Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилоятда ЯҲМ таркибида саноат тармоғининг улуши ортган
13 март 2023 г 590 Комментарии: 0
ПМТИ экспертлари таҳлили ушбу даврда мамлакат саноати жадал ривожланганини кўрсатди. 2017-2022 йилларда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 134,2 фоизга ўсган. Бу ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши (129,5 фоиз) га қараганда юқорироқ.
Андижон, Наманган, Хоразм, Жиззах, Тошкент, Самарқанд, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, инвестиция ва тадбиркорлар фаолиятини рағбатлантириш ҳисобига саноат тармоғида ҳудудлар кесимида юқори ўсишга (1,4-1,9 баравар) эришилди.
Маҳаллий ресурслар ва ҳудудлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқаришнинг замонавий шакллари кенг жорий этилди. Натижада 2022 йилга келиб, мамлакатимиз саноат ишлаб чиқаришда 2017-2022 йилларда ташкил этилган 20 та эркин иқтисодий зонанинг улуши 4,9 фоизга, 506 та кластернинг улуши 5,2 фоизга, 317 та кичик саноат зонасининг улуши 1,2 фоизга етди.
Хўш, ҳудудлар саноатини трансформация ва диверсификация қилиш борасида эришилган натижалари қандай?
Мамлакатнинг 10 та вилояти (Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари)да ЯҲМ таркибида саноат тармоғининг улуши ортди.
Аксарият ҳудудлар (Андижон, Жиззах, Хоразм, Фарғона, Қашқадарё, Наманган, Сирдарё вилоятлари) даги қайта ишлаш саноатида ўрта-юқори технологияли ишлаб чиқаришнинг ҳиссаси ошди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган ва Самарқанд вилоятларида ишлаб чиқариш саноати таркиби янада диверсификациялашди.
Саноатнинг ривожланиш даражаси паст бўлган Бухоро, Жиззах, Наманган, Хоразм вилоятларида аҳоли жон бошига саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми республика миқёсидаги параметрга яқинлашиб, ҳудудлараро номутаносибликлар қисқарди.
Умуман олганда, 2017-2022 йилларда мамлакатимизда амалга оширилган самарали ислоҳотлар натижасида ҳудудларнинг саноат салоҳияти ва рақобатбардошлиги ошди. Хулоса сифатида айтиш мумкинки, келгусида ҳудудлар саноатини ривожлантириш истиқболи сифат ўзгаришини таъминлашдан иборат бўлиши лозим.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!