Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Дўстлик туманида Президентимиз томонидан қабул қилинган 205-сонли Фармоннинг мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган учрашув ўтказилди
18 декабрь 2023 г 291 Комментарии: 0
Дўстлик туманидаги Маданият саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 12 декабрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 205-сонли Фармоннинг мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда туманда фаолият олиб бораётган фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этишди.
Йиғилишда туман ҳокими Шавкат Дарвишев ҳамда вилоятдан ташриф буюрган қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари, тижорат банклари мутасаддилари сўзга чиқиб, қабул қилинган мазкур ҳужжат ҳақида гапираркан, уни тарихий Фармон дея баҳолашди.
Фармонга кўра, 2024 йил ҳосилидан пахта етиштирувчи хўжаликлар ва кластерлар ўртасида пахта етказиб бериш бўйича фьючерс шартномалари тупроқ ҳосилдорлиги нормативлари доирасида Товар-хомашё биржасининг "пахта хомашёси секцияси"да ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ўтказиладиган савдолар натижаларига кўра тузилади.
Шунингдек, 2024 йил ҳосилидан пахта етиштириш, пахта йиғим-терими ва харидини Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг кредит ресурслари ҳисобидан молиялаштиришда фьючерс шартномаси тузган етиштирувчи ва уруғчилик субъектларига ҳар йили 1 октябрдан, пахта етиштириш учун –пахта қийматининг 60 фоизигача йиллик 10 фоизда 14 ойга, шу жумладан 12 ойлик имтиёзли давр билан кредит ажратилиши белгилаб қўйилган.
Йиғилишда шу каби янгиликлар, хусусан, кластерлар, тижорат банклари, шунингдек, фермер хўжаликлари зиммасига қўйилган вазифалар алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Тадбир якунида фермер хўжаликлари раислари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!