Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Давлат дастури – инсон манфаатлари рўёби
25 март 2024 г 344 Комментарии: 0
2024 йил республикамизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан ёшлар бандлигини таъминлашнинг янги йўналишларини белгилаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилишнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш асосий мақсадлардан бирига айланди.
Шу муносабат билан, давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони тасдиқланиб, ижрога йўналтирилди.
Аҳамиятли томони шундаки, ҳар йилги давлат дастури ишлаб чиқилишида “Жамият - ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғояни амалиётда рўёбга чиқариш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштироки кўламини кенгайтириш, инсон, жамият ва давлатнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини ўрнатиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, халқимизнинг хоҳиш-истаклари, фикр-мулоҳазалари асосида ишлаб чиқилди. Ўтган йиллар тажрибасидан маълумки, Ўзбекистон тараққиётини белгилаб берувчи мазкур ҳужжатлардаги энг халқчил ғоялар жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар асносида яратилмоқда. Шунинг учун юртдошларимизнинг ушбу жараёнлардаги фаоллиги, ислоҳотларга бўлган дахлдорлик ҳисси йилдан-йилга ошиб бормоқда.
2024 йилги давлат дастури 5 та йўналиш ва 100 та мақсаддан иборат бўлиб, унда ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, “хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Дастурнинг аҳамиятли томонларидан бири шундаки, унда жорий йилда амалга ошириладиган ислоҳотларда биринчи ўринга шахс, инсон қадр-қиммати юқори ўринга қўйилган, халқ манфаати ва қадр-қиммати асосий мезонга айланган.
Хусусан, дастурдаги биринчи мақсаддан ўн учинчи мақсадгача мактабгача таълим, умумий ўрта таълим ҳамда олий таълим тизимида таълим олиш жараёнини ривожлантириш, ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада мустаҳкамлаш, ёшларни турли лойиҳалар ва танловлар орқали илм олишга бўлган қизиқишларини янада ошириш, уларни замонавий касб-ҳунарга йўналтириш борасида кенг имтиёзлар яратиш белгиланган.
Албатта, яратиб берилаётган бундай имкониятлар барча ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ўзаро дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, интеллектуал қобилиятларини ривожлантириш, ўз билим ва салоҳиятларини намоён қилиш ҳамда ишсиз ёшларни турли касб-ҳунар ва тадбиркорлик орқали бандлигини таъминлашда муҳим дастуруламал бўлиши шубҳасиз.
Президент фармонининг 32-бандида “Юксалиш” ҳаракати Давлат дастурининг амалга оширилишини, шу жумладан жойларга чиқиб, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда танқидий ўрганиб бориши ва натижалари бўйича ҳар ойда юқори турувчи органга ахборот киритиб боришининг мустаҳкамлаб қўйилиши бизга катта ишонч ва масъулият юклайди. Жумладан, давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари Ҳаракатнинг мазкур банд ижроси бўйича фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиб бориши, уларга зарурий шарт-шароит яратиб беришининг белгилаб қўйилиши Давлат дастурининг самарали ижросида катта омил бўлиб хизмат қилади.
Шу ўринда айтишимиз мумкинки, амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар жараёни тизимли давом этиб, улар ўз самарасини беришидан барча юртдошларимиз бирдек манфаатдор. “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичини бошлаб беришига, уни амалиётга жорий қилишда барча давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам камарбаста бўлишига ишончимиз комил.
Музаффар МАМАТҚУЛОВ,
“Юксалиш” ҳаракати Жиззах
вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!