» » 2024 йил ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йили бўлади

2024 йил ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йили бўлади

05 январь 2024 г 663 Комментарии: 0

Барчамизга маълумки, мухтарам юртбошимиз томонидан 2024 йил Ўзбекистонда «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилинди.

Янги йил табригида президентимиз томонидан «Инсон қадрини улуғлаш, аҳолимиз манфаатларини таъминлаш, бунинг учун кучли иқтисодиёт барпо этиш бизнинг асосий вазифамиздир», — деб таъкидланганлиги бугунги кундаги барча рахбарлар олдига қўйилган кечиктириб бўлмас вазифадир.

Президентимиз томонидан жорий йилда аҳоли, айниқса, ёшларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш – энг устувор йўналишлардан бири бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Умуман, ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутади.
Шу сабабли, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларимиз кўлами ва самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ёшларга таянишимиз бугунги давримизнинг талабидир.

Барчамиз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун ёшларимиздан ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган янги муҳит ва шароитларга мослашиб, ўз танлаган йўлларидан оғишмай юришлари учун тиргак бўлишимиз лозим.

Ёшларимиз ўз олдига катта марраларни қўйиб, уларга эришишлари учун кенг имкониятларни яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш – бугун ҳар қандай даражадаги рахбар олдида турган энг устувор вазифа бўлиши зарур. Шундагина ёшларимиз халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли кучга айланади.

Ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказиш, ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ёшлар жиноятчилиги ва хуқуқбузарликларини олдини олиш, таълим муассасаларидаги, куч тузилмаларидаги ва корхона-ташкилотлардаги ёшларимиз билан тизимли ишлаш йўлида жорий йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ҳам қатор ишлар амалга оширилади.

Дунё тажрибасидан билишимиз мумкинки, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтиради. Шундай экан бугун ёшларимиз учун қанча сармоя киритсак ҳам камдир.

“Янги йилда иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратишни янада кучайтирамиз. Илм-фан, инновация, ИТ каби соҳаларни, „яшил« ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз», — деб таъкидлаганлари бугунги ахборот асрида ёшларимизнинг хусусий бизнесларини ривожлантириш, уларни ИТ соҳаларга кенг жалб қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлигини кўрсатиб турибди. Шундай экан, Жиззах вилоятида ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тадбирларини жорий йилда янги босқичга олиб чиқишда бор куч ва салоҳиятимизни ишга соламиз!
Янги йил барчамизга қутлуғ бўлсин!

Муродбек Раҳмонбердиев,

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
Жиззах вилояти Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари Жиззах
вилояти Кенгаши депутати.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!