» » Жиззахда базальт асосли маҳсулотларни иқтисодиётнинг турли соҳаларида қўллаш самарадорлигига бағишланган халқаро форум бўлиб ўтди

Жиззахда базальт асосли маҳсулотларни иқтисодиётнинг турли соҳаларида қўллаш самарадорлигига бағишланган халқаро форум бўлиб ўтди

29 апрель 2024 г 1 136 Комментарии: 0

Фориш тумани «Эгизбулоқ» маҳалласи ҳудудида фаолият юритаётган «Basalt Uzbekistan» кластерида «Базалт асосли маҳсулотларни иқтисодиётнинг турли соҳаларида қўллаш самарадорлиги»га бағишланган халқаро форум бўлиб ўтди.

Халқаро форумда Германия, Италия, Туркия, Россиядан ташриф буюрган инвесторлар, қурилиш корхоналари, лойиҳалаш инстутлари ва бошқа манфаатдор вазирлик, идоралар вакиллари, маҳаллий ва хорижий ишбилармонлар иштирок этишди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 8-9 апрель кунлари Жиззах вилоятига ташрифида «Basalt Uzbekistan» кластери фаолияти мисолида базальт маҳсулотлари афзалликларини кенг тарғиб этиш, илмий тадқиқот ишларини жадаллаштириш ҳамда ташқи бозорга чиқишини янада фаоллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берганди.

Фориш тумани Осмонсой конидаги қимматли топилма – базальт тошлари мамлакатимиз саноат тармоғи учун муҳим воқелик бўлди, – дейди «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси раиси маслаҳатчиси Баҳодир Исмаилов. – «Basalt Uzbekistan» кластери ташаббускорлари томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар эса, юртимизда ушбу турдаги янги конларни аниқлашга туртки берди.

Республикада йиллик қуввати 194 минг тонналик базальт тошидан иссиқлик сақловчи минерал плиталар, 16 минг тонналик базальт толаси ва фибра, 2 минг тонналик базальт арматураси, 5 минг тонналик композит қувурлар ва 9 минг тонналик композит геосеткалар ишлаб чиқарувчи 9 та корхона фаолият юритмоқда. Улардан бири – Фориш туманида 46,8 гектар майдонни эгаллаган «Basalt Uzbekistan» кластеридир.

Форумда кластернинг бугунги имкониятлари ҳамда режалари тақдимот қилинди. Йилига 177 минг тонна базальт тошидан олинаётган махсус тола ва унинг асосида ишлаб чиқарилаётган 42 турдаги маҳсулотларнинг 80 фоизи 24 та давлатга АҚШ, Англия, Полша, Италия, Чехия, Грузия, Россия, Туркия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларга экспорт қилинаётгани кўпчилик эътиборини тортди.

Мамлакат Президентининг соҳани илмий томонлама ривожлантириш борасида берган кўрсатмалари таҳсинга лойиқ, зеро, ҳар қандай кашфиёт ва тараққиёт илм-фан асосида юзага келади, – дейди Корея муҳандислик ва қурилиш технологиялари институти профессори Kim Xong Sop. – Фаолиятимиз қурилиш ва қурилиш материаллари соҳасида амалий тадқиқотларни ривожлантиришга асосланган. Ўтган йилда жамоамиз томонидан қарийб 140 млн. долларлик илмий изланишлар олиб борилди. Ўзбекистонда ҳам «R&D tadqiqotlar markazi»ни ташкил этиб, ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда олимлар ўртасида «алоқа занжири»ни таъминлаш ҳаракатидамиз. Бу саноат ривожини 5-10 йилга тезлаштиради, маҳаллийлаштиришни кучайтиради, илғор технологияларни маҳаллий шароитда қўллаш самарадорлигини оширади.

Форум дастурига кўра иштирокчилар Ўзбекистонда базальт асосида инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳолати ва истиқболлари билан таништирилди.

Маҳсулот сифати ва хусусиятлари, лаборатория синовлари ва сертификатлаш, логистика каби масалалар юзасидан фикр алмашилди. Бу борада жаҳон стандартлари, ушбу йўналишда амалга оширилаётган изланишлар ва янгиликлар, илғор технология ва ускуналар ҳақида тақдимот намойиш этилди.

Халқаро форумда Жиззах вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Сарвар Абдуллаев иштирок этди.

Форум якунида иштирокчиларнинг «Basalt Uzbekistan» кластери корхоналари бўйича экскурция ташкил этилди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!