Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Юқори ишбилармонлик қайси ҳудудларда кузатилгани очиқланди
17 январь 2023 г 617 Комментарии: 0
Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, йил давомида республика солиқ тушумлари ҳажми 16,0 фоизга ошган. Жумладан, Жиззах (34,3 фоиз), Самарқанд (34,0 фоиз), Фарғона (33,4 фоиз), Сирдарё (30,9 фоиз), Бухоро (30,8 фоиз) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикасида (33,2) ва Тошкент шаҳрида (38,1 фоиз) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди.
Марказ таҳлиларига кўра, 2022 йилда солиқ тушумларининг ўсишига: электрон ҳисоб-фактура, онлайн касса, “Cashback”, “E-ijara”, “Солиқчи кўмакчи”, “tax.gap” каби янги рақамли воситаларни, товарларни рақамли маркалаш, миллий каталог (tasnif.soliq.uz) ва бошқалар жорий этиш ҳисобига эришилди.
Манбалар бўйича айланма солиғи тушумлари 152 фоизга, ҚҚС 128 фоизга, даромад солиғи тушумлари 157 фоизга ошгани жорий йил охиригача ушбу ўсиш даражасини сақлаб қолиш имконини берди.
Таҳлил қилинаётган даврда божхона тўловлари бўйича тушумлар 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 38,5 фоизга ошди. Божхона тушумларининг энг катта ўсиши Андижон (63,7 фоиз), Жиззах (49,5 фоиз), Сирдарё (44,6 фоиз), Фарғона (42,5 фоиз) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси (39,4 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (41,7 фоиз) кузатилди.
Натижага кўра, соҳани рақамлаштириш йўналишида ҳисобот даврида 7 та ахборот тизими ва 4 та интерактив хизмати амалиётга жорий этилди.
Жумладан, божхона органлари фаолиятида коррупциявий омилларни минималлаштиришга қаратилган “Коррупциявий хавфларни бошқариш” ахборот тизими ҳамда товарларни “чегара - расмийлаштирув постлари” занжири асосида назорат қилишнинг ягона тизимини йўлга қўйишга қаратилган “Божхона ва юк операциялари” ахборот тизими ишга туширилди.
Шунингдек, декларацияловчи шахслар томонидан ҳужжатларни такроран тақдим этиш амалиётини бекор қилиб, ушбу ҳужжатларни электрон жамлашга қаратилган “Е-Архив” ахборот тизими ҳамда экспорт мева-сабзавот маҳсулотлари ортилган автотранспортларни давлат чегарасидан тезкор ўтишини ташкил этишга қаратилган “E-Navbat” интерактив хизмати жорий қилинди.
Юк декларацияларини инсон омилисиз автоматик расмийлаштириш ҳажми 1,4 фоиздан 39 фоизга етказилиб, бу кўрсаткич экспортда 35 фоизни ташкил қилди.
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йил бошидан 31 декабрга қадар товарлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,1 фоизга ошган. Экспортнинг сезиларли ўсиши Сирдарё (42,8 фоиз), Андижон (36,4 фоиз), Самарқанд (23,0 фоиз), Наманган (22,7 фоиз), Қашқадарё (22,3 фоиз) вилоятларида ва Тошкент (47,5фоиз) шаҳрида кузатилди.
Ўзбекистон экспортининг ўсиши саноат, озиқ-овқат, кимёвий моддалар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари ошгани билан изоҳланади.
Экспортнинг камайиши Сурхондарё (-23,3фоиз), Бухоро (-2,1фоиз), Жиззах (-1,1фоиз) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (-13,6фоиз) кузатилди.
Сурхондарё вилоятида экспорт ҳажмининг қисқариши мева-сабзавот маҳсулотлари (ловия, помидор, мош, пиёз) ва ип-калава экспорти, Бухоро вилоятида эса пахта толасининг ички бозорга йўналтирилиши камайиши билан боғлиқ. Жиззах вилоятида ип-калава, Тошкент вилоятида мис, Қорақалпоғистон Республикасида - пластмасса, фармацевтика маҳсулотлари ва ип-калава экспорти қисқарди.
Жорий йилнинг 1 январидан 31 декабригача бўлган даврда тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,3 фоизга ошди.
Кредитлар бериш ҳажми Фарғона (28,7 фоиз), Хоразм (22,2 фоиз), Самарқанд (20,3 фоиз), Тошкент (12,0 фоиз) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси (13,9 фоиз) ва Тошкент (14,6 фоиз) шаҳрида сезиларли даражада ошгани қайд этилди.
Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржасида амалга оширилган битимлар ҳажми 35,7 фоизга ўсди. Биржа фаолиятининг сезиларли ўсиши Хоразм (52,1 фоиз), Самарқанд (46,9 фоиз), Навоий (46,7 фоиз), Жиззах (37,9 фоиз) вилоятларида ва Тошкент (41,6 фоиз) шаҳрида кузатилди.
Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажмининг ўсиши минерал ўғитлар, техник чигит, автомобиль бензини, дизел ёқилғиси, қурилиш ва хўжалик материаллари, ўсимлик ёғи, буғдой уни, буғдой, шакар, пахта толаси, қора ва рангли металлар, полиэтилен, полипропилен, этил спирти ва бошқа маҳсулотлар савдосининг кўпайиши ҳисобидан эришилган.
Таҳлил қилинаётган даврда 87 613 та янги хўжалик юритувчи субъектлар ташкил этилиб, уларнинг энг кўпи Самарқанд (9 724), Фарғона (8 664), Қашқадарё (8 150), Тошкент (6 771), Хоразм (5 439) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (15 441) рўйхатга олинган.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!