Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » ТАЪСИРЧАН ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ–ТАРАҚҚИЁТНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ
16 май 2024 г 386 Комментарии: 0
Бугунги кунда жамиятимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар амалга оширилиб, мамлакатимизда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуришнинг асослари тобора мустаҳкамланмоқда.
Инсоният орзу қилган адолатли, эркин, фаровон фуқаролик жамиятига эришишнинг энг тўғри йўли — бу ҳокимият ва давлат бошқарув идоралари устидан фуқароларнинг кенг қамровли жамоатчилик назорати ўрнатилишидир. Жамоатчилик назорати қай даражада кучли бўлса, давлат ҳам шунчалик халқчил, эркин ва адолатли бўлади.
Конституция ва қонун устуворлигига эришишда эса, табиийки, жамоатчилик назорати институтидан унумли фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
Аслида жамоатчилик назорати юртимизда узоқ тарихий илдизларга эга. Бу институт бизда қадим-қадимдан оқсоқоллар Кенгаши кўринишида намоён бўлиб келган. Бу Кенгашлар маҳаллалардаги ободонлаштириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ўзини-ўзи ҳимоя қилиш, ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлиш, фарзандлар тарбиясига лоқайд қарамаслик ва бошқа жамоат ишлари билан шуғулланадиган жамоатчилик тузилмаси ҳисобланган.
Бугунги кунда эса, давлат бошқаруви ва ҳокимияти органларининг самарали фаолият юритишида жамоатчилик назорати омили жуда муҳим аҳамият касб этади. Давлат органлари раҳбар-ходимларининг қонунларга қатъий амал қилиб, ўз зиммаларидаги вазифа ва мажбуриятларини масъулият билан адо этишларида бу институтнинг таъсир доираси ниҳоятда юқори.
Шундай экан, жамоатчилик назоратини амалга оширишда, биринчи навбатда, барча фуқароларнинг, қолаверса, нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва ролини янада кучайтириш лозим. Бу борада бугун мамлакатда кечаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнларга нисбатан масъулият, ташаббускорлик, дахлдорлик ҳислари ҳар бир инсон онгида шаклланиши керак. Биз ҳар қандай қонунбузилиш ҳолатларига муросасиз бўлсак, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига кўпчилик бўлиб баҳо берсак, ўз
фикр-мулоҳазаларимизни эмин-эркин баён этсак, ана ўшанда чинакам қонун устуворлиги таъминланади.
Жамоатчилик назорати мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг самараси ва муваффақиятини таъминлашда асосий воситалардан бири сифатида майдонга чиқади. Шундай экан, жамоат ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган жамоатчилик назоратининг моҳияти, мазмуни ва шакллари, услубларини ҳамда у қандай ҳолатларда намоён бўлиши тўғрисидаги назарий ва амалий масалаларни тадқиқ этиш бугунги кунда олдимзда турган долзарб масалалардан бири эканлигини эътироф этиш жоиз. Жамоатчилик назорати жамиятда ижтимоий адолатнинг барқарорлигини таъминлашда шахс, жамият ва давлат алоқаларида тенглик, масъулият ва жавобгарлик бўлиши учун хизмат қиладиган омилдир. У инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат давлат томонидан кафолатланиши, балки давлат органлари фаолиятида уларнинг устувор бўлишини таъминлайди.
Юртбошимиз таъкидлаганларидек, жамоатчилик назорати қабул қилинган қонунлар ва қонун ҳужжатлари ижроси, ҳокимият қарорлари қандай қабул қилиниши ва ижро этилиши, қонун ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг тайёрланиш жараёни, давлат органлари ҳамда улардаги мансабдор шахсларнинг фаолияти фаолияти устидан олиб борилиши зарур.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жамоатчилик назоратининг амалга оширилиши, ўз навбатида, қонун ҳужжатларининг устуворлигини таъминлашда, уларнинг амалиётда тўлиқ татбиқ этилишида, фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишда, улар томонидан турли хил ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олишда, ижтимоий ҳимояни такомиллаштиришда, тадбиркорликни ривожлантиришда, соғлом рақобат муҳитини яратишда, энг муҳими, фаровон турмуш тарзини кучайтириш тизимини янада такомиллаштиришда алоҳида ўрин тутади.
Давлат дастурлари ижросида ҳам самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш белгиланган вазифаларнинг амалиётга жорий этилишида муҳим рол ўйнайди. “Ўзбекистон -2030” стратегиясининг 2024 йил “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури бўйича Президент фармонининг
32-бандида “Юксалиш” ҳаракати Давлат дастурининг амалга оширилишини, шу жумладан жойларга чиқиб, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда танқидий ўрганиб бориши ва натижалари бўйича ҳар ойда юқори турувчи органга ахборот киритиб боришининг мустаҳкамлаб қўйилиши ҳаракат томонидан бу борада самарали жамоатчилик назоратини олиб борилишини белгилаб беради. Жумладан, давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари Ҳаракатнинг мазкур банд ижроси бўйича фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиб бориши, уларга зарурий шарт-шароит яратиб беришининг белгилаб қўйилиши Давлат дастурининг самарали ижросида катта омил бўлиб хизмат қилади.
Шу ўринда айтишимиз мумкинки, амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар жараёни тизимли давом этиб, улар ўз самарасини беришидан барча юртдошларимиз бирдек манфаатдор. Шунинг учун амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар барча фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларидан таъсирчан жамаотчилик назоратини амалга оширишда фаолликни талаб этади.
Музаффар МАМАТҚУЛОВ,
“Юксалиш” ҳаракати Жиззах
вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!