўнг йиғин иштирокчилари Фориш полигонига келиб, ётоқхоналарга жойлашди. У ерда ҳарбий хизматчилар учун яратилган шароитлар ва бугунги кунда миллий армиямизда мавжуд жанговар техникалар ҳамда қурол-аслаҳалар билан яқиндан танишишди.
Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи,Мудофаа вазирлиги байроғи ҳамда йиғин иштирокчиларининг муносиб ҳиссаси эвазига эришилган Амир Темур жанговар байроқлари олиб кирилди.
Унда сўзга чиққан округ қўшинлари қўмондони полковник Фаррух Зиябаев, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов сўзга чиқиб, йиғин иштирокчиларини қутлади ва бир неча кун давом этадиган машғулотларда омад тилади. Хусусан, жанговар тайёргарлик фанлари бўйича назарий ва амалий машғулотларни ўтказиш йўли билан аввал олинган ҳарбий кўникмаларини қайта тиклашлари, шунингдек, ҳудудий мудофаа ва фуқароларни ҳимоя қилишда даҳлдорлик ҳисларини янада оширишларига ишонч билдирди.
Дарҳақиқат, жорий йилнинг 25 ноябрь кунига қадар давом этадиган йиғинда ҳокимят органи раҳбарлари жаҳон ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият бўйича таҳлилий маълумотлар, Қуролли Кучларни ривожлантиришда ҳарбий-маъмурий секторларнинг фаолияти ва роли билан яқиндан танишиб, ҳамкорликдаги масалаларни кенгайтириш бўйича таклифлар тингланади. Шунингдек, йиғин иштирокчилари машғулотлар давомида алоқа, тактик-тиббий, ҳарбий спорт ҳамда отиш тайёргарликларидан ўтиб, ўзларининг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашади.
Энг муҳими, иштирокчилар оператив, сафарбарлик, ахлоқий-руҳий, тактик тайёргарликлардан ўтиш орқали замонавий армиямизда олиб борилаётган ислоҳотлардан атрофлича бохабар бўлиб боради.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!