Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Сенат Кенгаши сайёр мажлисида Жиззах вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижроси муҳокама қилинди
27 февраль 2024 г 217 Комментарии: 0
Жорий йил 27 февраль куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг Жиззах вилоятида навбатдаги сайёр мажлиси бўлиб ўтди. Уни Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Мажлисда парламент назорати доирасида Сенат ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг 12-14 февраль кунлари ўтказилган ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини ўрганиш натижалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги 7 йилда Жиззах вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13 та фармон ва қарори, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 40 га яқин қарорлари қабул қилинди.
Ушбу даврда қарийб 2,5 млрд долларлик инвестициялар жалб қилиниб, 3,5 мингта янги корхона ишга туширилган. Бу орқали 46,9 мингта доимий иш ўрни яратилган, маҳаллий бюджетда 1,1 трлн сўмдан зиёд қўшимча манба маблағлари шакллантирилиб, ҳудуд ихтиёрида қолдирилган.
Вилоят иқтисодиётидаги ўсиш суръатини биргина 2023 йил мисолида кўриб чиқадиган бўлсак, ўтган йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 33,3 трлн сўмни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 105 фоизга ўсган. Шунингдек, ўсиш саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва қурилиш соҳаларида ҳам таъминланган.
Инвестиция дастурлари доирасида 760 млн долларлик 700 дан зиёд лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 10 минг иш ўрни яратилган. 684,5 млн долларлик ёки 2022 йилга нисбатан қарийб 1,7 баробарга кўп тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган.
Иқтисодий фаолликнинг ошиши натижасида қарийб 4,4 минг янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, бугунги кунда фаолият юритаётган субъектлар сони 16,7 мингдан ошган.
Аҳолини иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилганлиги натижасида 157,5 минг киши доимий, вақтинчалик ва мавсумий иш ўринларига жойлаштирилган.
Муҳокама жараёнида сенаторлар ҳудудда амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга ҳал этилиши лозим бўлган масалаларга ҳам тўхталиб ўтди.
Дўстлик ва Зарбдор туманларида бўш турган давлат объектларига тадбиркорларни жалб қилган ҳолда янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил қилиш ишлари суст ташкил қилинган.
Экспорт прогноз кўрсаткичлари Зафаробод ва Янгиобод туманларида 30 фоизга ҳам бажарилмаган.
Вилоят ҳудудларида ташкил этилган ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарининг бош режаси бугунги кунга қадар ишлаб чиқилмаган. Шунингдек, саноат зоналарини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш бўйича ўз ечимини кутиб турган масалалар мавжуд.
Мажлисда сенаторлар томонидан мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини, жумладан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган аҳолининг муаммоларини “хонадонбай” ҳал этиш бўйича ишларни тизимли равишда давом эттириш, олий даражадаги ташрифлар доирасида имзоланган савдо-иқтисодий келишувлар бўйича тасдиқланган “йўл хариталари” ижросини самарали амалга оширилишини таъминлаш шулар жумласидандир.
Шунингдек, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари ҳар ойда дастурлар доирасида белгиланган топшириқлар ижросига масъул идораларнинг амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиши, бу борада масъулиятсизликка йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриши зарурлиги таъкидланди.
Муҳокама якунида Сенат Кенгашининг ўз ечимини кутиб турган муаммоли масалаларни бартараф этиш ва келгусида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижросини самарали ташкил этиш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш юзасидан тегишли қарори қабул қилинди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!