» » Рақамли технологиялар мамлакат ривожига улкан ҳисса қўшади

Рақамли технологиялар мамлакат ривожига улкан ҳисса қўшади

29 декабрь 2023 г 347 Комментарии: 0

Муносабат

XXI асрни Ахборот технологиялари асри, деб номлаш ҳам урф бўлган. Бу бежиз эмас. Чунки, ҳаётимизнинг қайси жабҳасига кўз ташламанг, унда IT технологиялари мустаҳкам ўрин эгаллаётганига, ушбу соҳанинг келгуси тараққиётини белгилаб бераётганига гувоҳ бўламиз. 

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам мамлакатимизни минтақавий “IT-НUB”га айлантириш мақсади белгиланган. Бу эса давлат бошқаруви ва соҳаларни рақамлаштириш, алоқа инфратузилмасини яхшилаш, IT таълимни ривожлантириш каби кўп омилларни талаб этади. 

Стратегиянинг “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш” йўналишида IT соҳасида 300 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш, мактаб ўқувчиларини халқаро IT бозорида талаб юқори бўлган замонавий касбларга ўргатиш, “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини кенгайтириш ва ҳар йили 15 минг нафар энг иқтидорли ёшни нуфузли халқаро компаниялар талабларига мос дастурлар асосида тайёрлаш каби бир қатор долзарб вазифалар белгиланган. 

Шунингдек, Стратегияда IT хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланган. Бунинг учун ҳудудларда IT инфратузилмани ва венчур бозорини ривожлантириш, “local to global” тамойили орқали маҳаллий корхоналарни экспортга олиб чиқиш, юртимизда халқаро компаниялар офисларини очиш каби кўплаб чоралар кўзда тутилган. 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар кўлами белгиланган барча вазифалар ижроси талаб даражасида бажарилишидан дарак бериб турибди. Мисол учун, ахборот технологиялари субъектлари учун яратилган шароитлар ва имтиёзлар натижасида соҳадаги корхоналар ва иш ўринлари сони, хизматлар экспорти ортиб бормоқда. Хусусан, 2017 йилда юртимизда IT компаниялар сони 147 та бўлган бўлса, ҳозир 1 минг 600 тага етди. Иш ўринлари ҳам қисқа вақтда 10 баравар кўпайиб, 24 мингтадан ошди. 2017 йилда 600 минг АҚШ доллари бўлган экспорт ҳажми жорий йил якуни билан 300 миллион доллардан ошиши кутилмоқда. 

Жорий йил 20 декабрь куни Президентимиз раислигида тармоқ ва ҳудудларда ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилган фикр ва мулоҳазалар Стратегияда белгиланган мақсад ва вазифалар билан ҳамоҳанглик касб этгани билан аҳамиятлидир.

Йиғилишда соҳа ривожига қўшимча шароитлар яратилиши белгиланди. Хусусан, соҳа ривожи учун бир қатор имтиёзлар берилиши, халқаро ҳамкорликнинг кучайтирилиши таъкидланди. Рақамли технологиялар вазирлиги зиммасига келгуси йилда 8 минг нафар энг иқтидорли ёшни саралаб, нуфузли халқаро компаниялар талабига мос дастур асосида ўқитиш вазифаси қўйилди. 

Шунингдек, келгуси йилдан “Ҳар бир маҳаллада камида икки нафар дастурчи” лойиҳаси бошланиши, АҚШлик ҳамкорлар билан “Инклюзив рақамлаштириш” лойиҳаси доирасида 20 минг аҳоли бандлиги таъминланиши айтилди. Давлатимиз раҳбари рақамлаштириш маҳалладан бошланиши кераклигини таъкидлади. 

Айни пайтда Жиззах вилоятидаги маҳалла фуқаролар йиғини тизими ходимлари планшет ва компьютер билан таъминланган. Лекин улардан тўла фойдаланилмаяпти. Масалан, ёшлар етакчисига субсидия олиш учун мурожаат қилган фуқаро ҳалигача маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ёки бандлик бўлимидан ишсизлик тўғрисида маълумотнома олиб келишга мажбур. Шу боис мутасаддиларга “Рақамли маҳалла” ягона платформасини ишга тушириш ва “маҳалла еттилиги”ни рақамли тизимлардан фойдаланишга ўқитиш топширилди. 

“Ҳар яхшининг бир ёмони бор”, дейди халқимиз. Ахборот технологияларидан ғаразли мақсадларда фойдаланишга, ёшларимиз маънавиятига таъсир кўрсатишга уринаётган кучлар борлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Бу эса, нафақат соҳа мутахассислари, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари, маҳалла фаоллари, балки дастлабки навбатда ота-оналар фарзандларимизнинг тараққиёт меваси бўлмиш ахборот технологиялари ютуқларидан баҳраманд бўлишида масъулликни оширишини талаб этади.

Белгиланган бу вазифалар давлат дастурлари доирасида сўнгги йилларда чирой очиб, тоза ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси билан таъминланаётган тиббиёт ва таълим масканлари, давр талаблари даражасида фаолият кўрсатаётган, тадбиркорлик ривожланиб бораётган маҳаллаларимизда аҳоли учун янгидан-янги қулайликлар яратилишига катта туртки беради. Одамларимизнинг бугунги кундан рози бўлиб, эртанги кунга умид билан қарашига замин яратади. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ҳар бир соҳа ва ҳудуд рақамли технологиялар билан ҳамоҳанг ривожланмаса, мамлакат ривожланмайди”. 

Эркин Холматов, 

O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раиси, 

Халқ депутатлари Жиззах вилоят кенгашидаги 

O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари. 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!