» » Журналистлар Зоминдаги “Адлия куни”да нималарнинг гувоҳи бўлишди

Журналистлар Зоминдаги “Адлия куни”да нималарнинг гувоҳи бўлишди

15 июль 2024 г 347 Комментарии: 0

Зомин тумани адлия бўлими фаолияти билан танишиш ва “Адлия куни” лойиҳасини ўтказиш бўйича пресс тур ташкил этилди. 

“Фуқаро – маҳалла – адлия” тизимининг Жиззахдаги ижроси қандай?
Адлия вазирлиги ташаббуси билан Жиззах вилоятидаги оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган пресс-турда Президент фармони билан адлия органларига юклатилган янги вазифалар,аҳоли муаммолари билан ишлаш борасидаги фаолиятини ўрганиш орқали шу саволга жавоб изланди.

Дастлаб журналист ва блогерлар Зомин туман адлия бўлими фаолияти билан танишдилар. Адлия бўлими, ФҲДЁ, Давлат хизматлари маркази, Юридик марказ томонидан фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга кўрсатилаётган давлат хизматлари тўғрисида маълумот берилди. Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Зомин туманида Давлат хизматлари марказининг барча қулайликларга эга бўлган янги биноси фойдаланишга топширилган ва бу бинода ДХМ, Халқ қабулхонаси ҳамда Адлия бўлими фаолият юритмоқда.

Президентнинг 2024 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармонига биноан, Адлия бўлимларига 6 та янги вазифа юклатилди:

– аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш учун ҳар ойда маҳаллаларда “Адлия куни” тадбирларини ўтказиш (бунда олис ҳудудлардаги маҳаллаларда ҳар ойда камида икки маротаба сайёр давлат хизматларини кўрсатиб борилади);

уйма-уй юриш ва “Ҳуқуқий кўмак” акцияларини ўтказиш орқали фуқароларнинг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий муаммоларни бартараф этиш бўйича қонунчиликка таклифлар ишлаб чиқиш;

– “Online-mahalla” платформаси орқали ҳуқуқий масалаларга оид муаммоларни ҳал этиб бориш;

– аҳолига бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш ва уларга ҳуқуқий тушунтиришлар бериш;

– ёшлар, аёллар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ҳақида хабардор қилиш; 

– туман (шаҳар) ташкилотлари ҳамда маҳалла идораларига ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича методик ёрдам кўрсатиб бориш.

Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Зомин туманидаги “Мустақиллик” МФЙ биносида “Адлия куни” тадбири ташкил этилди. Тадбирда адлия мутахассислари томонидан фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, шу ернинг ўзида сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.

Ушбу бинода бугунги кунда аҳоли вакиллари фойдаланиши учун вилоят адлия бошқармаси томонидан кутубхона ҳам ташкил этилиб, китоб фонди бойитиб борилмоқда. Ушбу китоб заҳираси адлия ходимлари томонидан ўқилган ва бугунги кунда фойдаланилмай турилган турли ёшдаги инсонлар учун мўлжалланган адабиётлардан шаклланган.

Сўнгги йилларда Зомин туманида катта кўламдаги ўзгаришлар, қурилиш объектлари кўпайиб, дам олиш зоналарини яна ҳам такомиллаштириш борасида ишлар олиб борилмоқда. Пресс тур иштирокчилари шу куни Суффа рекреацион зонасидаги объектлар билан ҳам танишдилар. Жумладан, Зомин осма дор йўли, осма кўприк ва шу ҳудудда жойлашган ФҲДЁ биноси билан танишилиб, никоҳни қайд этиш маросимини ўтказиш жараёнига гувоҳ бўлишди.

Шу куни 2 нафар ёшлар Нуриддинжон Очилов ва Машҳурабону Очилованинг никоҳи тантанали равишда ўтказилди. Бугунги кунда ушбу рекреацион ҳудудда никоҳ маросимларини шу тарзда тантанали тарзда ўтказиш урфга кириб бормоқда. Бу мустақил ҳаётга биргаликда қадам қўяётган ёшлар хотираси бир умрга унутилмас онлар сифатида муҳрланиб қолишига шубҳа йўқ.  

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!