Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН КОНСТИТУЦИЯСИ – МЕНИНГ КОНСТИТУЦИЯМ”
29 июнь 2022 г 1 900 Комментарии: 0
Бугунги кунда янгиланиб бораётган мамлакатимизга ҳамоҳанг тарзда Бош қомусимизга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотлар замирида ҳам “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни рўёбга чиқариш мақсад қилинган.
Жорий йилнинг 20 июнь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Республика Конституциявий комиссияси аъзолари билан учрашиб Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича фуқаролар томонидан билдирилган айрим таклифларга муносабат билдириш билан бир қаторда ўз таклифларини илгари сурдилар.
Учрашувда Юртбошимиз томонидан Конституциямизни такомиллаштириш бўйича мамлакатимиз келажаги ва тараққиётига бефарқ бўлмаган фуқаролар томонидан бугунги кунга қадар 48 минг 492 та таклиф келиб тушгани, ушбу таклифларнинг 70 фоизини ёшлар томонидан келиб тушганлиги алоҳида эътироф этилиб, конституциявий ислоҳотлар муҳим ҳаётий зарурат эканлиги таъкидланди.
Бундан ташқари Юртбошимиз томонидан янгиланган Конституцияда мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозимлиги эътироф этилди. Шу билан биргаликда, “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарурлиги, яъни, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши таъкидланди.
Ҳақиқатдан ҳам, қилиниши лозим бўлган вазифалар қайси соҳа ва тармоққа тегишли бўлмасин, уларнинг барчасини замирида, энг аввало, инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилиниши ва тўлиқ таъминланиши янгиланаётган конституцияда ўз аксини топмоғи лозим.
Йиғилишда мухтарам Президентимиз томонидан кенг жамоатчиликнинг хоҳиш ва истакларидан келиб чиқиб, Конституцияни такомиллаштириш бўйича 4 та устувор йўналишга эътибор қаратилди. Бу йўналишларда билдирилган таклифларнинг муҳим жиҳатларига тўхталар экан, энг муҳим ташаббуслардан бири – халқаро ҳуқуқ нормаларига муносиб бўлган ўлим жазосининг тақиқланиши ҳақидаги таклифни алоҳида эътиборга молик эканлиги қайд этиб ўтилди.
Шунингдек, фуқароларнинг мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи, мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланиши лозимлиги, қолаверса, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва унинг кафолатлари Конституция даражасида мустаҳкамланиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Таъкидлаш жоизки, учрашувда кўтарилган барча масалалар, шу жумладан, таълим-тарбия, илм-фан, тиббиёт, ижтимоий давлат ва сиёсат масалалари жуда ҳам чуқур ва теран ўрганилганлиги боис, Давлатимиз раҳбари томонидан берилган таклифлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Президентимизнинг ҳамжиҳатлик ва бирдамлик ҳақида билдирган фикрлари 130 дан ортиқ миллат вакиллари яшайдиган Ўзбекистон учун жуда муҳим ва бу даъватлар биз учун чақириқ бўлиб қолади. Биз мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун ҳар доим давлат раҳбарига камарбаста бўлиб, бир мақсад – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида бирлашамиз.
Хулоса ўрнида айтганда, учрашувда янграган фикрлар, давлат ва фуқаро ўртасидаги демократик, марказида инсон ҳуқуқ ва манфаатлари турадиган фундаментал муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича илгари сурилган таклиф ҳамда ғоялар ҳали кўп ўрганилади, халқимиз, кенг жамоатчилик ва етук мутахассислар томонидан хулосалар билдирилади, албатта.
Зеро, конституциявий ислоҳотлар натижасида ҳар бир ватандошимиз “Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям” деб юксак ғурур ва ифтихор билан айта олиши жуда муҳим.
Умида БЎРАНОВА,
Ҳалқ депутатлари Фориш туман Кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!