Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Юртимизда «Қуёшли хонадон» дастури амалга оширилади
20 февраль 2023 г 992 Комментарии: 0
Бугунги кунда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллиги қопланишини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Президентининг «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори Ўзбекистонда «яшил» иқтисодиётга ўтиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллиги қопланишини таъминлаш, бу борадаги ишларни комплекс ташкил этиш ҳамда инвесторлар учун қулай шароитлар ва рағбатлантириш механизмларини жорий қилиш йўлидаги муҳим тарихий ҳужжат, десак муболаға бўлмайди.
Қарорда 2023 йилда умумий қуввати 4 300 МВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларини ишга тушириш орқали қўшимча 5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва бунинг натижасида 4,8 миллиард метр куб табиий газни иқтисод қилиш белгиланмоқда. Ушбу мақсадларга жами 15,4 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни йўналтириш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, 2023 йилда 20 мингта ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида ҳамда кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш, 11 минг нафар тадбиркорнинг бино ва иншоотларида қуёш панеллари ўрнатиш ҳамда кичик фотоэлектр станцияларини барпо этиш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахсларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан озод этилиши бўйича имтиёзлар берилмоқда. Имтиёзлардан яна бири 2023 йил 1 мартдан бошлаб ягона электр энергетика тизимига уланиш учун берилган техник шартларда кўрсатилган қувватдан юқори бўлмаган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини электр тармоқларига улашда қўшимча техник шарт олиш талаб этилмаслигидир.
Қарорда белгиланган муҳим жиҳатлардан яна бири бу 2023 йил 1 апрелдан бошлаб республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича «Қуёшли хонадон» дастури амалга оширилишидир. 2023 йилда 37 минг аҳоли хонадонларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Дастур доирасида жисмоний шахсларга тегишли объектларда ўрнатилган қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига давлат буджетидан 1000 сўмдан субсидия ажратилиши назарда тутилган.
Шу билан бирга, ҳужжатда 2023 йилда фойдаланишга топшириладиган 765 та кўп қаватли уйларни қайта тикланувчи энергия манбалари билан таъминлаш режалаштирилмоқда. 2023 йил 1 майдан бошлаб эса фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби жорий қилинмоқда.
Қарор ижросини ўз вақтида таъминлаш учун мутасадди вазирлик ва идораларнинг бу борадаги вазифалари аниқ қилиб белгилаб берилмоқда.
Шу ўринда юқорида таъкидланган муҳим вазифалар ижроси йўлида мамлакатимизда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилаётганини ҳам қайд этиш лозим. Жумладан, Кармана туманида ишга туширилган лойиҳа қиймати 110 миллион АҚШ доллари, қуввати 100 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси Янги Ўзбекистон энергетика тизимидаги биринчи улкан қадам бўлди. 2022 йилда Нуробод туманида худди шундай қуёш станциянинг ишга туширилди.
Жорий йил якунига кадар Навоий вилоятида 500 МВт бўлган шамол ҳамда Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида умумий қуввати 3 647 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари қурилиши белгиланганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Мазкур ҳужжатнинг амалга оширилиши 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш дастуридаги муҳим стратегик мақсадларга эришиш имконини бериши билан бир қаторда мамлакатимиз аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини қоплашни янада яхшиланишига, минтақада энергетик барқарорликни ҳамда атроф муҳит мусаффолигини таъминлашга хизмат қилади.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!