Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Фуқаролик жамиятини ривожланишда муҳим қадам
20 ноябрь 2019 г 1 869 Комментарии: 0
Мамлакатимизда мустақилликка эришган дастлабки йилларданоқ юртимизда фуқаролик жамиятини тараққий эттиришга, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятига ижобий ёндашилиб бениҳоя ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда.
Ўтган давр ичида кенг қамровли хуқуқий база яратилди ва мунтазам равишда такомиллашиб борилаяпти. Республикамизда жамоат ташкилотларининг қанчалик муҳим аҳамият касб этишини давлатимиз Конституциясида нодавлат нотижорат ташкилотларига оид бўлим ва бандлар мавжудлиги ҳам тасдиқлайди.
Конституциямизнинг “Жамоат бирлашмалари” деб номланган ХIII боби тўлалигича айнан ННТларга тегишли.
Мамлакатимизда улар фаолияти учун асос вазифасини умумий ва махсус ҳуқуқий актларга таянган хуқуқий база таъминлайди. Бундайлар сирасига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Фуқаролик, Солиқ кодекслари, Ўзбекистон Республикасининг“Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Жамоат фондлари тўғрисида”,“Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”, “Хомийлик тўғрисида”ги қонунлари ва қонуности ҳужжатлари киради. ННТлар фаолиятига мамлакатимиз раҳбарияти томонидан алоҳида эътибор билан қаралмоқда.
Жумладан, 2019 йилнинг 30 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази фаолиятини қўллаб–қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4501-сонли қарори қабул қилинди.
Қарорга биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашининг самарали фаолиятини таъминлаш мақсадида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мусақил институтини “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази” этиб қайта ташкил этиш ҳақидаги таклифига розилик берди.
Марказ ўз низомидан келиб чиқиб соҳа етакчиларидан бири сифатида бир қанча йўналишларда иш олиб боради. Яъни, унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат:
-халқ билан мулоқот холати ва ривожланишини ўрганиш, давлат органлари фаолияти очиқлигини тизимли таҳлил қилиш;
-фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида илмий ва эксперт доиралар иштирокида фундаментал ва амалий тадқиқотлар ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашиш;
-фуқаролик жамияти ривожланишининг норматив-ҳуқуқий тартибга солиниши ҳолатини ва ушбу соҳада хуқуқни қўллаш амалиётини тизимли ўрганиш ва таҳлил қилишни ташкил этиш;
-ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга оширишни ўрганиш ва таҳлил қилишни ташкил этиш;
-фуқаролик жамияти ривожланишини, унинг институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлик даражасини, шунингдек, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қўшган ҳиссасини баҳолаш индикаторларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни ташкиллаштириш;
-демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнларини, аҳолининг ижтимоий кайфиятига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва бошқа вазифаларни ўрганиш ва тизимли таҳлил қилиш;
-рақобатдош кўп партияли тизимнинг ривожланиш даражасини тизимли таҳлил қилиш;
-мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокининг муаммоларини тизимли ўрганиш;
-фуқаролик жамиятини ташвишга солаётган долзарб масалалар бўйича илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва жамоатчилик эшитувларини ўтказишни ташкил этиш;
-фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсати ва унинг амалий натижалари ҳақида жамоатчилик фикрини тизимли ўрганишни ташкил этиш;
-фуқаролик жамияти институтлари вакилларига тегишли профессионал кўникмаларни шакллантиришда ва ишбилармонлик малака даражасини оширишда кўмаклашиш;
-давлат ва жамият ўртасида очиқ мулоқотни ташкил этиш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, аҳоли билан қайта алоқа механизмларини йўлга қўйиш, фуқароларнинг долзарб муаммоларини ҳал этишнинг оптимал ёндошувларини ишлаб чиқиш;
-Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши фаолиятини ташкилий-услубий ва ахборот жиҳатдан таъминлаш.
Юқорида белгилаб олинган вазифаларни амалга ошириш давомида Марказ томонидан фуқаролик жамияти институтлари яъни ННТлар, сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари, ҳаракатлар ва бошқалар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида ушбу тузилмаларда фаолият олиб бораётган малакали мутахассислардан иборат экспертлар гуруҳини шакллантиради.
Улар ёрдамида мавжуд муаммолар ўрганилади, фаолият самарадорлиги механизмлари ишлаб чиқилади. Албатта бу борада тадқиқотлар, илмий изланишлар ташкил этилади. Булар марказ фаолиятини ташкил этишнинг асосий усулларидан биридир.
Шунингдек, Марказ ва унинг худудий бўлинмалари томонидан кучли ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни комплекс ўрганиш, таҳлил қилиш ва баҳолашнинг яхлит ва мустақил тизимини шакллантириш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати механизмлари самарадорлигини ошириш, уларни янада ривожлантиришга оид таклифларни ишлаб чиқиш учун илмий-амалий майдон яратиш кўзда тутилган.
Фуқаролик жамияти институтлари йилдан –йилга барқарор ривожланиш пиллапоясига чиқиб бораяпти. Фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий фаоллигини оширишда ўзининг дастурига таяниб тарғибот-ташвиқот ишларини режа асосида олиб бораяпти.
Бир сўз билан айтганда, фуқаролик жамияти институтлари барқарор ривожланиш йўлидан дадил бораётгани яққол намоён бўлаётир.
Жаҳонгир Бобобеков,
Фуқаролик жамиятини ривожлантириш Маркази
Жиззах ҳудудий бўлинмаси
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!