» » Мамлакатимизнинг қайси ҳудудларида иқтисодий ўсиш кузатилди?

Мамлакатимизнинг қайси ҳудудларида иқтисодий ўсиш кузатилди?

20 июнь 2024 г 430 Комментарии: 0

Мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланиши ялпи ички маҳсулотнинг барқарор ўсиши билан тавсифланади. Шу сабабли, яқинда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан олиб борилган таҳлил натижаларида 2017-2023 йилларда ЯИМнинг йилига ўртача 5,4 фоиз ўсишига асосан хизмат кўрсатиш ва саноат тармоқлари салмоқли ҳисса қўшгани қайд этилган.

Иқтисодий фаоллик барометрига кўра, мамлакатимизнинг 6 та ҳудуди, яъни Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах, Хоразм, Андижон, Тошкент вилоятлари изчил ривожланаётган ҳудудлардир.

МҲТИ етакчи мутахассиси Мирзабек Жамоловнинг қайд этишича, бу даврда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида иқтисодий фаоллик асосан саноат, қурилиш, хизматлар, инвестицияларни жалб қилиш каби соҳалардаги ўсиш ҳамда фаолият кўрсатаётган кичик бизнес субъектлари сонининг ортиши кузатилган. Бунинг натижасида мазкур ҳудудларнинг ЯИМдаги мавқеи мустаҳкамланган. Яъни, ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ЯИМдаги улуши 2017 йилдаги 25 фоиздан 2023 йилда 27,2 фоизга ошган.

– Ривожланиш даражаси нисбатан паст бўлган Жиззах ва Хоразм вилоятларида эса саноат, қурилиш ва хизматлар, инвестицияларни жалб қилиш, товар ва хизматлар экспорти, рўйхатга олинган ва янги ташкил этилган кичик бизнес субъектларининг ортиши иқтисодий тараққиётда асосий омил бўлди. Натижада ушбу ҳудудларда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ кўрсаткичининг ЯИМ кўрсаткичига бироз яқинлашиши кузатилди. Масалан, ЯИМ ва Жиззах вилоятида аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ ўртасидаги фарқ 2017 йилдаги 1,8 баробардан 2023 йилда 1,3 баробарга камайди, – деди М.Жамолов.

Ҳудудларнинг иқтисодий фаоллигини таъминлашда ишбилармонлик муҳити ва тадбиркорлик фаолиятини яхшилаш масалаларини ҳал этиш давр талабига айланиб бормоқда.

Илмий муассаса таҳлилчисининг таъкидлашича, «Ўзбекистон-2030» стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ҳудудларнинг иқтисодий ўсишида муҳим ҳисобланади. Унда «драйвер» тармоқларни ривожлантириш ва ҳудудлар салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, 2030 йилга бориб, иқтисодиёт ҳажмини 2 баробар ошириш ва «даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар» қаторига кириш режалаштирилган. Бу борада кўриладиган чора-тадбирлар ЯҲМнинг ўсишини таъминлашга хизмат қилади.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!