Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » ЖИСМУ ЖОНИМИЗНИ ТИТРАТГАН ИҚТИБОС
13 июнь 2024 г 532 Комментарии: 0
Жаҳондаги ривожланган давлатлар тараққиёти тарихига назар солсак, уларнинг муваффақияти калити фақат ишбилармонлигу табдиркорликка берилган катта эътибор, демократик ва ҳуқуқий тамойилларнинг устиворлигидагина эмаслигига амин бўлишимиз мумкин.
Тўғри, тараққиётда ушбу тамойилларнинг ўрни ўта муҳим. Бироқ, тараққиётнинг моҳиятини белгилаб берувчи омиллар жуда кўп. Мазкур омиллардан бири - жамиятда кенг жамоатчиликни белгиланган улуғвор мақсад сари етаклашга сафарбар қила оладиган, халқнинг асрлар давомидаги орзу умидлари билан уйғун бўлган, барча ишонч билан интиладиган ғоянинг мавжудлигидир.
Президентимиз томонидан илгари сурилган ва ҳар томонлама илмий- фалсафий асослаб берилган – Янги Ўзбекистон ғояси бугунги кунда халқимизнинг қалбидан чуқур жой олди, умуммиллий ҳаркатга айланди. Мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг қадри бор жамият барпо этишдек улуғвор мақсадга бўлган интилиш, қатъий ишонч ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, иқтисодий жабҳалардаги барча саъй-ҳаракатларда йўлчи юлдуз вазифасини ўтамоқда.
“Ишонч” газетасининг жорий йил 21 май кунги сонида ва интернет сайтларида таниқли жамоат арбоби, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг чуқур таҳлилларга ва бой кузатувларга асосланиб ёзилган “Шавкат Мирзиёев: Мен умримни шу халққа тикканман!” мақоласини мутоалаа қилар эканман, ҳаёлимдан беихтиёр ана шундай фикрлар ўтди.
Мақола муқаддимасида муаллиф ўз таҳлилий фикр ва мулоҳазаларини қоғозга кўчиришга нима ундаганини алоҳида таъкидлаб ўтади:
“Президентнинг яқинда Жиззах вилояти фаоллари билан учрашувдаги маърузасида бир нуқта кўпчиликнинг эътиборини тортди, - деб ёзади муаллиф. - Унда давлатимиз раҳбари шундай деган эди: “Худо менга соғлиқ бериб, умр берса, бизда камбағаллик ва ишсизлик бўлмайди. Нимага десангиз, бунга мен етти йил умримни тикдим. Тизим яратдим, қонун яратдим, дунёни очиб бердим. Халқим яхши яшасин, ниятлари амалга ошсин, болалари бахтли бўлсин, неваралари соғлом туғилсин, мактаби ишласин, йўллари равон бўлсин деб ишга келдим...”
Ёзилган нутқдан ташқарига чиқиб айтилган ушбу мулоҳазалар одамларни фавқулодда сергаклантирди. Эҳтимол, шундандир айни иқтибос матбуот ва ижтимоий тармоқларда кўп “айланди”.
Нега? Чунки бу сўзлар самимий ва чин юракдан айтилган эди...”
Мен ҳам ушбу учрашувда қатнашган бир жиззахлик фаол сифатида Давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзлари ҳар биримизнинг юрак-юрагимизгача етиб борганинини, жисм-у жонимизда ҳаяжонли титроқ уйғотганини тасдиқлайман.
Анжуманда давлатимиз раҳбари, энди яратилган бу тизим ишга тушиши учун қатъий чоралар кўрилишини, одамларни меҳнат қилишга, пул топишга ўргатишга бутун имкониятлар ишга солинишини таъкидлаб ўтди.
Мулоқотдан сўнг таассуротлар оғушида турганимда, анжуман иштирокчиларидан бирининг “Ватанни севишни, халқпарварликни, фидойиликни Президентимиздан ўрганишимиз керак аслида”, деб айтган ҳаяжонли гаплари ҳам ҳамон ёдимда. Бу фикр ўша куни мазкур мулоқотда қатнашган катта-ю кичик барча ҳамюртларимиз ҳаёлидан ўтганига ҳам аминман.
Чунки, сўнгги етти йилдан сал кўпроқ вақт давомида амалга оширилган улкан бунёдкорлик жараёнлари, турли жабҳаларда ҳаётимиздан ўрин олган янгилик ва ўзгаришлар, энг муҳими оддий одамларнинг ҳам кўксига теккан қадр шамоли ушбу мушоҳадаларнинг тамал тошидир.
Бугунги кунда туб ислоҳотлар самараси энг чекка ҳудудларга ҳам етиб борди. Йиллар давомида одамларни ташвишга солиб келган ичимлик суви, электр энергия таъминоти, йўл, тиббий хизмат, таълим ва бошқа соҳаларга қаратилган эътибор аҳоли масканлари, жумалдан, туман марказлари қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди.
Буни халқимиз кўриб, билиб турибди. Шу сабаб, ўзгариш ва бунёдкорлик бугун Жиззахда қаерларда бўй кўрсатди?, деб сўрашса, биринчи навбатда одамларнинг дунёқарашида, тушунчаларида акс этди деган бўлардим. Етти йилда одамлар дунёқарашида етмиш йилда бўлмайдиган ўзгаришлар рўй берди... Бунинг сабаблари, барча эътироф этаётган улкан бунёдкорлик жараёнлари билан бир қаторда, бир қарашда яққол кўзга ташланмайдиган, бироқ турмуш тарзимизнинг ажралмас қисмига айланиб қолган ўзгаришларда ҳам мужассам...
Мен депутат бўлиб сайланган ҳудудда ҳам ҳаётнинг аччиқ чучгини таътиб кўрган, бугунги дориломон кунларда кексалик гаштини сураётган кўплаб нуронийлар истиқомат қилади. Ҳудудда янги ўзгаришларни бошлар эканмиз, улар билан маслаҳатлашамиз, таклиф ва мулоҳазаларига қулоқ тутамиз.
Шу ўринда, сайловчилар билан бўлган учрашувда оқсоқоллардан бири: - Одамларимиз роса эркатой бўлиб кетди. Кунда бўлмасаям кунора эшигимни биров тақиллатиб йўқлаб келади. Бир қарасанг, секторданмиз дейишади, бир қарасанг, ҳоким ёрдамчисиман дейди. Бир қарасанг партияданман дейди. Ҳатто банкдан ҳам келишибди. Бари хушмуомала, “Оқсоқол нима ёрдам керак? Нима муаммо қийнаяпти? Невараларингизни тадбиркорликка йўналтирайлик, маблағ берайлик”, дейишади барака топгурлар. Шундай кезлар, бир пайтлар, ишинг тушса кичкинагина мутасаддининг эшиги олдида соатлаб сарғайганимиз, шунда ҳам баъзан ишимиз битмай қайтган, гоҳида боламиз тенгли раҳбардан дакки эшитиб, изза бўлган кезларимиз ёдимизга тушади. Ахир яқин яқингача биров оддий одамга бормисан, йўқмисан, ҳолинг қандай демасдида.
Ҳозирчи... Ўзлари ҳолингиз қандай, деб эшигимизни таъқиллатиб туришса... Бу кунларнинг қадрига етайлик. “Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор”, - дейман ҳаммага. Шундай экан биз ҳам баҳоли қудрат эзгу иш қилаётганлар сафдош бўлсак, дейман. Қани эди, ёшлигим қайтиб қолса, ишлаш қандай бўлишини бир кўрсатиб қўярдим”, деб ҳаммани кулдиргани ва “шу халққа қайишган Президентимизга минг раҳмат, дунё тургунча турсин” деб дуо қилгани ёдимга тушди.
Ўйлаб кўрилса, йиллар давомида кўпчилик онгига сингдирилган давлатнинг ҳар нарсадан устуворлиги, одамлар унинг бир муруввати эканлиги ҳақидаги тушунчаларни бартараф этиш учун фақатгина қуруқ гап эмас, амалий ишлар ҳам талаб қилинарди. Қолаверса, ушбу амалий ишлар натижаси ҳар бир маҳаллага, ҳар бир хонадонга кириб бориши зарур эди. Бугун жойларда одамлар билан мулоқотда бўлар эканмиз, ислоҳот самаралари дарҳақиқат ҳар бир инсон турмушида акс этаётганига амин бўлишимиз мумкин. Қудратилла Рафиқов таъкидлаганидек, бу ўзгаришлар ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ. Осмондан ҳам тушгани йўқ.
Яна бир мисол. Яқин-яқингача одамлар учун автомобиль сотиб олиш фаровонликнинг энг юқори белгиси сифатида кўриларди. Бугунчи... Меҳнат қилиб, даромад топаётган оддий аҳоли хонадонларида нафақат юртимизда ишлаб чиқарилган балки хорижда ишлаб чиқарилган машиналарни ҳам кўриш мумкин. Бу ҳам халқимизнинг даромади кўпайганидан далолат, албатта.
Бироқ, ҳар яхшининг бир ёмони бор, деганларидек, афсуски, нима бўлса “давлат бериши керак”, деган боқимандалик тушунчасида юрганлар ҳам йўқ эмас. Давлатимиз раҳбари кўрсатаётган фидойиликдан ўрнак олиш, “Ватан менга нима берди, деб таъма қилмасдан, мен шу Ватан равнақига қандай ҳисса қўшдим”, деган тушунча билан яшаш вақти эса аллақачон келган.
Бу борада маҳаллага катта масъулият юкланган. Маълумки, маҳалла одамнинг кимлигини белгилайдиган, қўни-қўшнилар қувончли ва ташвишли дамларда, яхши-ёмон кунларда бир бирларига елкадош, ҳаммаслак, ҳамдард бўладиган маскан. Президентимиз томонидан илгари сурилган ва ҳаётимиздан чуқур ўрин олган халқ билан “маҳаллабай” ва “хонадонбай” мулоқот қилиб, янги иш ўринлари ташкил этиш, жойлардаги муаммоларни ўрганиш ҳамда ҳал этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами билан манзилли иш олиб бориш бўйича жорий қилинган механизм йилдан-йилга такомиллаштирилиб борилмоқда.
Президентимиз иштирок этган ўша анжуманда нуронийларимизнинг “маҳалла еттилиги” таркибига жойлардаги эл-юрт орасида обрў эътибор қозонган фахрийларимизни киритиб “маҳалла саккизлиги”ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари ҳам жуда ўринли назаримда.
Бугун ишлайман деган, даромад топаман деган одам учун маҳаллаларда барча шароитлар яратилмоқда. Биргина жорий йилнинг апрель ойида вилоятимизда 9 та тижорат банки томонидан 2 741 та хонадонга 62,0 млрд сўм кредит ажратилди. Бундан ташқари, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида кредит ва ҳомийлик ҳисобидан аҳоли хонадонларига 112,1 мингта товуқ, 17,6 минг та бедана, 7,8 минг бош қўй ва эчки, 1 443 бош қорамол, 1 523 та асалари қутиси етказиб берилди.
Тўғри ечимини кутиб турган муаммолар ҳам талайгина. Уларнинг энг асосийси – аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаларини шакллантиришдан иборатдир. Аҳамиятли томони, бу муаммолар ҳам бир пайтлардагидек, яширилаётгани йўқ. Ошкора айтилмоқда, чора-тадбир изланмоқда. Мисол учун, Жиззах вилоятида жорий йил январь-апрель ойларида 68 минг 180 нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Бу эса аҳолини камбағалликдан чиқаришга ташланган салмоқли қадамлардан биридир.
Асрларга таътигулик сўнгги йиллар ўз тадқиқотчиларини кутаётгани ҳам рост. Баъзан, ўзаро суҳбатларда одамарнинг “Президентимиз жон куйдириб айтаётган ҳамма топшириқлар чекка ҳудудларда тўлиқ амалга ошмаяпти. Ўрта ва кичик бўғин раҳбарлари жон куйдитриб ишламаяпти. Президентимизнинг барча айтганларини амалга оширсак, юртимиз жаннатмонанд гўшага айланиб кетади”, деган гаплар эшитиб қоламиз. Қўлимизни кўксимизга қўйиб айтайлик, одамларнинг бу гапида жон бор. Жойлардаги айрим ўрта ва қуйи бўғин раҳбарларида фидойилик, жонбозлик етишмаяпти.
Хабарингиз бор, жорий йил май ойининг бошида пойтахтимизда Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Қирғизистон бош вазири Ақилбек Жапаровнинг: “Бир пайтлар биз Сигапурга ўхшашни орзу қилиб, Жаноб Ли Куан Ю китобларини ўқиган бўлсак, бугун ҳурматли Шавкат Мирзиёев чиқишларини, Ўзбекистон ҳукумати амалга ошираётган ишларни диққат билан кузатмоқдамиз. Бу анжуманга ҳам 100 нафардан ортиқ делегация аъзолари билан келдик. Мақсадимиз – Ўзбекистонни Марказий Осиёда етакчи ўринга олиб чиққан томонарини ўрганиш”, - деган гапларини кўпчилик олқишлар билан кутиб олди.
Анжуманнинг яна бир меҳмони, Хитой ижтимоий таъминот давлат вазири маслаҳатчиси Енг Лиу Янг эса “Мамлакатингизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш, республикани иқтисодий, ижтимоий ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Бу жараёнга нафақат давлат, ҳукумат аъзолари, балки оддий халқ ҳам иштиёқ билан киришганига гувоҳ бўлдик”, - деб таъкилади.
Юқори мартабали меҳмонларнинг бу сўзлари мулозамат эмас, албатта. Бу сўзлар сўнгги йилларда юртимизда кечаётган туб ислоҳотлар самарасининг эътирофи. Форум доирасида бундай эътирофларни кўплаб хорижий меҳмонлар такрорлашди. Бу эътирофлар замирида – Янги Ўзбекистон ғояси меъмори – Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида халқимизнинг ишонч ва қатъият билан амалга ошираётган улкан саъй-ҳаракатлари ётибди.
Қўлга киритилган бу ютуқ ва муваффақиятларнинг бардавом бўлиши эса сиз-у бизга, Ватан тақдирига, халқимиз келажагига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимизга боғлиқ. Шундай эмасми, азизлар!
Эркин ХОЛМАТОВ
O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги
O’zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!