Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармони: ҳам имконият, ҳам масъулият!
05 март 2024 г 437 Комментарии: 0
Барчамизга маълумки, 2024 йил юртимизда «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили», деб эълон қилинди.
Бу мамлакатимиз ёшларининг юртимиз равнақи ва юксалиши, фуқароларнинг фаровон турмуш, муносиб ҳаётга эга бўлиши, жаҳондаги илғор жамиятлар сафидан ўрин олиши каби мақсадларни ҳаётга татбиқ этишдаги ўрни ва роли залворли эканлигининг эътирофи бўлди, десак янглишмаймиз.
Айнан шу мақсадда, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-37-сон, 21.02.2024 й.) қабул қилинди.
Фармон билан, кенг жамоатчилик билан муҳокамаларда билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида қуйидаги муҳим чора-тадбирлар тасдиқланди:
2024 йилга мўлжалланган йўналишлар кесимидаги амалий тадбирлар режаси;
2024 йилда йўналишлар кесимида ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхати.
Тадбирлар режаси қуйидаги 5та йўналиш ва жами 100 та мақсаддан иборат:
Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш;
Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш;
Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш;
«Хавфсиз ва тинчликсевар давлат» тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.
Демак, бундан кўриниб турибдики соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, уларни мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларнинг фаол ва бевосита иштирокчиси, жамиятнинг ҳақиқий таянчи ва суянчига айлантириш мамлакатимизнинг устувор ва стратегик вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Хусусан, кейинги 7 йилда ёшлар сиёсати самарадорлигига оид жами 100 га яқин қонун ва қонуности ҳужжатлари, жумладан, 2016 йил 14-центябрда Ўзбекистон Республикасининг «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида» ги қонуни қабул қилинди. 2017 йил 30 июнда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилиб, унинг асосий мақсади ёшларнинг барча ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишга қаратилди. Ўз навбатида, Президент таклифига кўра, «Ўзбекистон Республикасида ёшлар кунини белгилаш тўғрисида» ги қонун билан 30 июнь –«Ёшлар куни» деб эълон қилинди.
Ҳозирда ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётган ёшларга оид давлат сиёсати ёшларнинг замон талаблари даражасида таълим олиши, ўсиб-улғайиши, ўз билим ва салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитларни яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, мустақил фикрлайдиган, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қарайдиган, ўзининг қатъий ҳаётий эътиқод ва қарашларига эга бўлган, «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланган, миллий менталитетимизга ёт зарарли таъсирларга қарши туришга қодир ёшларни тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида мамлакатимиз ёшларининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий онг даражасининг ўсиб бориши, жамиятни демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнларининг жадал ривожланиши, ёш авлоднинг илм-фан, спорт соҳасида эришаётган ютуқлари бу соҳадаги ислоҳотларни янги, янада юқори босқичга кўтаришимиз учун зарур шароитларни юзага келтираётгани ҳеч кимга сир эмас.
Жорий йилнинг – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилиниши ҳам мамлакатимизда амалга оширилиб келинаётган ислоҳотларнинг узвий ва мантиқий давоми бўлди. «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг ёшларга ва тадбиркорликка оид мақсадларига айнан уйғундир. Хусусан, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ёшларнинг замонавий касблар билан машғул бўлишини таъминлаш учун ҳар бир вилоятда биттадан «Креатив парк»лар фаолиятини ташкил этиш, уларга йилига камида 40 минг нафар ёшларни жалб қилиш, ҳар йили 500 нафар истеъдодли ёшларни хорижнинг нуфузли олий ўқув юртларига ўқишга юбориш, мактаб битирувчиларининг камида 2 та хорижий тил ва 1 та касб эгаллашини таъминлаш, китобхон ёшлар сонини 5 миллион нафарга етказиш, «Топ-500» га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури асосида «икки дипломли тизим»ни жорий этиш каби мақсадлар ўрин олган.
Ҳолбуки, соғлом, билимли, маданиятли ёшлар мамлакат тараққиёти ва келажагини белгилаб берувчи ҳамда жамиятда ижобий ўзгаришларни амалга оширишда ҳаракатлантирувчи кучдир. Ёшларга оид давлат сиёсати аввало ҳар бир давлатнинг ички сиёсати бўлиб, ёшлар ва давлат ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, ёшларга оид давлат сиёсати ҳеч қачон якунланган тизимни англатмайди. Бу соҳадаги изчил ва ҳаётчан ислоҳотлар давр талаби ва мавжуд шарт-шароитдан келиб чиқиб, такомиллаштириб бориладиган узлуксиз жараёндир.
Мухтасар қилиб айтганда, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармони «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган кенг кўламли ислоҳотларни 2024 йилда самарали амалга ошириш, халқимизнинг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича тизимли ҳаракатларни изчил давом эттириш, «яшил иқтисодиёт» тамойилларига асосланган юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, экологик ҳолатни яхшилаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан унумли фойдаланиш стандартларини кенг жорий қилиш ҳамда халқ манфаатларига йўналтирилган бошқарув тизимини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинди.
Ушбу Фармон биз учун ҳам имконият, ҳам масъулиятдир!
Муродбек Раҳмонбердиев,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
Жиззах вилояти Кенгаши раиси,
Ҳалқ депутатлари Жиззах
Вилояти Кенгаши депутати.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!