» » Тармоқ ва ҳудудларда энергия самарадорлигини ошириш ва куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш бўйича вазифалар белгиланди

Тармоқ ва ҳудудларда энергия самарадорлигини ошириш ва куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш бўйича вазифалар белгиланди

11 июнь 2024 г 210 Комментарии: 0

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 10 июнь куни энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда энергетика соҳаси объектлари куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Энергетика тармоғини ривожлантириш ва барқарор фаолиятини таъминлаш, энергия манбаларини ва генерация қувватларини кўпайтириш – давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши. Шу билан бирга, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланмасдан,  тармоқ ва ҳудудларда, ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий соҳаларда энергия самарадорлигини таъминламасдан тизимда юқори натижаларга эришиб бўлмайди.

Шу муносабат билан йиғилишда мазкур масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўтган йили электр ва газни тежаш бўйича туманбай дастурлар қабул қилинди. Хонадонлар ва ижтимоий объектларда ўрнатилган биргина қуёш коллекторлари ҳисобига 20 миллион киловатт электр тежалмоқда. Саноат корхоналари ҳам “яшил энергия” манбаларини жорий қилмоқда.

Лекин айрим ҳудудларда ишлар суст бўлгани учун электрни иқтисод қилиш режаси тўлиқ бажарилмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Янги ижтимоий объектларни лойиҳалаштиришда энергия тежамкорлик бўйича қатъий талаб киритиш, маъмурий бинолар, кўп қаватли уйлар, корхона, савдо ва сервис биноларида энергия самарадорлиги бўйича техник шартларни ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. 

Йиғилишда жорий йилда 1 мингта ижтимоий объектни куз-қиш мавсумига тайёрлаш топширилди. Жумладан, 251 та шифохона, 292 та боғча, 393 та мактаб ва интернат таъмирланади.

Президент тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг бу йил электр ва газни тежаш режаси қониқарсиз эканини, улар янада катта марра олиши шартлигини таъкидлади.

Ҳар бир ҳокимга биттадан туманни танлаб, электр ва газ тежаш бўйича намуна қилиш топширилди. Ушбу туманларда бу йил 750 миллион киловатт электр ва 550 миллион куб метр газ иқтисод қилинишига эришиш муҳимлиги таъкидланди.

- Тежаш – йўқотишларни камайтириш, тежамкор технологияларни жорий қилиш ҳисобига бўлиши шарт, - деди давлатимиз раҳбари.  

Йиғилишда бундан буён илғор тажриба асосида соҳа ва тармоқларда энергия самарадорлигини баҳолаш бўйича янгича тизим амал қилиши белгиланди.

Бунда йилига камида 4 миллион киловатт электр ёки 375 минг куб метр газ сарфлайдиган йирик истеъмолчилар ҳар уч йилда энергия аудитидан ўтади. Энергоинспекция ҳар йили йирик истеъмолчилар рўйхатини эълон қилиб боради, аудитдан ўтмаган корхоналарга газ ва электр оширилган тарифда етказилади.

Мутасаддиларга йил якунигача янги тизим билан боғлиқ техник регламент ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Юртимизда электромобиллар сони охирги уч йилда 10 карра ошиб, 35 мингтага етди. Жиззахда электромобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

Шу муносабат билан электр тизимини ривожлантиришда янги зарядлаш қувватларини ҳисобга олиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Эндиликда электромобилни хонадонда қувватлашни рағбатлантирадиган тунги тариф жорий қилинади. Қувватлаш ускунасига ҳисоблагич ўрнатган аҳолига тунги вақтда қувватлаганлик учун арзон тариф қўлланади.

Шунингдек, кўчалар, кўп қаватли уйлар атрофида 22 киловаттгача, хонадонда 7 киловаттгача зарядлаш станцияси ўрнатиш мумкин бўлади. Давлат ташкилотлари, савдо маркази, меҳмонхона ва дам олиш масканлари автотураргоҳида қувватлаш станцияси ўрнатилади.

Республикамиздаги 39 мингга яқин кўп қаватли уйга 819 та бошқарув компанияси хизмат кўрсатмоқда. Солиқ имтиёзи, арзон кредит берилгани, эски қарзлар “музлатилгани” ҳисобига улар оёққа турмоқда. Масалан, бир йил олдин 133 та бошқарув компанияси “оғир” тоифада бўлган бўлса, ҳозир бундай компания қолмади. Натижада йил бошидан 2 минг 100 та кўп қаватли уй таъмирланди, 1 миллионга яқин дарахт ва гул кўчатлари экилди.

Йиғилишда ҳамма жойда ҳам одамлар уйларни бошқариш сифатидан қониқмаётгани қайд этилди. Кўплаб бошқарув компаниялари фақат кўчаларни супуриш ва тозалаш, жорий таъмирлаш билан чекланаяпти. Лекин уйлар атрофини ободонлаштириш, том, ички ва суғориш тармоқларини соз ҳолда сақлаб туриш каби асосий вазифалар эътибордан четда қолиб кетмоқда.

Яқинда бошқарув компаниялари хизмати учун тарифнинг энг кам миқдори белгиланди. Энди бошқарув ва эксплуатация сифати ҳам шунга яраша бўлиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Бошқарув компаниялари аҳоли ва коммунал ташкилот ўртасида “кўприк” бўлиши кераклиги қайд этилди. Бундан буён қурилганига икки йилдан ошмаган уйларда, яъни кафолат муддатида муаммо чиқса, пудратчи билан бирга уларни бартараф қилишга масъул бўлиши белгиланди.

Кўп қаватли уйлар сейсмо-конструкциясига ноқонуний ўзгартириш киритиш ҳолатлари кузатилаётгани, янги кўп қаватли уйларда бино чўкиши, ундаги ёриқлар, шўрланиш ва сифат бўйича аҳолидан эътирозлар бўлаётгани қайд этилди.

Масъул ташкилотларга уйлар хавфсизлиги ва инфратузилма сифати бўйича пудратчилар мажбурияти бажарилишини қатъий назоратга олиш, конструкцияни ноқонуний ўзгартириш ҳолатларини эрта аниқлаш тизимини жорий қилиш топширилди.

Бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳар бир маҳалладаги ҳақиқий аҳвол ўрганилди, туманлар кесимида дастур ишлаб чиқилди. Тайёргарлик ишларига ўтган йилги 14 триллион сўмга қўшимча яна 14 триллион сўм ажратилиши белгиланди.

Йил бошидан вилоятларда 250 та авариявий ўчиш рўй берган, оқибатда айрим жойлардаги истеъмолчиларга электр барқарор етказилмаган. Шунингдек, баъзи кўп қаватли уйлардаги электр қутилар ва ундаги симлар муддатини ўтаб бўлган.

Мутасаддиларга бу борадаги камчиликларни тўлиқ бартараф этиш топширилди. Ишларни энг оғир маҳаллалардан бошлаб, йил якунигача 30 минг километр тармоқ, 10 мингта трансформаторни яхшилаш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда энергетиканинг ресурс базасини мустаҳкамлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Барча генерация манбалари ҳисобидан жорий йилда 4 гигаваттлик электр станцияларини ишга тушириш режалаштирилган. Бундан ташқари, 850 километр магистрал тармоқ ва 9 та подстанцияни капитал таъмирлаш, 595 километр электр тармоғи ва 4 та янги подстанцияни ишга тушириш режалари белгилаб олинди.

Иссиқлик электр станциялари барқарор ишлаши, аҳоли ва ижтимоий соҳа эҳтиёжлари учун жорий йилда кўмир қазиб чиқариш ҳажмини янада ошириш зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари, мазут ва кўмир икки йилга бож тўловларидан озод қилиниши, кўмир импорти учун уч йил муддатга револьвер кредитлар берилиши белгиланди.

Октябрь-декабрь ойларида истеъмолчиларга 163 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш топширилди. Шунингдек, вилоят ҳокимларига 300 дан зиёд олис маҳалла учун кўмир, суюлтирилган газ ва асосий турдаги озиқ-овқат захирасини яратишга топшириқ берилди.

Куз-қиш мавсумида аҳолини иссиқлик ва ичимлик суви билан кафолатли таъминлаш учун қозонхона ва иссиқлик тармоқларини яхшилаш, сув тармоқлари ва насосларни таъмирлаш вазифалари белгилаб олинди.

Йиғилиш давомида тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!